Ўзбекистон | 23:40 / 19.10.2023
46158
3 дақиқада ўқилади

Сергелидаги портлашдан сўнг 4 киши қамоққа олинди — ҳукумат комиссияси 

Ёнғин ҳудудидаги омборхонада катта миқдордаги кимёвий моддалар ва қурилиш материаллари ноқонуний сақлангани аниқланган. Умумий зарар миқдори 14,5 млрд сўмни ташкил қилган. 

28 сентябр куни Тошкент шаҳри, Сергели туманида жойлашган Interlogistics МЧЖ ҳудудидаги омборхонада содир бўлган ёнғин ва портлаш оқибатида очилган жиноят иши доирасида 4 нафар шахс қамоққа олинди, 1 нафарига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланди. Бу ҳақда портлаш оқибатларини ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Ҳукумат комиссияси маълумот берди. 

Қайд қилинишича, ёнғин бошланган жой ва портлаш ўчоғи металл ва «сэндвич» панеллардан қурилган омборда юз берган. Ёнғин ва портлаш оқибатида омборнинг металл конструкциялари деформацияга учраб, қулаб тушган. 

Ёнғин содир бўлган омборхонада катта миқдорда кимёвий моддалар, қурилиш ва бошқа маҳсулотлар белгиланган талабларга риоя қилинмасдан аралаш ҳолда, жумладан, водород пероксиди сақланган жой яқинида гулқоғозлар ва бошқа ёнувчи материаллар сақлангани аниқланган. Ўрганиш натижасига кўра, омборхонада сақланаётган кимёвий модда ва материалларнинг ўзаро таъсирланиши ва кимёвий ўз-ўзидан ёниши юзага келиб, портлаш содир бўлган. 

Ҳодиса содир бўлган омборхона ҳудудида 12 та ижарачи компаниянинг катта миқдордаги турли хил номенклатурадаги товарлари сақланган. 

Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. 4 нафар шахс қамоққа олинган, 1 нафарига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланган. 

Қайд қилинишича, фавқулодда вазият оқибатида жабрланганлар сони 163 нафарни ташкил этган бўлиб, уларнинг 150 нафари енгил ва 13 нафари оғир тан жароҳати олган. Бир нафар вояга етмаган фуқаро оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган. Ҳозир жароҳатланган барча фуқароларнинг саломатлиги тикланган. 

Фавқулодда вазият оқибатида 39 та кўпқаватли уйдаги 1370 та хонадон ҳамда 246 та ерли хонадоннинг, 1 мактаб ва 1 боғчанинг фасад, ойна-ром, эшик ва том қисмига зиён етказилган ва умумий зарар миқдори 14,5 млрд сўмни ташкил этган. Ҳозир ушбу объектларга пудрат ташкилоти бириктирилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Таъкидланишича, комплекс суд экспертиза, тергов ва суд жараёнлари якунлангач, аниқланган зарар миқдори айбдор деб топилган жавобгардан қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ ундириб олинади. 

Ҳолат юзасидан комплекс суд экспертиза хулосалари ва тергов натижаларига кўра якуний хулоса қилинади. 

Мавзуга оид