Шавкат Мирзиёев: «Халқаро майдонда ўзаро ишонч ва бир-бирини тушуниш инқирози кескин сезилмоқда»
Президент Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг иккинчи йиғилиши иштирокчиларига мурожаат йўллади.
Қайд этилишича, сўнгги йилда Туркий давлатлар ташкилотида Ўзбекистон раислигида муҳим аҳамиятга молик ва кенг қамровли ишлар амалга оширилди, ҳамкорлик янада кенгайди ҳамда янги юксалиш суръатига эга бўлди.
Ўзбекистоннинг раислиги доирасида мамлакатлар иқтисодиёт, савдо, соғлиқни сақлаш, таълим, космос, энергетика вазирликлари ва идоралари ҳамда махсус хизматлари раҳбарларининг қатор муҳим учрашувлари ўтказилди.
Туркий дунёнинг илм-фан, маданият ва санъат соҳаларидаги тараққиётига ҳисса қўшган атоқли шахсларни тақдирлаш учун таъсис этилган Алишер Навоий номидаги мукофот биринчи марта топширилди. Ўзбекистон Халқаро туркий маданият ташкилотига тўлақонли аъзо бўлди, ТУРКСОЙ ташкил этилганининг ўттиз йиллиги тантанали равишда нишонланди.
“Бугунги анжуман Ташкилот кун тартибидаги ўта муҳим воқеалардан биридир, чунки ваколатли идораларнинг хавфсизликка қарши замонавий таҳдидларни бартараф қилиш ва мамлакатларимизни барқарор тараққий эттириш йўлларини излаш бўйича ҳамкорликдаги ишлари алоҳида аҳамият касб этиб бормоқда”, дейилади мурожаатда.
Билдирилишича, бундай форматдаги учрашув хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш ҳамда бугунги нотинч дунёдаги умумий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши биргаликда жавоблар ишлаб чиқиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилади.
“Ўтган йили Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг биринчи йиғилишида эришилган самарали натижаларни юқори баҳолаймиз. Ишончим комилки, туркий тилли мамлакатлар Хавфсизлик кенгашлари котиблари даражасидаги кўп томонлама ҳамкорлик механизми Туркий давлатлар ташкилоти маконида хавфсизлик соҳасидаги мулоқотни мутлақо янги даражага олиб чиқади”, дейилган президент мурожаатида.
Таъкидланишича, ушбу йиғилиш халқаро миқёсда мураккаб вазият ҳукм сураётган бир шароитда бўлиб ўтмоқда. Бугунги кунда жаҳон прогноз қилиш қийин бўлган ва ҳатто олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларни келтириб чиқарадиган фундаментал ўзгаришларни бошидан кечирмоқда.
Халқаро майдонда ўзаро ишонч ва бир-бирини тушуниш инқирози кескин сезилмоқда. Глобал ва минтақавий хавфсизликка қарши таҳдидлар кучаймоқда ва янги хавф-хатарлар вужудга келмоқда.
“Шу муносабат билан сизлар раҳбарлик қилаётган тузилма ва идораларга алоҳида масъулият юклатилмоқда.
Сизлар иштирок этаётган йиғилиш кун тартиби жуда сермазмун, биргаликда қарорлар қабул қилишни ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият юритишни талаб этадиган муҳим масалалар сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.
Бугун сизлар терроризм, экстремизм ва ёшларнинг радикаллашуви, кибержиноятчилик, наркотик воситаларнинг тарқалиши, трансчегаравий жиноий гуруҳлар фаолиятига қарши курашишда кучларни бирлаштириш ҳамда фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш билан боғлиқ бўлган кенг кўламдаги долзарб вазифалар юзасидан фикр алмашасиз.
Ушбу анжуман мамлакатларимиз ва минтақадаги хавфсизликка нисбатан таҳдидларни бартараф этишда ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш имконини берадиган сермаҳсул фикр алмашувлар ҳамда янги таклиф ва ташаббусларга бой бўлишини тилайман”, дея якунланган мурожаат.
Мавзуга оид
12:27 / 09.11.2023
Рақамли божхона, саноат кооперацияси, энергетика: ИҲТ доирасида Ўзбекистоннинг таклифлари
12:06 / 09.11.2023
Шавкат Мирзиёев ИҲТ доирасида савдони соддалаштириш тўғрисида битим қабул қилишга чақирди
11:34 / 09.11.2023
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади
10:57 / 09.11.2023