Ўзбекистон | 16:07 / 11.10.2023
26439
2 дақиқада ўқилади

Давлат ва жамоат арбоби Назир Ражабов вафот этди

У ўз вақтида Ўзбекистон ССР қурилиш вазири бўлган, ўтган асрнинг 80-йилларида Наманган ва Самарқанд вилоятларига раҳбарлик қилган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Таниқли давлат ва жамоат арбоби Назир Ражабов 84 ёшида оламдан ўтди. Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу муносабат билан таъзиянома эълон қилди.

Назир Ражабов 1939 йилда Бухоро вилоятида туғилган. Ўрта Осиё политехника институтини муҳандис-механик мутахассислиги бўйича тамомлаган. Сўнг турли йилларда турли соҳаларда раҳбарлик лавозимларида ишлаган, 1975–1977 йилларда Ўзбекистон Компартияси Бухоро вилоят қўмитаси – вилоят қўмитаси котиби бўлган, 1978–1984 йиллдарда қурилиш вазирлигини бошқарган.

1984–1987 йилларда Наманган вилоятини, 1987–1988 йилларда эса Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилган.

1988 йил октябрида, «пахта иши» авж олган даврда лавозимидан озод этилиб, ҳибсга олинган ва 9 ойни қамоқда ўтказган. Тергов жараёнида унга қўйилган айбловлар тасдиқланмаган ва жиноят иши тугатилган.

«Шу даврларда ҳар икки вилоятда ҳам кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, ижтимоий-иқтисодий йўналишларда катта ютуқларга эришилди.

Халқимизда дунё яхши инсонларга суянади, деган гап бор. Аммо бу яхшилар орасида ҳам Худо назар қилганлари, иқтидорли ва ноёб заковат эгалари мавжуд. Қирқ беш ёшидаёқ вилоятнинг биринчи раҳбари, мамлакат ва республика давлат мукофоти соҳиби бўлган Назир Ражабов ана шундай мўъжизавий хислатли инсонлардан бири эди.

Наманганликлар қалбида Назир Ражабовнинг ёрқин хотираси абадий сақланади», дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

  • Жорий йил октябр ойи бошида ҳам Наманган вилоятини 1996–2004 йилларда бошқарган Тўлқин Жабборов 73 ёшида вафот этгани хабар қилинганди.