Дунёдаги биринчи учар автомобил, Toyota Crown 2024 ва учувчисиз юк самолётлари – ҳафта технодайжести
Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.
Toyota Crown 2024
Toyota Crown 2024 тақдим этилди. У яхшиланган интерерга эга бўлади ва ҳозирги дизайнини сақлаб қолади. Автомобил уч хил – XLE, Limited ва Platinum комплектацияларида сотувга чиқарилади.
Янгиланган Toyota Crown’нинг энг арзон комплектацияси нархи 40 минг 50 доллардан бошланади, у 100 км масофага 5,7 литр бензин сарфлайди. Энг замонавий Crown Platinum модели эса 53 минг 70 долларга баҳоланган бўлиб, умумий қуввати 340 от кучига тенг, 100 км масофага 7,8 литр бензин сарфлайди.
Ҳайдовчисиз автомобиллар пойгаси
Бирлашган Араб Амирликларида ҳайдовчисиз автомобилларнинг дунёдаги энг йирик пойгаси ўтказилади. Мусобақада 10 та жамоа иштирок этади. Пойга 2024 йил 28 апрелида Абу-Дабида бўлиб ўтади.
Формула 1 учун мўлжалланган Yas Marina трекида пойгачилар ўрнига кодерлар — спецификация бўйича код ёзишга ихтисослашган дастурчилар рақобатлашади.
Автоном пойгалар нафақат янги спорт тури, балки автоном автомобиллар технологиясини тадқиқ қилиш ва ривожлантириш учун платформадир. Ушбу тадбирларда тадқиқотчилар ва муҳандислар ўз алгоритмлари ва тизимларини синаб кўриши ва яхшилаши мумкин.
Учувчисиз юк самолётлари
Британиянинг Droneliner авиакомпанияси юк кўтариши 300 тоннадан ортиқ бўлган учувчисиз юк самолётларини яратиш устида ишламоқда. Бу бутун дунё бўйлаб ҳаво қатнови нархини пасайтириш имконини бериши мумкин. Самолётлар масофадан бошқарилади, бу эса энг камида экипаж харажатларини камайтиради.
Маълум қилинишича, Droneliner иккита модел ишлаб чиқаришни режалаштирган: DL200'нинг максимал юк кўтариш қуввати 180 тоннани ташкил этади, 36 дан 40 тагача контейнерни ташиш имкониятига эга бўлади. DL350 эса 70 дан 80 тагача контейнерни сиғдира олади ва 318 тоннагача юкни кўтариш имконига эга бўлади.
Компаниянинг таъкидлашича, Droneliner'дан фойдаланиш ҳаво қатнови нархини 70 фоиздан кўпроққа камайтириши мумкин.
Янги PlayStation 5
Sony PlayStation 5’нинг янги версиясини эълон қилди. Ўлчамлари бўйича янгиланган PS5 аввалгиларига қараганда тахминан 30 фоизга ихчамроқ. Вазни эса 18-24 фоизга енгилроқ. Маҳсулдорлик нуқтаи назаридан ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ. Ушбу нозик версия аввалгиси каби кучли. Ўрнатилган хотира ҳажми - 1 ТБ.
Консоллар 2023 йил ноябр ойида сотувга чиқарилади. Ultra HD Blu-ray дискли версиянинг нархи 500 долларни, Digital версияси эса 450 долларни ташкил қилади. Диск қабул қилгични 80 долларга сотиб олиш мумкин.
iPhone 16’нинг тахминий дизайни
Ижтимоий тармоқларда iPhone 16’нинг эҳтимолий дизайнини намойиш этувчи расмлар пайдо бўлди. Қайд этилишича, асосий ўзгаришлар камера блокида бўлиши кутилмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, iPhone 16 Pro олтита камерага эга бўлади. Улардан иккитаси 3D форматида бўлиб, фазовий суратлар ва видеоларни яратишда ишлатилиши мумкин.
Умуман олганда, iPhone 16 тўртта моделни ўз ичига олади: iPhone 16, iPhone 16 Plus, iPhone 16 Pro ва iPhone 16 Pro Max. Асосий янгиликлардан яна бири – рамкасиз дизайн бўлиб, у экранни янада жозибали қилади. Apple’нинг кейинги смартфони янги материаллар туфайли енгилроқ ва ингичка бўлиши ҳам хабар қилинган.
Дунёдаги биринчи учар автомобил прототи
Американинг Детройт автосалонида дунёдаги биринчи учар автомобилнинг прототипи тақдим этилди.
«Alef Aeronautics компанияси автомобилнинг стандарт седанга жуда ўхшаб кетадиган Model A прототипини намойиш этди, у учар ликопчага ўхшаш пуфакчали интерердан иборот ва икки йўловчини сиғдира оладиган даражада кенг», дейилади хабарда.
Дунёдаги биринчи учар автомобилни серияли ишлаб чиқариш тахминан икки йилдан кейин бошланиши режалаштирилган. Машинанинг нархи 300 минг доллар атрофида бўлиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
17:55 / 02.04.2024
Xiaomi'дан SU7 электромобили, iOS 18 тақдимот санаси, Сорадан филм – технодайжест
13:05 / 03.03.2024
Учар такси, қўлга тақиладиган смартфон ва кибер кучукча – ҳафта технодайжести
21:18 / 10.02.2024
Букланадиган iPhone, энг ишончли автомобиллар ва энг кўп сотилган смартфонлар – ҳафта технодайжести
15:16 / 03.02.2024