Ғазодаги шифохонага зарба: БМТ ва ЕИ реакцияси
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Ал-Аҳли касалхонасига қилинган ҳужумни «энг кучли тарзда» қоралади. Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел ҳужумни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Ал-Аҳли касалхонасига қилинган ҳужумни «энг кучли тарзда» қоралади. «Ғазо секторидаги шифохонага бугун уюштирилган ҳужум натижасида юзлаб фаластинлик тинч аҳолининг ўлими мени шокка туширди», деб ёзган Гутерриш Х микроблогида. У, шунингдек, «касалхоналар ва тиббиёт ходимлари халқаро ҳуманитар ҳуқуқ билан ҳимояланганини» таъкидлади.
Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел Ғазо секторидаги Ал-Аҳли касалхонасига уюштирилган ҳужумни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади. «Фуқаролик инфратузилмасига ҳужум халқаро ҳуқуққа мос келмайди», деди у Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарларининг видеоконференциясидан сўнг. Бу ҳақда 17 октябр, сешанба куни AFP хабар берди.
«Фуқаролик объектлари, айниқса, агар у беморлар ва тиббиёт ходимлари билан тўлиқ ишлайдиган касалхона бўлса, ҳеч қандай ҳолатда ҳужумга учрамаслиги керак», дейилади Германия ТИВнинг инглиз тилидаги Х (собиқ Twitter) микроблогида эълон қилинган баёнотда. «Ғазо секторидаги Ал-Аҳли касалхонасида юзлаб одамларнинг ўлими ҳақидаги хабарлар бизни қаттиқ шокка туширди», дейилади хабарда.
Касалхонага ва тинч аҳолига ҳужумни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди, деб ёзди Франция президенти Эммануэл Макрон Х’да касалхона мажмуасига қилинган ҳужумни қоралаб. У «кечикмасдан» Ғазо секторига гуманитар коридор очишга ва бу зарба бўйича барча тафсилотларни аниқлаштиришга чақирди.
Мусулмон давлатларда норозилик намойишлари
Иордания, Ливан, Тунис, Марокаш, Ироқ, Ливия Триполиси, шунингдек, Туркиянинг Истанбул шаҳрида 17 октябр куни кечқурун ва 18 октябрга ўтар кечаси касалхонага қилинган ҳужум муносабати билан норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Дастлабки маълумотларга кўра, юзлаб одамлар зарба қурбонига айланган.
Иордания пойтахти Амманда 17 октябр оқшомида юзлаб намойишчилар Исроил элчихонасига киришга уринган, деб хабар беради Petra Иордания ахборот агентлиги. Шу билан бирга, Иордания разведка хизматларидаги манбалар бинога бостириб кирилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Улар намойишчилар олиб чиқилганини айтди.
Оммавий норозилик намойишлари Ливан пойтахти Байрутда ҳам бўлиб ўтди. Жанубдаги чекка ҳудудларда Эрон қўллаб-қувватлаган Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати тарафдорлари кўчаларга чиқиб, «ғазаб куни»га чақирди. Бошқа намойишчилар Байрутдаги АҚШ ва Франция элчихоналари ёнида тўпланди, дея хабар беради dpa.
Тунис пойтахтида ҳам юзлаб намойишчилар кўчаларга чиқиб, Франция элчихонаси олдида тўпланди, дея хабар бермоқда TAP давлат ахборот агентлиги. Намойишлар Рамаллоҳ ва Фаластин миллий маъмуриятига қарашли бошқа шаҳарларда, Марокаш, Ироқ ва Ливия Триполисида ҳам бўлиб ўтди.
Истанбулда ўнлаб намойишчилар Исроил консуллиги олдида тўпланиб, баъзилари Фаластин байроқларини кўтариб, Исроилга қарши шиорлар айтди, деб хабар бермоқда Anadolu агентлиги. Эрон пойтахти Теҳронда ҳам Исроилга қарши намойишлар бўлиб ўтди.
Мавзуга оид
14:13 / 08.11.2024
Ғазо секторида Исроил ҳужумларида 16 фаластинлик ҳалок бўлди
14:49 / 07.11.2024
Исроил армияси Ғазо шимолидаги учта касалхонага зарба берди
14:33 / 07.11.2024
ЮНИСЕФ: Ғазода икки кун ичида 50 дан ортиқ бола ҳалок бўлди
12:57 / 07.11.2024