Жаҳон | 16:29 / 19.10.2023
10191
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Миср билан Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказиш бўйича келишувга эришди

Чегарадан дастлаб 20 та юк машинаси юборилади. Агар улар ҲАМАС томонидан мусодара қилинмаса, Миср орқали инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш мунтазам давом эттирилади.

Фото: REUTERS/Evelyn Hockstein Evelyn Hockstein/Reuters

Миср ҳудудидан Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказиб берилиши учун Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти очилмоқда. CNN хабарига кўра, АҚШ президенти Жо Байден бу борада Миср президенти Абдул Фаттоҳ Ас-Сиси билан келишувга эришди. 

Байденнинг сўзларига кўра, Миср дастлаб 20 та юк машинасини ўтказишга рози бўлган. Сектор томонда уларни БМТ вакиллари кутиб олади ва ёрдамни тақсимлаш билан шуғулланади. Агар жараёнга ҲАМАС халақит бермаса, масалан, юкларни мусодара қилмаса, Миср томондан инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш мунтазам амалга оширилади, деган АҚШ президенти. 

Байден дастлабки юклар жума кунидан олдин етиб бормаслигини қўшимча қилган: «Улар йўлларни ямашмоқчи. Юк машиналари ҳаракатланиши учун йўллардаги чуқурликлар ёпилиши лозим. Тахминларга кўра, бунинг учун саккиз соат атрофида вақт кетади», — деган Байден.

Бундай келишувга эришилганини Миср президенти матбуот котиби Аҳмад Фаҳми ҳам тасдиқлаган. У юкларни етказиб айнан қачон бошланишига аниқлик киритмаган. Аввалроқ Қизил Хоч жамиятининг Шимолий Синайдаги бўлими раҳбари Холид Зайд Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктининг Миср томонида уч тоннадан юк ортилган 200 дан ортиқ юк машиналари тўпланиб турганини айтганди.

Бинямин Нетаняҳу ва Байден ўртасидаги музокаралардан кейин унинг офиси Исроил томони Рафаҳ пункти очилишига қарши эмаслигини билдирган, фақат инсонпарварлик ёрдамлари сектор жанубидаги фаластинликларга тарқатилиши ва ҲАМАС қўлига етиб бормаслиги таъминланишини шарт қилиб қўйганди.

Бундан олдинроқ Байден фаластинликлар учун 100 млн долларлик инсонпарварлик ёрдами ҳақида эълон қилганди.

  • ҲАМАС ҳаракати аъзолари 7 октябр куни Исроилга ҳужум қилганди. Улар мамлакат ҳудуди бўйлаб ракета зарбалари йўллади ва Исроил жанубидаги чегара ҳудудларга бостириб кириб, тинч аҳоли вакилларини ўлдирган ҳамда одамларни гаровга олганди. Бунга жавобан Исроил мудофаа армияси ҲАМАСга қарши амалиёт бошлади, унинг доирасида Ғазо сектори «тўлиқ блокада» қилинди, ичимлик сув ва электр, озиқ-овқат ва ёнилғи етказиб бериш тўхтатилди. БМТдагилар бу қарорни қоралаган, бундай чора тинч аҳоли ўртасида кўплаб қурбонларга сабаб бўлувчи «коллектив жазо» ҳисобланишини билдирганди. 

Мавзуга оид