Жаҳон | 09:51 / 16.10.2023
7199
2 дақиқада ўқилади

Байден Конгрессдан Украина ва Исроил учун ҳарбий ёрдам пакети сўрамоқчи

АҚШ Конгресси аввалроқ Киевга ёрдам назарда тутилмаган вақтинчалик бюджетни қабул қилган эди. Энди Оқ уй раҳбари Байден бевосита Исроил ва Украинага ёрдам сўраш ниятида. 

Фото: Ting Shen/Bloomberg

АҚШ президенти Жо Байден яқин кунларда Конгрессдан Украина ва Исроилга қиймати 2 миллиард доллардан «сезиларли даражада кўп» ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлашни сўраш ниятида, дея маълум қилди миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан 15 октябр, якшанба куни CBS телеканалига берган интервюсида.

Салливаннинг сўзларига кўра, Оқ уй раҳбари шу ҳафтада янги ёрдам пакетини тасдиқлаш зарурлиги ҳақида «Конгресс билан интенсив музокаралар» ўтказади. Reuters таъкидлашича, АҚШ президенти маъмурияти бюджет сўраганида, баъзи республикачиларнинг Киевни қўллаб-қувватлашга сарфланадиган харажатларни камайтириш чақириғи остида уни тасдиқлаш имкониятини ошириш учун Исроил, Украина ва эҳтимол Тайванга ёрдамни бирлаштириш ниятида. 

CBS телеканалининг Оқ уй 2 миллиард доллар талаб қиладими, деган саволига Салливан тафсилотларни келтирмасдан, «ундан сезиларли даражада юқори бўлади», деди. «Айтганимдек, у (ёрдам) Украинанинг эркинлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш ва Исроилга таҳдидларга қарши курашда ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳарбий техникани ўз ичига олади», деди Салливан. 

АҚШ Конгресси Украинага ёрдамни маъқулламади 

30 сентябр куни АҚШ Конгресси федерал ҳукумат иши тўхташининг олдини олиш учун Украинага молиявий ёрдам назарда тутилмаган вақтинчалик бюджетни тасдиқлади. Демократлар Байден сўраган 24 миллиард доллар ўрнига Киевга 6 миллиард доллар ёрдам кўрсатишни вақтинчалик бюджетга киритишни таклиф қилди, бироқ республикачилар позицияси туфайли Киевга ёрдам вақтинчалик бюджетдан бутунлай олиб ташланди.

Ўшандан бери Оқ уй ва АҚШ Мудофаа вазирлиги вакиллари Украинани Оқ уй Конгресс билан музокараларни давом эттираётганига ва вақтинчалик ечим Вашингтоннинг Киевни қўллаб-қувватлашига чек қўйишини англатмаслигига қайта-қайта ишонтириб келяпти. 

Мавзуга оид