Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Йўлаклардаги жасадлар ва операцияга навбатлар: Ғазонинг бош шифохонасида нималар бўлмоқда?
Қизил Хоч Ғазодаги шифохоналар қамал туфайли ўликхоналарга айланиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
BBC араб хизмати мухбири Аднан Элбуш Ғазо секторидаги энг йирик «Ал Шифо» шифохонасидан репортаж тайёрлади. Шифохона раҳбари унинг фаолияти тўхташи ўта ҳалокатли оқибатга эга бўлишидан огоҳлантирган.
Ҳалок бўлганларнинг жасадлари шифохонага кириш жойида ерда ётибди. Йўлаклар ва ҳовли юзлаб жасадлар билан тўлган — ўликхонада жой етарли эмас.
Ғазодаги асосий шифохона «Ал Шифо» ўз имкониятлари чегарасидан ташқарида ишламоқда.
Юзлаб оғир ярадорлар, жумладан аёллар ва болалар, тиббий ёрдам кўрсатилишини кутмоқда — шифокорлар улкан юклама остида ишлашмоқда. Улар исталган вақтда захира генераторлари ишлашдан тўхташи ва шунда улар бутунлай электрсиз қолиши мумкинлигини тушуниб туришибди. Бу эса ўта ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Кичик қизалоқ шифохонага оиласининг уйи зарба учраганидан кейин тушган — унинг оила аъзоларидан кўпчилик ҳалок бўлган. Қизча оғриқдан бақиради ва унга ёрдам кўрсатилиб, азобларига барҳам берилишидан умид қилади.

Аммо шифокорлар вақт билан пойгалашмоқда: улар биринчи навбатда оғир ярадор ва кечиктириб бўлмас ёрдамга муҳтож бўлганларга қарашмоқда.
Бир аёл исроилликларнинг авиазарбалари оқибатида ҳалок бўлган қариндоши жасади олдида ўтиради.

«Улар ухлаётганимизда бизнинг уйга зарба беришди, — дейди у. — Бизнинг бинода жангарилар бўлмаган. Бу уйда оддий фуқаролар яшарди — 120 га яқин киши».
«Шифокорлар бошқа беморларга устуворлик бериб, мени операция қилишни кечиктиришди. Сиз бироз кутиб тура оласизми дейишди — мен бунга қандай жавоб қайтаришим мумкин? Бу ерда ярадорлар жуда кўп», — дейди каталкада ётган бошқа бир аёл.

Шифохона бош врачи Муҳаммад Абу Салмия BBC билан суҳбатда агар касалхона ишни тўхтатишга мажбур бўлса, нима бўлиши ҳақида гапиради.
«Шифохона электрсиз ишлай олмайди, — дейди у. — Интенсив терапия бўлими, неонатал ва бошқа палаталарда 120 дан ортиқ киши интубация қилинган; [агар бу рўй берса] барча бўлим ва шифохона хизматлари қулайди ва биз беморларни ортиқ даволай олмай қоламиз».
Биз бу сюжетни тасвирга олаётганимизда, ярадорлар ва ҳалок бўлганлар орасида ўнлаб дўстларимиз ва танишларимиз ҳам борлигини кўрдик. Биз бу карахтликдан ўзимизга келишимиз учун маълум вақт танаффус қилдик.

Оператор Маҳмуд ал-Аджрами ларзага тушган ва кўз-ёшларини тийиб тура олмайди: у ўз дўсти бу ерга оғир жароҳатлар билан олиб келганидан воқиф бўлди — бу одамнинг кўплаб қариндошлари ҳалок бўлишган.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазо секторидаги шифохоналар тез орада электр энергияси ўчиши туфайли фаолиятини тўхтатиши мумкинлигини англаган ҳолда катта юклама билан ишлаётганини маълум қилган.
Қизил Хоч: «Шифохоналар ўликхоналарга айланиши мумкин»
ҲАМАС аъзоларининг шанба кунги рейди ва юзлаб исроилликлар ўлдирилишидан кейин Исроил ҳукумати Ғазо секторига электр ва сув узатиш, ёнилғи ва озиқ-овқат етказиб беришни буткул тўхтатди, унинг чегараларини тўсди ва ҲАМАС билан алоқадор бўлган объектларни авиация ва артиллериядан ўққа тута бошлади.

Натижада Ғазодаги шифохона ва бошқа тиббиёт муассасалари ярадорлар билан тўлиб кетди, узундан узун навбатлар пайдо бўлди, одамлар нафақат бинолар ичкарисида, балки ташқарида ҳам кутишмоқда. Шу билан бирга, Ғазодаги ягона электр станцияда ҳафта ўртасидаёқ ёнилғи тамом бўлган.
Исроил ҲАМАС шанба куни асирга олинганлар (200 га яқин) озод қилинмагунича, блокадани бекор қилмаслигини билдирган.
Исроил энергетика вазири Исраэл Кац ҳамасчилар ўғирлаб кетган инсонлар озод этилмагунича бирорта ҳам рубилник (кучли электр токларини улаш ва узиш учун қўлланадиган мослама), бирорта гидрант (водопровод жўмраги) ёқилмаслигини билдирган.
«Ғазода электр қуввати ўчмоқда — ва шифохоналарда ҳам ўчирилмоқда, бу эса инкубаторлардаги янги туғилган чақалоқлар ва кислородга уланган кекса ёшли кишиларга таҳдид солади. Буйрак диализи тўхтайди, рентген қилиб бўлмай қолади, — деган Қизил Хоч жамиятининг минтақа бўйича бўлими директори Фабрицио Карбони. — Электрсиз шифохоналар ўликхоналарга айланиши мумкин».
Унинг сўзларига кўра, шифохоналар ҳозирда фақат генераторлар эвазига ишламоқда, аммо улар учун ёнилғи ҳам яқин вақтлар ичида тугайди.

Бундан ташқари, Ғазодаги шифокорларнинг айтишича, уларда дори-дармонлар ва қуйиш учун қон тугамоқда. Врачлар кимни операция қилишни танлашига тўғри келмоқда, улар кўпинча фақат ҳаёти хавф остида қолган энг оғир беморларни операция қилишмоқда.
Аввалги кескинликлар вақтида Қизил Хоч ва БМТ Ғазога инсонпарварлик ёрдамлари олиб кирилиши учун йўлаклар ташкиллашарди. Ҳозирча эса Исроил ўз ҳудудидан бундай йўлаклар очишга рухсат бермаяпти.
Ғазо сектори Миср билан ҳам чегарадош ва унга чегарадаги ягона Рафаҳ назорат ўтказиш пункти орқали ёрдам юбориш мумкин, аммо ҳозирча Исроил авиациясининг тўхтовсиз авиазарбалари туфайли жўнатмалар етиб бориши жуда қийин кечмоқда.
Бундай зарбалар туфайли касалхоналарни соғлом одамлар ҳам тўлдирган, улар исроилликлар тиббиёт муассасаларига зарба бермаслигидан умид қилган ҳолда шу жойларда яширинмоқда.
Сўнгги йилларда Ғазо секторида ишлаётган «Чегарасиз шифокорлар» ташкилоти вакили бўлган доктор Жастин Дэлби BBC билан суҳбатда шифохонага келаётган ярадорлар миқдори «шунчаки гигант» даражада эканини айтган.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, жума кунига келиб Исроил авиазарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1537 нафарга етган, 6612 киши яраланган.
БМТ ҳисобларига кўра, Ғазо секторида яшовчи 423 минг киши ўз уйларини тарк этиб, турли жойларга, кўп ҳолларда БМТ шафелигидаги шифохоналар ва мактабларга яширинишга мажбур бўлган.

ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми
- 2023 йил 7 октябр куни фаластинликларнинг ҳарбийлашган ҲАМАС гуруҳи Исроилга мисли кўрилмаган ҳужум амалга оширди, унинг аъзолари Ғазо сектори билан чегарадаги кубуцлар ва шаҳарларга кириб, юзлаб кишиларни ўлдирди ҳамда ўнлаб кишиларни гаровга олди.
- ҲАМАС Исроил давлатини йўқ қилишга ва унинг ўрнида ислом давлатини барпо этишга интилади. Ҳаракат Эрон томонидан қўллаб-қувватланади.
- Гуруҳ 2007 йилда сайловлар натижасида Ғазо секторида ҳокимиятни ўз қўлига олган, аммо кейин ўз сиёсий рақибларини сектор ҳудудидан куч билан сиқиб чиқарган. Шундан буён унинг жангарилари Исроилга қарши бир неча марта уруш ҳаракатлари олиб борган.
- ҲАМАС ва унга алоқадорлиги айтиладиган бошқа ҳарбийлашган гуруҳлар Исроилни ракеталар билан ўққа тутади ва кўплаб рейдлар уюштиради.
- Бунга жавобан Исроил Ғазо сектори бўйлаб авиазарбалар йўллайди ва икки марта бу ҳудудга қўшин киритган. Исроил Миср билан биргаликда 2007 йилдан буён секторни қамал қилган, буни хавфсизлик чораси деб изоҳлашади.
- ҲАМАС кўплаб мамлакатларда, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Исроил, Япония ва Австралияда террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган.
Мавзуга оид
13:59 / 28.05.2025
Германия расмийлари Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилди
11:33 / 27.05.2025
Уиткофф: Ҳамас Исроил билан сулҳ бўйича келишувни рад этди
20:40 / 26.05.2025
Уиткофф ҲАМАС ўт очишни тўхтатишга тайёр деган даъволарни рад этди
19:43 / 26.05.2025