Спорт | 15:31 / 10.10.2023
16802
2 дақиқада ўқилади

«Тўғри лаҳзада «тўхта» дея олишингиз керак» — Азар 32 ёшида фаолиятини якунлаганини эълон қилди

Эден Азар 32 ёшида футболчилик фаолиятини якунлади.

Фото: Getty images

«Ўзингизни тинглашингиз ва тўғри лаҳзада «тўхта» дейишингиз керак. 16 йил ва 700дан ортиқ ўйин ўтказганимдан сўнг, профессионал футболчи сифатидаги фаолиятимни якунлашга қарор қилдим.

Орзумни амалга оширишга муваффақ бўлдим, дунё бўйлаб кўплаб жойларда ўйнадим ва завқландим. Фаолиятим давомида ажойиб мураббийлар ва жамоадошлар билан учрашиш бахтига муяссар бўлдим – бу унутилмас дамлар учун барчангизга раҳмат, ҳаммангизни соғинаман.

Шунингдек, ўзим тўп тепган клублар – «Лилль», «Челси» ва «Реал»га миннатдорчилик билдираман ҳамда Бельгия футбол федерациясига мени миллий жамоага чақиргани учун ташаккур айтаман.

Оиламга, дўстларимга, маслаҳатчиларимга, яхши-ёмон кунларимда ёнимда бўлган одамларга алоҳида раҳмат. Шу йиллар давомида мени кузатиб келган мухлисларимга қаерда ўйнасам ҳам қўллаб-қувватлаганингиз учун катта раҳмат.

Энди яқинлар билан мулоқот қилиш ва янги тажриба орттириш вақти келди. Тез орада майдондан ташқарида кўришгунча, дўстларим», — деб ёзди Азар.

Эден профессионал фаолиятини 2007 йилда «Лилл»да бошлаган, 2012 йилда эса «Челси»га ўтган. Унинг сўнгги клуби «Реал» бўлиб, бельгиялик футболчи Мадридда 2019 йилдан 2023 йилгача ўйнаган.

Азар фаолияти давомида 15та соврин ютган. Икки мартадан Англия ва Испания чемпиони бўлган, Франция чемпионатида бир бор зафар қучган, Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан ва икки марта Европа Лигасида чемпионга айланган. 

Собиқ яримҳимоячи Бельгия миллий жамоаси сафида 126 та ўйин ўтказган ва ЖЧ-2018да бронза медали совриндорига айланган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид