Исроил-ҲАМАС урушининг учинчи куни. Асосий маълумотлар
ЦАҲАЛ Ғазо сектори бўйлаб зарбаларни давом эттирмоқда, ҲАМАС яна Ашкелонга ҳужум уюштирди.
Исроилда ҲАМАС аъзоларининг 7 октябр куни тонгдаги ҳужуми билан бошланган ҳарбий ҳаракатлар учинчи кунда ҳам давом этди. The Times of Israel Исроил мудофаа армиясига асосланиб хабар беришича, Ғазо сектори билан чегара ҳудудидаги камида олтита шаҳар ва кибуцада (коммуна) жанглар давом этган. Хусусан, Беэри, Кфар-Азе, Нириме, Алумиме ва Сдерот ҳудудида қуролли тўқнашувлар тўхтамаган. Ҳарбийларнинг аниқлик киритишича, бу тўқнашувларда мамлакат ҳудудига 7 октябр тонгида кирганлар ҳам, чегарани кейинги кунларда кесиб ўтганлар ҳам бор. ЦАҲАЛ баҳоларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён юзлаб фаластинлик жангчилар ўлдирилган, жумладан, Ғазо секторининг ўзида 400 дан ортиқ.
Куннинг иккинчи ярмига келиб мамлакат ҳудудлари бўйлаб назорат тўлиқ тиклангани маълум қилинди. «Исроил армияси ҲАМАС эгаллаб олган барча ҳудудларни ўз назоратига қайтарди», деган армия расмий вакили, контр-адмирал Даниэл Ҳагари. Унинг сўзларига кўра, айни вақтда бирорта шаҳар ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар кетаётгани йўқ, фақат чегара ҳудудларида кичик тўқнашувлар учраб турибди.
Исроил мудофаа армияси 9 октябрга ўтар кечаси ҳам Ғазо сектори бўйлаб зарба беришда давом этди — ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» гуруҳларининг 500 дан ортиқ объектлари, жумладан, саккизта қўмондонлик пункти нишонга олинган, деб хабар берган исроиллик ҳарбийлар. Шунингдек, Даниэл Ҳагари исроиллик ҳарбийлар ҲАМАСнинг юқори мартабали аъзосини асирга олишга муваффақ бўлганини хабар қилди, тафсилотлар келтирилмаган.
ҲАМАС аъзолари эса Ашкелонга ёппасига ракета зарбаси берилганини маълум қилди. CNN маълумотига кўра, ҲАМАСдагилар Ашкелон бўйлаб 100 га яқин ракета учирилганини айтишган. Haaretz нашри ёзишича, ҳужум оқибатида уч қаватли бино шикастланган. Жабрланганлар бор, жумладан саккиз ёшли бола. Бунгача фаластинликлар Тел-Авивдаги Бен-Гурион аэропорти йўналиши бўйлаб ракета учирганди.
Исроил армияси 48 соат ичида «Темир қилич» амалиёти учун 300 минг нафар захирадаги ҳарбийларни сафарбар қилишга улгурган. Бу мамлакат қуролли кучлари тарихидаги энг йирик қўшин тўпланиши бўлмоқда. Haaretz газетаси ёзишича, халқаро авиакомпаниялар Исроилга рейсларни тўхтатгани боис, хорижда бўлиб турган кўплаб захирадаги ҳарбийлар ватанга қайтиш мақсадида чартер рейслар ташкил қилиш учун WhatsApp мессенжерида гуруҳлар очишган, бошқалар эса ўзларига яқин орадаги мунтазам рейслардан жой топиш учун Исроилнинг El Al авиакомпанияси билан музокаралар олиб бормоқда.
Исроил 48 соат ичида Ғазо секторида қуруқлик амалиёти бошлаши мумкин, деб ёзмоқда The Washington Post америкалик мулозимларга таянган ҳолда. Нашр манбаларига кўра, Исроил АҚШдан ракеталар, бомбалар, шунингдек, Ливан ҳамда ушбу ҳудудда ҳаракат қилувчи «Ҳизбуллоҳ» ҳамда бошқа гуруҳлар бўйича разведка маълумотлари бўйича ёрдам сўраган. Исроил армияси вакиллари ҳарбий амалиёт «ҲАМАСни буткул йўқ қилиш» фазасига ўтгани ҳақида маълум қилган. Исроил мудофаа вазири Ғазо секторини тўлиқ қамал қилишга буюрган. «Электр ҳам, озиқ-овқат ҳам, ёнилғи ҳам бўлмайди, барчаси ёпилади», – деган Йоав Галлант.
9 октябр тонгида берилган маълумотларга кўра, Исроилда ҳалок бўлганлар сони 700 дан ошган, 2382 киши жабрланган. Бир кун олдин Исроил жанубидаги Ғазо билан чегарага яқин жойлашган Реим коммунаси ҳудудида мусиқа фестивалига қилинган ҳужум оқибатида ҳалок бўлган 260 кишининг жасади топилган. Айни вақтда Реимда ҳалок бўлганлар ҳам умумий статистикага қўшилгани аниқ эмас. Бу вақтда Al-Jazeera телеканали Фаластин соғлиқни сақлаш органлари вакилларига таяниб, Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён ҳалок бўлганлар сони 493 кишига етгани, яна 2750 фаластинлик яралангани ҳақида хабар берган.
Қурбонлар орасида бошқа давлатлар фуқаролари ҳам бор. Хусусан, ҲАМАС ҳужуми оқибатида Таиланднинг 12 фуқароси ҳалок бўлган, 8 нафари яраланган, 11 нафари гаровга олинган. Франция ТИВ ҳужум вақтида Исроилда бўлган етти нафар фуқароси бедарак йўқолгани ҳақида хабар берган. Шунингдек, Америка фуқаролари ўлдирилгани ва бедарак кетгани ҳақида хабарлар бор.
Фаластинликлар 130 дан ортиқ кишини гаровга олгани ҳақида маълум қилган. 8 октябр куни кечқурун ҲАМАС вакили Мусо Абу Марзуқ унинг гуруҳи Исроилга ҳужум чоғида 100 дан ортиқ кишини асир олгани ҳақида хабар берганди. Фаластиндаги «Ислом жиҳоди» гуруҳи раҳбари Зиёд ал-Нахала эса унинг жангчилари 30 га яқин исроилликни қўлга олгани ҳақида айтган. У шунингдек гаровдагилар орасида бошқа мамлакатлар фуқаролари ҳам бўлиши мумкинлиги, улар Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбуслар қўйиб юборилганидан кейингина юртига қайтиши мумкинлигини билдирган.
Жо Байден 8 октябр куни кечқурун Исроилга қўшимча ҳарбий ёрдам ажратишга буйруқ берди. Бундан ташқари, АҚШ Исроил чегаралари яқинига «Жералд Форд» авиаташувчиси ва реактив қирувчи самолётларнинг бир неча эскадрилиясини юборишга қарор қилган. Бу Исроилни қўллаб-қувватлаш намойиши бўлиши керак, дея ёзган The Wall Street Journal.
8 октябр куни БМТ Хавфсизлик кенгаши ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми юзасидан фавқулодда йиғилиш ўтказди. ХКнинг ёпиқ йиғилиши якунларига кўра ҳеч қандай баёнот қабул қилинмаган, чунки барча аъзолар ҳам ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қораламаган, деб ёзади CNN.
Мавзуга оид
17:46 / 10.11.2024
Қатар Исроил ва Ҳамас ўртасидаги воситачиликни тўхтатди
10:45 / 09.11.2024
Ливан: Исроилнинг UNIFIL ва Ливан армияси ҳарбийларига ҳужумлари уруш жиноятлари ҳисобланади
17:40 / 08.11.2024
«Маккаби» мухлислари Амстердамда Фаластин байроғини ёқиб, тартибсизлик келтириб чиқаришди ва сўнг таксичилар тақибига учрашди
17:32 / 08.11.2024