Жаҳон | 14:33 / 16.10.2023
5698
2 дақиқада ўқилади

Бишкекда Халқаро туркий хабарлар каналини тузиш масаласи муҳокама қилинди

Қирғизистон пойтахтида Туркий давлатлар ташкилотининг ОАВ ва ахборот масалалари бўйича ишчи гуруҳи 10-йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Anadolu Agency

Бишкекда Туркий давлатлар ташкилотининг ОАВ ва ахборот масалалари бўйича ишчи гуруҳи 10-йиғилиши бошланди. Бу ҳақда Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради «Кабар».

Учрашувда Туркий тиллар ахборот агентликлари иттифоқи ва Халқаро туркий хабарлар каналини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар, шунингдек, Қирғизистон томонидан тайёрланган Туркий давлатлар ташкилоти Журналистлари уюшмаси низоми лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди, 2023–2024 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурига бўйича таклифлар берди ҳамда Ўзбекистонда ўтказиладиган бўлажак 2-Халқаро медиа-форумни муҳокама қилди.

«Ушбу гуруҳ ишининг асосий натижаларидан бири T-BRAF (Туркий давлатлар телерадиодастурларни тартибга солувчи органлари) таъсис йиғилиши дастури лойиҳаси, T-BRAF низоми ва қўшма декларация лойиҳаларини кўриб чиқиш бўлди. Муҳокамалар натижаларига кўра T-BRAF таъсис йиғилишини 2023 йил 9 ноябр куни Истанбул шаҳрида ўтказиш режалаштирилган», — дейилади идора маълумотида. 

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари иштирокидаги ишчи гуруҳ йиғилишининг иккинчи қисмида «GPT-чат мисолида сунъий интеллектнинг афзалликлари ва камчиликлари» ва «Гибрид урушлар 21-аср хавфсизлигига таҳдид сифатида» мавзуларида долзарб масалалар муҳокама қилинади.

Мавзуга оид