Фан-техника | 22:59 / 13.10.2023
41247
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск Қозоғистонда икки минг мактабни Starlink интернет тармоғига улайди 

Чекка ҳудудлардаги мактаблар сунъий йўлдош орқали интернет тармоғига уланиш имкониятига эга бўлади. 

Фото: Shutterstock

Қозоғистоннинг 2 мингта мактаби Илон Маск томонидан асос солинган SpaceX компаниясининг юқори тезликдаги Starlink сунъий йўлдош интернетидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. 

Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги билан Starlink компанияси дастлабки келишувига кўра, SpaceX технологиясидан фойдаланган ҳолда қишлоқ жойларида 2 мингта мактабни интернет тармоғига улаш режалаштирилган. 

Starlink Қозоғистоннинг оптик толали ёки уяли алоқадан фойдаланиш имкони бўлмаган қишлоқ ва чекка ҳудудлари аҳолиси учун муқобил бўлиши мумкин. Бироқ, бунинг учун олдин ерда станцияларни жойлаштириш, рухсат олиш ва частоталарни мувофиқлаштириш билан боғлиқ бир қатор техник ва ҳуқуқий масалалар ҳал қилиниши керак. 

Starlink глобал сунъий йўлдош тизими бўлиб, Илон Маскнинг SpaceX компанияси томонидан юқори тезликдаги кенг полосали Интернетга уланишни таъминлаш учун ташкил этилган. Тармоққа уланиш учун фойдаланувчи тахминан 500 доллар турадиган товоқсимон антенна, штатив ва роутердан иборат махсус тўпламни харид қилиши керак. Бундан ташқари, фойдаланувчи ойига $99 абонент тўловини ҳам тўлаши лозим. 

Мавзуга оид