Ўзбекистон | 20:46 / 19.10.2023
44173
2 дақиқада ўқилади

Жиззахлик фермер пиёз етиштириш бўйича рекорд ўрнатди 

У гектаридан 150 тонна пиёз ҳосилини олган. 

Жиззах вилояти, Зомин тумани, «Чорвадор» қишлоғидаги «Жилғалисой шабадаси» фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Мирзаев 2023 йилда ҳар гектар майдондан 150 тонна пиёз ҳосилини олиб, рекорд ўрнатди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Kun.uz нашрига маълумот берди. 

Қайд қилинишича, Бахтиёр Мирзаев тик қудуқ қазиб, ўз далаларига томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган. Маҳаллий пиёз уруғларини экиб, рекорд даражада пиёз етиштиришга эришган. 

«Бу йилги натижа билан тўхтаб қолиш ниятимиз йўқ, кейинги йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий тадқиқот институти олимлари билан биргаликда гектаридан 160 тонна ҳосил олишни режа қилганмиз. Кейинги 3 йилда ҳосилни янада кўпайтириб, гектаридан 200 тоннагача ҳосил олишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз», деди ўз ютуғидан мамнун бўлган фермер. 

Вазирликнинг таъкидлашича, бугунги кунда дунёда 4,5 млн гектар майдонга пиёз экилиб, 92,1 млн тонна маҳсулот етиштирилмоқда. Ўртача ҳосилдорлик гектаридан 19,3 тоннани ташкил этади. Пиёз етиштириш бўйича Хитой, Ҳиндистон, АҚШ, Эрон давлатлари етакчи ўринни эгаллайди. 

Ўзбекистонда ҳам пиёзнинг янги серҳосил ва турли муддатларда етиштиришга мос навларини яратиш, уруғидан, кўчатидан ҳамда нўшидан етиштиришда такомиллашган технологияларни, хусусан сув тежовчи технологиялар — томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш тизимини қўллаш орқали ҳозирги кунда бир қатор фермерлар яхши ҳосил олмоқда.

Мавзуга оид