Жаҳон | 18:56 / 11.10.2023
25357
6 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Ғазо секторидаги қуруқлик амалиёти қандай кечиши мумкин? Ва ҲАМАС бунга қарши нима таклиф қилади?

The Guardian Яқин Шарқдаги урушнинг янги босқичидаги эҳтимолий сценарийни тасвирлади.

Фото: Ahmed Zakot / SOPA Images / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Британиянинг The Guardian газетаси Исроил мудофаа армиясининг Ғазо секторида ҲАМАС ҳужумига жавобан бошлаши кутилаётган қуруқлик амалиётининг эҳтимолий сценарийси ҳақида ҳикоя қилди. Мақола нашрнинг Қуддусдаги собиқ мухбири, кўплаб ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида, жумладан, Яқин Шарқ, Болқон, Африка ва Украинада ишлаган журналист Питер Бомонт муаллифлигида чоп этилган. «Медуза» ушбу материалнинг асосий жойларини келтирди.

Ўтмишдаги можаролар қандай ривожланган?

Исроил ҳарбийлари ва ҲАМАС ҳаракати аъзолари ўртасида Ғазо секторидаги жанг, қоидага кўра, шундай схемада давом этади: қуруқликдан бостириб киришдан олдин ҳужум йўналишлари бўйлаб чегара ҳудудларига кучли зарбалар йўлланади.

Исроил армияси ҲАМАСнинг ҳарбий инфратузилмасига, жумладан, ҳукумат бинолари, полиция бўлимлари, ўқув-машғулот марказлари ва гуруҳнинг юқори мартабали аъзоларининг уйларига зарбалар бериш учун авиациядан ҳам, артиллериядан ҳам фаол фойдаланади. 

Исроил армия сони, қуроллар ва технологиялар бобида сезиларли устунликка эга эканига қарамай, фаластинликлар йиллар мобайнида Ғазонинг шаҳарлардаги зич жойлашган бинолари муҳитида жанг қилиш ҳадисини олишган.

Географик жойлашув ҳарбий ҳаракатларга қандай таъсир кўрсатади?

Ғазо сектори географияси исроилликларнинг амалиёти имкониятларини чеклайди, шунинг учун Исроил мудофаа армияси кўпинча бир хил ҳужум йўлларидан фойдаланади.

Улар:

  • Ғазо сектори шимолий қисмидаги «Эрез» назорат-ўтказиш пункти яқинидаги қишлоқ ҳудудлар;
  • сектор марказидаги Бурейж қочқинлар лагери атрофидаги ҳудуд; 
  • жанубдаги Хан-Юнис шаҳридан шарқдаги ҳудуд, бу ерда танклар ва зирҳли техникалар ҳаракатланиши ҳамда ўт очиш позицияларини эгаллаши осонроқ;
  • сектор жанубидаги Рафаҳ шаҳри ёнидаги Филаделфия коридори ҳудуди.

Ўтмишда Исроил Ғазо шаҳрини шимол ва жанубдаги аҳоли яшаш манзилларидан узиб қўйиш учун секторнинг марказий қисмидаги позицияларни эгаллаган. Фаластинликлар бу маршрутларни жуда яхши билишади ва кўпинча биринчи мудофаа чизиқларини шу ерларга жойлаштиришади. Бу ҳудудлар яқин ўтмишда оғир жанглар майдони бўлган.

ЦАҲАЛ ҳарбийлари Ғазога шимолдан кириб келишида ҳам мураккабликлар бор, бу йўналишдаги дастлабки қишлоқ жойлар ўрнини тезда Жебалия ва Бейт-Лахия шаҳарларидаги кўп қаватли бинолар эгаллайди. Шимолдан Ғазо сектори жанубига олиб борувчи асосий йўл саноат ҳудудлари билан қуршалган, ҲАМАС ўтмишда бу бинолардан мудофаа мақсадларида муваффақиятли фойдаланган. Сектор маркази ва Хан-Юнисдан шарқдаги жойлар нисбатан очиқроқ, аммо трасса ёқасидаги қишлоқлар ва кўп қаватли бинолар ҳаракат аъзолари яшириниши учун қулай. 

Исроил ҳарбийлари асосий шаҳарларга кирадими?

Фото: Atef Safadi/EPA

Исроил қўшини Ғазо секторининг йирик шаҳарларига яқинлашга уринса, шиддатли ҳужумларга учрайди. Фаластинликлар танкка қарши миналар ва танкка қарши бошқарилувчи ракеталарга эга бўлиб, улар бу воситалардан миномётдан ўт очиш билан бирга самарали фойдалана олади.

Масалан, 2014 йилги уруш вақтида Исроил Шужейя аҳоли яшаш манзили учун жангда бир кечада 13 аскар йўқотганди. Ҳужум қилган бўлинма пистирмага тушган, танкка қарши минага тушиб қолган ва пулемётлардан ўққа тутилганди. 

ЦАҲАЛ Фаластин шаҳарларида зирҳли техникалар қўллаш орқали жанг олиб бориш тажрибасига эга ҳисобланади, масалан, бу Иорданнинг Ғарбий соҳилидаги иккинчи интифада чоғида кузатилган.

Аммо, ҳозирда ҲАМАС «Корнет» русумли танкка қарши ракеталарнинг катта захирасига эгалиги ҳақида маълумотлар бор, бу ракеталардан «Ҳизбуллоҳ» Ливанда самарали фойдаланган. Гуруҳ шунингдек жонли куч ва транспорт воситалари устига ўқ-дори ташлай оладиган учувчисиз учар қурилмалар ишлаб чиқармоқда. Бундай дронлар Украинадаги урушда кенг қўлланмоқда ва энди ЦАҲАЛ учун янги таҳдидга айланган. 

ҲАМАС қандай жавоб қайтариши мумкин?

ҲАМАС Исроил армиясига қарши курашда кўп йиллик тажрибага эга ва шаҳар шароитда мослашувчан ҳамда самарали ҳарбий кучга айланди. Гуруҳда тажрибали қўмондонлар тўпланган, улар ЦАҲАЛнинг уруш олиб бориш усулларидан яхши хабардор. Уларнинг айримлари иврит тилида сўзлаша олади ва исроилликлар армиясини чуқур ўрганган.

Ҳар қандай қуруқлик юришида ҲАМАСнинг тайёрланган позициялари, жумладан йиллар мобайнида барпо этилган ва ҳатто алоқа тизимлари билан ҳам жиҳозланган ерости туннеллари тармоғи ЦАҲАЛ учун жиддий муаммо бўлади.

Фаластинликлар қўмондонлик пунктлари ёки жангчиларни бир жойдан бошқа жойга ташлаш учун фойдаланиш мумкин бўлган махфий ва яхши ҳимояланган ерости объектлари қуришда катта тажрибага эгадир.

ЦАҲАЛ аввалдан Ғазо секторини разведка қилиш ва кузатиш бўйича яққол устунликка эга бўлган, аммо энди ҲАМАС арзон ва топиш осон бўлган фуқаролик дронларига эга бўлгани томонларнинг бу борадаги позицияларини тенглаштиради.

Исроил Ғазо секторини назоратига ола биладими?

Исроил ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан ўч олиш учун етарлича ҳарбий салоҳиятга эга, аммо исроиллик ҳарбийлар ва тинч аҳоли, шунингдек, айни вақтда гаровда бўлиб турганлар учун бу жуда қимматга тушиши мумкин.

Ғазо секторини қайтадан тўлиқ ишғол этиш фавқулодда мураккаб вазифа ва уни узоқ истиқболда ҳам бошқариш Исроилнинг имкониятларидан ташқарида бўлади. Агар Исроил чиндан ҳам кенг кўламли бостириб киришга аҳд қилган бўлса, унинг мақсади, катта эҳтимол билан ҲАМАСни тўлиқ яксон этиш бўлади.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид