70 мингдан 106 минг долларгача: Сингапурда шахсий автомобилга эгалик қилиш нега қиммат?
Сингапурда ҳайдовчилар шахсий автомобилга эга бўлишни хоҳласа, сертификат учун 106 минг АҚШ долларигача тўлаши керак бўлади. Мамлакатда тирбандликларга қарши кураш учун 1990 йилда автомобилга эгалик қилиш сертификати (Certificate of Entitlement ёки CОE) бериш тизимини йўлга қўяди.
Қизиғи, автомобил харид қилишдан аввал ҳайдовчи сертификатни сотиб олиши керак. Сертификат 10 йил амал қилади. Сингапур автомобилга эгалик қилиш сертификатининг нархи бўйича дунёдаги энг қиммат мамлакат ҳисобланади. 2020 йилга нисбатан катта ҳажмли автомобиллар учун сертификат нархи 4 бараварга ошиб, 106 376 АҚШ долларига етди.
Масалан, Toyota Camry Hybrid автомобилининг стандарт комплектациясига эга бўлиш учун 183 минг АҚШ доллари тўлаш керак. Бунинг ичига CОE сертификати, автомобилни рўйхатдан ўтказиш ва солиқлар кириб кетади. Солиштириш учун, Сингапурда давлат томонидан субсидияланадиган кичик бир квартира 91 300 АҚШ доллари атрофида туради.
Коронавирус пандемиясидан сўнг автомобил сотиб олиш бирданига кўпайгани ортидан уларнинг сонини чеклаш учун сертификат нархи оширилди. Қайд этиш жоиз, 2020 йилда мамлакатда шахсий автомобилдан фойдаланувчилар сони камайиб кетгани ортидан CОЭ нархи 22 минг АҚШ долларига қадар тушиб кетди.
Сингапур аҳолиси учун бу нимани англатади?
Мамлакатда бир оиланинг ўртача йиллик даромади 89 минг АҚШ долларидан кўпроқ. Нархларнинг йилдан йилга ошаётгани Сингапурдаги ўрта қатламнинг шахсий автомобилга эгалик қилиш имкониятини камайтиришда давом этмоқда.
Шаҳар аҳолисига доимий инфляция, иқтисодиётнинг секинлашуви таъсир ўтказмасдан қолмаяпти: уларнинг айримлари нархлар паст бўлган вақтда олган автомобилларини фойда олиш учун сотиб ҳам юборяпти.
Социолог Тан Эрн Сер одамлар мақсадларини «яхши ҳаёт»дан «етарлича яхши ҳаёт»га ўзгартириши, шундай яшашга ўтиши керак деб ҳисоблайди.
Икки фарзанднинг отаси Жейсон Гуан ҳозир шахсий автомобилсиз яшайди. У 2008 йилда ўзининг илк автомобили Тoyota Rush’ни COE билан бирга 47 минг АҚШ долларига сотиб олган. Энди унинг машинаси йўқ, бироқ Жейсон ҳозир бор эътиборини Сингапур тақдим этаётган бошқа имтиёзларга қаратган.
«Оилали инсон сифатида бу [машинасиз бўлиш] менга кўп ҳам таъсир қилмайди. Чунки Сингапур ҳамон яхши таълим тизимига эга. Шунингдек, мамлакат энг хавфсизларидан бири бўлиб қолмоқда», — дейди Жейсон Гуан.
CОE қандай сертфикат ўзи?
Сингапурда шахсий автомобилга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш имкониятини берадиган сертификат — Certificate of Entitlement (CОE) дейилади. Сертификатлар ҳар икки ҳафтада аукционлар орқали сотилади. Ҳукумат уларнинг сонини назорат қилиб боради (бу эса эски автомобилларнинг фойдаланишдан чиқарилиши билан боғлиқ).
Масалан, ҳозир кичик литражли (двигатель ҳажми 1,6 литргача) автомобилга эгалик қилмоқчи бўлган шахс 76 минг АҚШ доллари тўлаши керак. Катта ҳажмли автомобил ҳужжатлари учун эса 106 минг доллар керак бўлади.
Бу тизим орқали ҳукумат аҳолини дунёда энг яхшилардан бири сифатида тан олиб келинадиган жамоат транспортидан фойдаланишга ундайди ва тирбандликларнинг олдини олишга ҳаракат қилиб келади.
2022 йил сўнгидаги маълумотларга кўра Сингапур аҳолиси 5,5 миллион атрофида. Шахсий автомобиллар сони эса 1 миллиондан камроқ.
Мавзуга оид
13:07 / 18.11.2024
Пискент полигонидаги навбат электрон шаклга ўтказилди
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
09:52 / 15.11.2024
Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди
07:31 / 12.11.2024