Ўзбекистон | 11:25 / 11.10.2023
16105
2 дақиқада ўқилади

Андижон давлат университетида қарийб 40 млрд сўм талон-торож қилинган

АДУда 8 минг 761 нафар талабага 25,1 млрд сўм ортиқча стипендия ҳисобланиб, тўлов қайдномалари сохталаштирилган. Талабалар томонидан тўланган 9,3 млрд сўм тўлов-контракт суммалари университет ҳисобрақамига кирим қилинмаган. Аввалроқ, мазкур университет жорий йилнинг биринчи ярмини 7 млрд 399 млн сўм зарар билан якунлагани хабар қилинганди.  

Фото: mentalaba.uz

Андижон давлат университетида 39,3 млрд сўм нақд пул маблағлари талон-торож қилинган. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси ахборот хизмати хабар берди.

Хусусан:

  • контракт маблағлари ҳисобидан стипендиясиз шаклда таҳсил олган 8 761 нафар талабага 25,1 млрд сўм ортиқча стипендия ҳисобланиб, тўлов қайдномалари сохталаштирилган;
  • талабалар томонидан тўланган 9,3 млрд сўм тўлов-контракт суммалари университет ҳисоб рақамига кирим қилинмаган;
  • талабаларга ҳисобланган 2,7 млрд сўм рағбатлантириш маблағлари тарқатилмасдан, уларнинг имзолари сохталаштирилган;
  • бюджет маблағлари ҳисобидан 2 226 нафар талабага битта давр учун икки мартадан 1,1 млрд сўм ортиқча ҳисобланган стипендия ўзлаштирилган;
  • талабалар ётоқхона ижарасидан тушган 911,8 млн сўмлик нақд пуллар университет ҳисобрақамига кирим қилинмасдан ноқонуний ўзлаштирилган.

Бундан ташқари, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид равишда университетга хизмат уйи харид қилиш учун жисмоний шахс билан 2,5 млрд сўмлик тўғридан тўғри шартнома тузилиб, шундан 300 млн сўми нотўғри ўтказилган.

Аниқланган ноқонуний ўзлаштирилган маблағлардан 5,1 млрд сўми ундирилиши таъминланган. Текшириш якуни билан расмийлаштирилган ҳужжатлар тўплами ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Аввалроқ, 2023 йилнинг биринчи ярмини Андижон давлат университети 7 млрд 399 млн сўм зарар билан якунлагани хабар қилинганди.

Мавзуга оид