Ўзбекистон | 19:25 / 16.10.2023
56927
2 дақиқада ўқилади

Водилда чегарачилар ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги жанжал вақтида икки киши ҳалок бўлди

Чегарачилар мамлакат ҳудудига ноқонуний олиб кирилган маҳсулотлар топилган машина эгаларини бўлинмага олиб кетмоқчи бўлганида вазиятга уларнинг шериклари аралашган.

Фарғона вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош Водил аҳоли яшаш манзили ҳудудида чегарачилар ва маҳаллий аҳоли ўртасида келиб чиққан можаро вақтида икки киши ҳалок бўлди. Чегара қўшинлари Фарғона тумани чегара олди ҳудудида содир бўлган ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

«Жорий йилнинг 16 октябрга ўтар кечаси Фарғона вилоятининг Фарғона тумани Водил аҳоли пунктида ўз хизмат вазифасини ўтаётган Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ҳаракатланиб келаётган маҳаллий фуқаролар А.М. ва О.Ю. исмли шахслар бошқарувидаги автотранспорт воситаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилганида мазкур автотранспорт воситасининг салон қисмида мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирилган товар-моддий бойликлари борлиги аниқланган.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Чегара қўшинлари бўлинмасига бориш таклиф этилганида, фуқаролар А.М. ва О.Ю. ҳамда воқеа содир бўлган ҳудуд яқинида йиғилган уларнинг ўн нафарга яқин шериклари, спиртли ичимлик таъсирида ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига бўйсунмаган ва чегарачиларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларга нисбатан куч ишлатишган», дейилади чегарачилар хабарида. 

Натижада ҳарбий хизматчилар турли кўринишдаги тан жароҳатларини олган. Қаршилик кўрсатаётган кучлар тенг келмагани боис, чегарачилар фуқароларнинг ноқонуний ҳаракатларини тўхтатиш мақсадида огоҳлантирувчи ўқ узишига қарамасдан, улар ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини давом эттирган.

«Огоҳлантиришдан тўғри хулоса қилмай, ҳарбий хизматчиларга фаол қаршилик кўрсатишда давом этган фуқароларнинг икки нафари қурол қўлланиши натижасида воқеа жойида вафот этган», дейилади хабарда. 

Мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид