Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент метросида бешта вагонли поездлар сони кўпайтирилади
Метрополитен расмийсига кўра, бешта вагонли ҳаракат таркибларининг сони ҳозирги 6 тадан йил охиригача 13 тага етказилади.
Тошкент метросида тиғиз вақтлардаги тирбандликларни камайтириш учун бешта вагонли ҳаракат таркиблари сони 2023 йил охиригача икки баробарга кўпайтирилади.
Бу ҳақда Тошкент метрополитени бош муҳандиси Абдутоҳир Абдуқодиров 11 октябр кунги матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, метрополитенда бешта вагонли таркиблар ҳаракати 2022 йилдан бошлаб “Ўзбекистон” йўналишида тажриба тариқасида йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирда бундай таркиблар сони 6 тага етган.
Йил сўнгига беш вагонли таркиблар бошқа йўналишлар, хусусан йўловчи оқимининг 60-70 фоизини сиғдираётган “Чилонзор” линиясида ҳам ҳаракатлана бошлайди. Жами 7 та поезднинг вагонини биттага кўпайтириш, шу орқали борларининг ҳисоби билан жами 13 та ҳаракат таркибини беш вагонли шаклга ўтказиш кўзда тутилган.
Абдутоҳир Абдуқодировнинг айтишича, вагонларни узайтириш тажрибаси учун “Ўзбекистон” йўналишининг танланганига сабаб – бу йўналишда йўловчиларнинг камлиги ва темирйўлнинг рельефи бўлган.
“Эксперимент сифатида ишлатиб кўрамиз, ҳар ҳолда релеф деган нарса бор. Бу жараёнда поездларнинг паст-баландликка чиқиши ҳам ҳисобга олинган ҳолда тажриба-синов тариқасида “Ўзбекистон” линиясида қилинган”, – дейди метрополитен бош муҳандиси.