Иқтисодиёт | 17:41 / 14.10.2023
39761
9 дақиқада ўқилади

Рекордни янгилаган рақам, қўшниларидан олдиндаги Ўзбекистон ва блокдаги солиқ тўловчи — «Иқтисодий таймлайн»

Қанча маблағ сарфлангани яширилган кинофестивал, пойтахтда нархи ошадиган ичимлик суви, Россия гази импорти бўйича узоқ муддатли шартномалар муҳокамаси, рекорд суммадаги «олтин рақам», солиқ тўловчига айланган блокдаги ТikTok ва якунланаётган ҳафтанинг бошқа иқтисодий янгиликлари – «Иқтисодий таймлайн»да.

Ўзбекистон Россия газининг импорти бўйича янги шартномалар муҳокамасини бошлади

Ўзбекистон 7 октябрдан Россия газининг импортини бошлади. 2 йиллик шартномага кўра, Ўзбекистон 2 млрд 800 млн кубметр рус табиий газини сотиб олади. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон томони «Газпром» билан ўрта ва узоқ муддатли шартнома муҳокамасини бошлаб юборгани ҳақида маълум қилди.

«Узоқ муддатли ҳамкорлик доирасида Россиядан табиий газ етказиб бериш Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши, аҳоли ва энергия ресурсларига бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда куз-қиш мавсумида газ дефицитининг бир қисмини таъминлаб беради. Президентимизнинг расмий ташрифлари доирасида «Газпром» билан ўрта ва узоқ муддатли шартнома муҳокамасини ҳам бошладик», деди вазир Мирзамаҳмудов «Ўзбекистон» 24 телеканалига берган интервюсида.

Маълумот учун, Россиядан газ узатиш Ўрта Осиё – Марказ магистрал қувурлари тармоғи орқали тескари тартибда йўлга қўйилмоқда. Бу тармоқ орқали келадиган Россия газининг бир қисми Қозоғистоннинг Шимолий ҳудудларига, асосий қисми эса Ўзбекистонга йўналтирилади. 

Қанча маблағ сарфлангани номаълум Тошкент кинофестивали

50 дан ортиқ мамлакатдан 300 дан ошиқ санъат ва маданият вакиллари келгани айтилган ХV Тошкент халқаро кинофестивали якунига етди. Фестивалга келганлар қаторида жаҳон киноси юлдузлари Кевин Спейси, Сами Насири, Фредерик Дифенталларни кўриш мумкин эди. Тадбир якунларига бағишланган анжуманда Kun.uz мухбири фестивалга қанча сарф-харажат қилингани юзасидан Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқовга савол билан юзланди. Амалдор Тошкент кинофестивалига бюджетдан аввалгиларига нисбатан уч баробар кам пул олингани ҳақида гапирди, аммо умумий суммани очиқламади.

Тошкентда нархи деярли 3,5 баробарга ошадиган ичимлик суви

Пойтахтда ҳам ичимлик ва оқова (канализация) сув хизматлари нархи ошиши кутилмоқда. «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ сув нархлари ошишини «сув таъминоти тизимидаги сарф-харажатларнинг кескин ортгани» билан изоҳлади.

Янги нархлар қуйидагича кўриниш олади:

  • Аҳоли бир метр куб сув учун — 1400 сўм тўлайди. Ҳозирда бу 400 сўмга тенг.
  • Оқова сув нархи аҳоли учун — 1000 сўм бўлади. Амалда 350 сўм.
  • Юридик ташкилотлар эса бир метр куб сув учун 3000, оқова сувга эса 2200 сўм тўлайди. 

Нарх ошиши бўйича кўзда тутилган таклифлар халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига тақдим этилган. Бироқ ҳозирча бу нархлар қачондан амалда бўлиши номаълум.

Аввалроқ Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида ичимлик суви ва оқова хизматлар бўйича янги тарифлар тасдиқланганди. Андижон вилоятида эса 19 сентябрда тасдиқланган тарифларга кўра нархлар ўзгарди.

Бир рақам учун салкам 900 млн сўм — «олтин рақам» нархида рекорд

Ўзбекистонда чиройли автомобил рақамлари савдосида навбатдаги рекорд ўрнатилди. 01 777 RRR давлат рақами учун 893 миллион сўм ёки амалдаги валюта курси бўйича 75 минг доллар тўланди.

Бу пулга Ўзбекистонда янги Tesla Model Y, Lexus LS, Kia Carnival, Zeekr 001 ва бошқа премиум тоифадаги автомобилларни харид қилиш мумкин. 

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган «механик коробкали» Chevrolet Gentra’дан эса 6 тасини сотиб олиш мумкин. Бироқ бу Gentra’га ҳам бошқа ҳамёнбоп моделлар каби ҳозирда шартнома мавжуд эмас.

Аввалги рекорд 2022 йил май ойида қайд этилганди. Ўшанда 50 777 ZZZ авторақами 669 миллион 600 минг сўмга сотилганди. Бу Марказий банк томонидан ўша пайтда белгиланган доллар курси бўйича 60 минг доллардан ортиқни ташкил этган.

Иқтисодий ўсиш суръати бўйича уч қўшнисидан олдиндаги Ўзбекистон

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистондаги инфляция прогнозини яхшилади.

Жамғарма ҳисоботга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йилда 5,5 фоизга ўсади, бу апрел ойида кутилганидан 0,2 фоизга юқори. 2024 йил учун ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши прогнози ўзгаришсиз 5,5 фоиз даражасида қолдирилди.

Иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан олдинда, фақат Тожикистондан бироз паст.

ХВЖ Ўзбекистондаги инфляция прогнозини ҳам яхшилаган. Шу тариқа, илгари кутилган 11,8 фоиз ўрнига жорий йилда инфляция 10,2 фоизни ташкил этади, 2024 йилда эса 10 фоизгача секинлашади.

Бироқ валюта жамғармаси Марказий банкнинг 2028 йилгача 5 фоизлик инфляция кўрсаткичига эришиш мақсади мушкул вазифа эканини прогноз қиляпти.

Валюта курси ўзгариши нархларга энг кўп босим ўтказувчи омил

Марказий банк сентябр ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари бўйича маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, аҳолининг инфляция бўйича кутилмалари 0,7 фоиз бандга пасайиб, 13,5 фоизни ташкил қилган. Аҳоли келгусида нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курси ўзгариши (65 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (45 фоиз);
  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши (34 фоиз);
  • нархларнинг сунъий оширилиши (33 фоиз);
  • бозорда монополиянинг мавжудлиги (32 фоиз).

Сентябр ойи якунлари бўйича респондент тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари 14,2 фоизни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан 0,2 фоизга пасайган.

Бизнес вакиллари нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курсининг ўзгариши (68 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия ресурсларининг қимматлашиши (42 фоиз);
  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши (31 фоиз);
  • иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (29 фоиз);

транспорт қимматлашиши (28 фоиз).

Ўзбекистонда солиқ тўловчига айланган блокдаги TikTok

2021 йил ёзидан Ўзбекистонда расман блокда бўлган ТikTok тармоғи мамлакатда солиқ резидентига айланди. TikTok PTE LTD компанияси (Сингапур) Ўзбекистонда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди

Ўзбекистонда 2021 йил ёзида TikTok билан бир қаторда Twitter, Skype, WeChat ва Вконтакте тармоқларига ҳам чеклов қўйилганди. Бунга «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритилган 27-1-модда сабаб бўлганди. Унга кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши белгиланган. Бу талабни айни пайтгача бирорта глобал ижтимоий тармоқ бажаргани маълум эмас.

Айни пайтда Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрида фақат TikTok қолган.

Ҳисоб палатасида ташкил этилган янги назорат маркази

28 та давлат органи ва ташкилотининг 115 та турдаги маълумотлар базасидан реал вақт режимида фойдаланиш тизими йўлга қўйилди ва ягона «Масофавий назорат» маркази ташкил этилди.

Марказнинг асосий вазифаси Ҳисоб палатаси фаолиятининг самарадорлигини ошириш, бюджет қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ва мунтазам профилактика ишларини кучайтиришдан иборат.

Марказий Осиёда тўлиқ эркин савдо зонасини шакллантириш таклифи илгари сурилди.

Ушбу таклифни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов Қирғизистонда ўтаётган Марказий Осиё экспертлари форумида илгари сурган.

Ариповнинг фикрича:

– товар айирбошлаш ҳажмини ошириш имконини берувчи мусодара ва чекловларсиз тўлиқ эркин савдо зонасини шакллантириш;

– Марказий Осиё мамлакатларида узоқ муддатли истиқболда саноат кооперациясини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;

– Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий кенгашини тузиш минтақани янада ривожланишига катта ёрдам беради.

Шунингдек мазкур ҳафтада Ўзбекистонда учта вокзални Давлат-хусусий шериклик доирасида ривожлантириш режалаштирилмоқда. Булар хозирча Тошкент, Самарқанд ва Қўқон темирйўл вокзаллари.

UzAuto Motors октябр ойининг охирида Captiva-5 сотувлари бошланишини эълон қилди. Captiva-5'нинг энг эрзон компектацияси 299 млн 900 минг сўм, энг қиммати эса 349 млн 900 минг сўм бўлади. Нархлар қўшилган қиймат солиғини ҳам ҳисобга олган ҳолда кўрсатилган.

2023 йилнинг ўтган 9 ойида айрим хусусий «заправка»ларда 9 млн 150 минг литр нефт маҳсулотлари сифатсиз экани аниқланган. Сифатсиз нефт маҳсулотлари энг кўп аниқланган ҳолатлар, асосан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларига тўғри келади.

Мавзуга оид