Қозоқлар яна мўъжиза кўрсатди, Италия яна йирик турнирдан қолиб кетиши мумкин. Евро саралаши ўйинлари
Англия Евро-2024 учун муддатидан олдин йўлланма қўлга киритган жамоалар қаторига қўшилди. Сешанба оқшомида саралаш босқичининг 8-тури доирасидаги ўйинлар, голлар ва гуруҳлардаги вазият.
H гуруҳи
Қозоғистонликлар Финландия майдонида ирода кўрсатиб, Еврога тўғридан тўғри йўлланма учун имкон сақлаб қолди.
Финландия – Қозоғистон 1:2
Голлар: 1:0 – 28 Тэйлор, 1:1 – 77, пеналти Зайнутдинов, 1:2 – 89 Зайнутдинов.
Финландия – Градецки, Алхо (Сойри, 88), Йенсен (Уронен, 88), Хосконен, Иванов, Тэйлор (Челлман, 77), Камара, Кайринен, Хоканс, Пукки (Форсс, 77), Похянпало.
Қозоғистон – Шацкий, Каиров (Скворцов, 85), Бистров (Ерланов, 88), Марочкин, Алип, Вороговский, Бейсебеков (Куат, 55), Тагиберген (Тапалов, 86), Бахтиёр Зайнутдинов, Оразов, Самородов (Аймбетов, 85).
Огоҳлантиришлар: Марочкин (27), Иванов (72), Самородов (79), Куат (81), Скворцов (90), Оразов (90), Бейсебеков (90).
Сентябр ойида уйда Финландиядан учралган мағлубиятдан (0:1) кейин Қозоғистон миллий жамоаси бош мураббийи Магомед Адиев «СЭ» учун берган интервюсида жамоаси босим остида қолганини айтганди: «Ўйлайманки, барча биз энди бошқа даражага чиққанимиз ва турнир жадвали етакчилари қаторида қолишимиз мумкинлигини тушуниб турибди. Бу йигитларни ҳам маълум маънода чеклаб қўйди. Биз ёмон ўйнадик демайман, аммо финнларга қарши муҳим ўйинда ўз салоҳиятимизни намойиш эта олмадик».
У жамоаси кейинги турларда Копенҳаген ва Ҳелсинкида бўладиган ўйинларда очкосиз қайтишга ҳақли эмаслигини таъкидлаганди. Ўтган турда Данияда мағлубиятга учралгани туфайли энди тўғридан тўғри йўлланма учун имконият фақат Финландия пойтахтида ғалаба қозониш орқали сақланиб қоларди.
Финландия ҳам октябрдаги олдинги турда ўз уйида Словенияга ютқазганди. Шундай экан, икки жамоа ҳам ўзаро учрашувга бир хил ҳолат ва кайфиятда етиб келди — икки жамоа ҳам икки рақобатчини тўрт очко олдинга ўтказиб юборганди. Бу ўйинда ҳеч кимга дуранг керак эмасди, ютқазган томон эса, катта эҳтимол билан финал босқичига чиқиш имкониятини йўқотарди.
Финнлар ўйинни мезбонларга хос тарзда бошлади. Тўпга эгалик қилишди ва рақибни жарима майдони ичига қамай бошлади. Адиев Копенҳагенда мағлуб бўлган жамоа таркибини деярли ўзгартирмаганди. Схемани ҳам. Одатдаги каби уч марказий ҳимоячи билан ўйин бошланди ва финнлар бунга тайёр эди. 13-дақиқада уларда гол уриш учун илк имконият юзага келди. Пуккининг зарбасидан кейин бурчак тўпи ишланди — тўп ўйинга киритилди ва Похянпалога етказиб берилди. Ҳужумчи қайчи услубида йўллаган зарба устун ёнидан ўтиб кетди.
27-дақиқада Финландия дарвозадан тахминан 30 метр масофадан жарима зарбаси ижро этиш ҳуқуқига эга бўлди. Тўпга Лео Мессининг «Интер Майами»даги жамоадоши Роберт Тэйлор яқинлашди ва тўпни тўғри дарвоза тўрига йўллади. Тўп қайтариб бўлмас даражада йўналмаганди, аммо Шацкий унга ета олмади.
Шундан кейин Қозоғистон узоқ вақт ўйинга қайта олмади. Биринчи бўлим охиригача финнлар тўп ва ҳудудларга эгалик қилишда давом этиб, яна бир қанча вазиятларга эга бўлди, аммо ҳисоб ўзгармай қолди.
Адиев танаффусда таркибда ўзгаришлар қилмади ва жамоа ўйинида ҳам ўзгаришлар кузатилмади. Финландия тўпни атайлаб рақибга топширди, аммо Қозоғистон том маънода у билан нима қилишни билмасди.
Фақат иккинчи бўлимнинг дастлабки ўн дақиқаси ўтганидан кейингина ўйинни қайта қуриш жараёни якунланди ва вазиятлар юзага кела бошлади. Минимал ҳисоб қониқтирадиган финнлар эса ўйинни барқарорлаштириш ҳақида ўйларди, аммо меҳмонлар ақл бовар қилмас характер кўрсатишди. Аввалига Тагиберген 40 метр масофадан зарба йўллаб, тўсинни титратган ҳолда ўзини эслатди. Кейин эса тасодифий ҳолат ёрдам берди. Жарима майдони ичидаги оддийдек кўринган ҳолатда ҳакам ўйинни тўхтатди, бироздан кейин мониторга йўл олди. Марочкиннинг зарбасидан кейин тўп Йенсеннинг қўлига теккани ойдинлашди — бу пеналти эди. Зайнутдинов тўпга яқинлаштирди ва совуққонлик билан дарвоза марказига зарба йўллади.
Мезбонлар бош мураббийи дарҳол бир неча алмаштиришлар амалга оширди. Аммо у футболчиларини олдинга чорлаётган маҳалда қозоғистонликлар иккинчи голни уришди. Яна Бахтиёр Зайнутдинов дарвозани ишғол этди. Энди ушбу яримҳимоячи — миллий жамоадаги энг яхши тўпурар.
Қозоғистон очколари сонини 15 тага етказди. Энди барчаси уларнинг ўз қўлида. Ноябрда Сан-Марино ва Словенияга қарши ўйинлар бўлади. Евро-2024 учун тўғридан тўғри йўлламадан бирини олиш имконияти сақланиб қолмоқда.
Сан-Марино — Дания 1:2
Голлар: Голинуччи (61) — Ҳойлунд (42), Поулсен (70).
Сан-Марино – Бенедеттини, Д`Аддарио (Капиккони, 55), Чеволи (Витайоли, 74), Фаббри (Франчози, 88), Росси, Този, Голинуччи, Муларони, Баттистини (Баттистини, 56), Ладзари (Ди Майо, 75), Нанни.
Дания – Шмейҳел, Йелерт (Сков, 62), Киер, Андерсен, Мэле, Эриксен, Нёргор, Ҳёйберг, Линдстрем (Поулсен, 62), Дарами (Винд, 62), Ҳойлунд.
Огоҳлантиришлар: Андерсен (65), Фаббри (70), Капиккьони (83), Ди Майо (88), Муларони (90).
Дания Сан-Маринога уч очкони осонлик билан қўлга киритиш учун келганди. Лекин голни 42-дақиқагача кутишга тўғри келди. Бўлим охирлаганда Ҳойлунд нооддий қарор қабул қилиб, ўткир бурчакдан тўсин остига зарба йўллади. Шундан кейин кўпчилик бу ўйин масаласи ҳал бўлгани ҳақида ўйлай бошлаганди.
Аммо сешанба оқшомида Сан-Маринода юбилей эди ва миллий жамоанинг 200-ўйинида 29-гол урилди. Бунда даниялик фахрий футболчилар ҳам ёрдам бериб юборишди. Аввалига тўпга чиқишда Шмейҳел қўпол хатога йўл қўйди, аммо унга Киер ёрдамга келиб, бўш дарвозага кириб кетаётган тўпни қайтариб юборди. Аммо бурчак зарбаси амалга оширилганида у тўпга ўринсиз тегинди ва дарвозабонни иложсиз ҳолатда қолдирди. Данияни шармандаликдан Поулсен қутқарди. Шу куни миллий жамоадаги 130-ўйинида майдонга тушган ва Петер Шмейҳелнинг рекордини янгилаган Киер ушбу ҳужумчидан миннатдор бўлиши керак.
Шимолий Ирландия — Словения 0:1
Гол: Гнезда-Черин (5).
Шимолий Ирландия – Пикок-Фаррелл, Ҳюм, Эванс, Тоул, Льюис, Томпсон (Прайс, 63), Лайонс (Макменамин, 86), Чарлз, Смит (Чарлз, 63), Маженнис (Уошингтон, 46), Тэйлор (Сэвилл, 62).
Словения – Облак, Стоянович, Карничник, Блажич, Бийол, Янжа (Вербич, 84), Гнезда-Черин, Элшник, Шпорар (Куртич, 76), Шешко, Млакар (Ловрич, 75).
Огоҳлантиришлар: Чарлз (4), Элшник (37), Шпорар (56), Томпсон (59), Смит (60), Эванс (87).
Четлатиш: Чарлз (58).
Белфастда эса, аксинча, гуруҳ етакчиларидан бирини оғир ўйин кутаётгани тахмин қилинганди. Аммо словенлар тезкор гол уриб, ўз вазифасини осонлаштириб олди. Черин жарима зарбасини ажойиб ижро этди, Пикок-Фаррелл эса яқин бурчагидан тўп ўтказиб юборди. Кейин ҳимоячилар ҳам қўпол хатога йўл қўйди— фақат VAR офсайд қайд этди ва Шешконинг голи бекор қилинди.
Мезбонлар эса бунга жавобан ҳеч нарса таклиф қила олишмади. Қолаверса, 58-дақиқадаги четлатиш уларнинг вазифасини янада қийинлаштириб юборди. Умуман олганда, рақобатчилар Қозоғистонга совға қилишмади. Аммо ноябрдаги турларнинг биринчисида Дания ва Словения ўзаро ўйнайди ва жамоалардан камида биттаси очко йўқотиши муқаррар. Қозоғистонликлар эса аввал Сан-Маринони қабул қилади, кейин эса Словенияга сафар ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
17 ноябр. Қозоғистон – Сан-Марино, Финландия – Шимолий Ирландия, Дания – Словения;
20 ноябр. Шимолий Ирландия – Дания, Сан-Марино – Финландия, Словения – Қозоғистон.
C гуруҳи
Англия — Италия 3:1
Голлар: Кейн (32 пеналти, 77), Рэшфорд (57) — Скамакка (15).
Англия – Пикфорд, Уокер, Магуайр, Стоунз (Гейи, 63), Триппиер, Филлипс (Ҳендерсон, 70), Райс, Фоден, Беллингҳем (Грилиш, 85), Кейн, Рэшфорд.
Италия – Доннарумма, Ди Лоренцо, Ачерби (Бастони, 63), Скальвини, Удоджи (Димарко, 63), Орсолини, Кристанте, Барелла, Фраттези, Ал-Шаъровий, Берарди (Распадори, 78), Скамакка (Кен, 63).
Огоҳлантиришлар: Филлипс (9), Удоджи (10), Ди Лоренцо (30), Скалвини (65).
Халқаро ўйинлар бошланиши арафасида Италияда можаро бошланди. Журналист Фабрицио Корона маҳаллий нашрлар билан биргаликда ўйинлар натижаларига пул тикувчи футболчилар учун ов бошлади. «Скуадра адзурра»нинг икки футболчиси — Сандро Тонали ва Николо Дзаниоло ҳам бу ишга аралашган. Улар ноқонуний платформаларда пул тикишганини тан олган, Сандронинг агенти эса ўз мижози лудоманияга (футбол қиморбозлиги) чалинганини тан олган.
Англияликларда эса барчаси жойида. Фақат Люк Шоу ноябргача сафга қайта олмайди. Гарет Саутгейтнинг бошқа барча севимли футболчилари Италия билан ўйин стартида чиқишди: Магуайрга ҳам, Пикфорд ва Филлипсга ҳам жой топилди.
Турнир жадвалидаги вазият қуйидагича эди: Англияда 16 очко ва биринчи ўрин, 10 очкога эга италянлар эса иккинчи ўринни Украина билан бўлишиб турганди.
Англия стартдаёқ босим уюштиришни бошлади: аввалига Рэшфорд жаримадан йўлланган зарбаси билан Доннаруммани синаб кўрди, кейин эса Кейн италиялик голкиперга прессинг уюштирди — у хавфли ҳаракат қилиб, рақибни алдашга киришди ва тўпни олдириб қўйишига бир бахя қолди. Аммо кўп ўтмай меҳмонлар голли ҳужум уюштиришди: италянлар қисқа узатмалар билан ҳужумга чиқиб кетишди, Ди Лоренцо тўпни қанотдан дарвозабон ҳудудига етказиб берди, у ерда эса Скамакка дарвозани ишғол қилди. Биринчи ўйланган ҳужум — ва дарҳол гол.
Бир неча дақиқа ўтиб Ди Лоренцо яна бир гол ташкиллаштирди, аммо бу сафар рақиб учун. Кейн Беллингҳем жарима майдонига киришини кутиб, тўпни ўзида ушлаб турди ва керакли вақтда шеригини тўп билан таъминлади, Жованни эса уни йиқитди. Эпизод видеотакрор орқали текширилгач, Ҳаррига 11 метрдан зарба ижро этиш ҳуқуқи берилди, ҳужумчи уялтирмади — дарвозабонга имкон қолдирмасдан, дарвозанинг юқори ўнг бурчагини аниқ нишонга олди.
Бўлимнинг қолган вақтида ҳисоб ўзгармади. Берарди жарима майдонига ёриб кирди ва узоқ бурчакни нишонга олиб тўпни тепди, аммо Магуайр зарбани ўзига қабул қилди. Стоунз ҳам ҳимоядаги шеригидан ортда қолмасдан, Фраттезининг жарима майдони ташқарисидан йўллаган кучли зарбасини тўсди, бўлим охирида италияликларнинг икки қанот ҳимоячилари кетма-кет зарба йўллади: аммо инглизлар Удожининг ҳам, Ди Лоренцонинг ҳам зарбаларини бартараф этишди.
Танаффусдан кейин эса инглизлар катта куч билан олдинга ташланди. 57-дақиқада Рэшфорд ўтган мавсумдаги конспектларини эслаб қолди ва ўз услубида қанотдан марказга кўчиб, Доннарумманинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди, Жижи қутқара олмади. Бу голдаги яна бир қаҳрамонни эътироф этиш керак: «Реал»нинг янги юлдузи Беллингҳем ўз жамоаси жарима майдони ҳудудидан тўпни олиб қўйди ва рақиб жарима майдони яқинигача олиб борди, италияликлар таянч яримҳимоячисидан ўтди ва ўз вақтида Рэшфордни тўп билан таъминлади.
Кейин Саутгейт жамоаси билан аввал ҳам бўлганидек инглизлар бироз бўшашди ва диққатни йўқотишди. Ўйин тенглаша бошлаганида Кейн ўз имкониятидан фойдаланди ва ғалабани мустаҳкамлади. Энди жамоалар ўйин тугашини кута бошлади: мураббийлар етакчиларига дам бериш учун алмаштиришлар қилишди. Италияликлар ўйинда бурилиш ясашга умид қилишмасди, инглизлар эса тўпни ўзида олиб юришди ва мақсадига эришди.
Бу ғалабадан кейин Англия миллий жамоаси Евро-2024 йўлланмасини қўлга киритишди. Лучано Спаллетти жамоасида эса вазият мураккаб: улар украинларни олдинга ўтказиб юбориб, учинчи ўринга тушиб кетишди. Жамоаларни уч очко ажратиб турибди, аммо италияликларда имконият яхшироқ. Биринчидан, уларда битта захира ўйини бор. Иккинчидан, бу жамоалар ноябрда ўзаро ўйин ўтказишади.
Бошқа томондан, Спаллетти жамоасини Шимолий Македонияга қарши ҳам ўйин кутмоқда — сўнгги икки йилда италян футболи учун бош антагонистлар. Улар Италияни ЖЧ-2022 га ўтказмаганди ва Евро-2024 саралашида очколардан маҳрум этганди.
Малта — Украина 1:3
Голлар: Мбонг (12) — Камензули (38, автогол), Довбик (43, пеналти), Мудрик (85).
Малта – Бонелло, Борг, Пепе, Борг, Камензули, Гийоме, Янкам (Пизани, 86), Мускат (Кристенсен, 69), Мбонг (Аттард, 79), Нвоко (Сатариано, 68), Мбонг (Монтебелло, 86).
Украина – Трубин, Матвиенко (Сваток, 46), Забарний, Миколенко, Зинченко (Пихаленок, 87), Сидорчук, Мудрик, Судаков (Назарина, 67), Караваев (Зубков, 76), Довбик, Ванат (Конопля, 67).
Огоҳлантиришлар: Матвиенко (31), Марколини (59), Пизани (90), Зубков (90).
17 ноябр. Англия – Малта, Италия – Шимолий Македония;
20 ноябр. Шимолий Македония – Англия, Украина – Италия.
G гуруҳи
Сербия — Черногория 3:1
Голлар: Митрович (9, 73), Тадич (77) — Йоветич (36).
Сербия – Милинкович-Савич, Велкович, Миленкович, Павлович, Младенович (Костич, 46), Гудел (Максимович, 68), Лукич (Самаржич, 79), Илич (Милинкович-Савич, 46), Живкович, Тадич, Митрович.
Черногория – Миятович, Марушич, Томашевич, Савич, Тучи (Раичкович, 85), Вукчевич (Радунович, 31), Янкович (Осмайич, 85), Куч, Йоветич, Цамай (Йовович, 72), Крстович.
Гудел (49), Савич (58), Йовович (88), Томашевич (89).
Ўтган турда Венгриядан мағлуб бўлган Сербия ўз майдонида Черногорияни мағлуб этиши шарт эди. Ва жамоа тўққизинчи дақиқадаёқ Александр Митровичнинг зарбаси билан ҳисобни очди. Аммо 36-дақиқада жавоб голи ўтказиб юборилди.
Иккинчи бўлим ўрталарига бориб ҳам дуранг ҳисоб сақланиб турганди. Аммо серблар барибир ўз мақсадига эришди, бунинг учун жамоа Митрович ва Душан Тадичдан миннатдор бўлиши керак. Етакчилар тўрт дақиқа ичида бир-бирига ассистлар узатиб, икки гол уришди.
Энди Сербияда гуруҳнинг энг кучсиз жамоаси — Болгарияга қарши ўйин қолган. Ўйиндан олдин серблардан фақат икки очко ортда турган Черногория энди кейинги турларда Литва ва Венгрия устидан ғалаба қозониши, шунингдек Сербия очко йўқотишини кутиши керак. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин, аммо бундай сценарийнинг эҳтимоли кам.
Литва — Венгрия 2:2
Голлар: Черних (20), Ширвис (36) — Собослаи (67, пеналти), Варга (82).
Литва – Зубас, Гирдвайнис, Лекятас, Уткус (Кажуколовас, 64), Ширвис (Бенета, 76), Ласицкас, Воробев, Гинейтис, Черних (Янкаускас, 65), Сливка, Паулаускас.
Венгрия – Дибус, Него (Чобот, 62), Фиола, Ланг, Салаи, Керкез (Над, 46), Шаллаи, Газдаг (Стайлз, 46), Над, Собослаи, Варга.
Огоҳлантиришлар: Лекятас (42), Собослаи (55), Уткус (55), Кажуколовас (71), Фиола (74), Ласицкас (90).
Гуруҳдаги параллел учрашувда Литва ва Венгрия ўртасидаги шиддатли тўқнашувга айланди. Литваликлар кутилмаганда биринчи бўлимдаёқ икки гол уриб олишди ва ғалаба ҳақида ўйлай бошлашди. Иккинчи бўлимда венгрлар ўзига келди ва дурангга эришишди. Доминик Собослаи 67-дақиқада пеналтини аниқ ижро этди, 82-дақиқада голли узатма муаллифига айланди.
Венгрия камбэк туфайли гуруҳда биринчи ўринни сақлаб қолмоқда. Жамоада захира ўйини ҳам бор. Бу гуруҳда катта эҳтимол билан саралаш босқичи якунигача ўринлар ўзгармайди ва Евро гуруҳ босқичига чиқадиган жамоалар номи ҳозирдан аниқ бўлиб улгурган.
16 ноябр. Болгария – Венгрия, Черногория – Литва;
19 ноябр. Венгрия – Черногория, Сербия – Болгария.
Мавзуга оид
12:47 / 22.11.2024
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
12:33 / 21.11.2024
Қозоғистон ҳолдинги Ўзбекистондан 169 нафар мутахассисни иш билан таъминлайди
16:29 / 19.11.2024
Қозоғистонда магистрал йўлда ўртача тезликни оширганлар жаримага тортилади
20:59 / 18.11.2024