Ўзбекистон | 14:20 / 20.10.2023
28787
5 дақиқада ўқилади

“Васий ота қизларни зўрлади, бошқаси алдади, энди адолатни суддан кутамиз” – ҳуқуқ фаоллари педофил амалдорлар иши ҳақида 

“Уятсиз ҳаракат қилган одам ўн йиллаб қамалса-ю, вояга етмаган қизлар билан 10 ойлаб айш-ишрат қилган амалдорлар енгил жазо олса, жамоатчилик норозилигига тўла асос бор”, – дейди ҳуқуқ фаоллари. 

Ҳуқуқ фаоллари Абдураҳмон Ташанов ва ва Камола Алиева Kun.uz’га берган интервюсида Хоразмда маҳаллий амалдорларнинг оилавий болалар уйи тарбияланувчиларига нисбатан содир этган жиноятлари ва бу борада давом этаётган тергов ҳаракатлари ҳақида фикр билдирди.  

— Педофилия мавзусида гаплашарканмиз, Хоразмдаги маҳаллий амалдорларнинг болалар уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келгани ва унинг ҳозирда давом этаётган қайта тергови масаласи ҳам четда қолмаслиги керак. Хўш, бугун иш доирасида вазият, тергов қайси босқичда?

Абдураҳмон Ташанов:

— Бу иш, агар бошроғига қайтадиган бўлсак, 2021-2022 йилларда 10 ой давомида содир қилинган. Унда Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг туман бўлими раҳбари айбланган. Аммо судда уларга ниҳоятда енгил жазо берилган. Бу ҳақида жамоатчилик кўп гапирди. Бизнинг идоралар жавобгарликка тортилаётган шахсларнинг ҳуқуқига ёпишиб олган, ташқаридагиларнинг ҳуқуқи эса йўқ.

Март ойида бу воқеалардан жамоатчилик жунбишга келтирганини яхши эслаймиз. Бунга асос ҳам бор эди, чунки айбдорларга жуда енгил жазо тайинланган. Ўзингиз ўйланг, ёш болага қарата битта уятсиз ҳаракат қилган одам 19 йилга кетиб турса-ю, 10 ой давомида шундай бузуқ ишлар қилиб юрган одамларга бундай енгилгина жазо берилса. Бу – жамиятда ижтимоий тенглик бузилганини ва ноҳақликни кўрсатади.

“Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонунда қаровчиси бўлмаган болаларнинг васийлари прокуратура ва Адлия органлари ҳисобланади. Жиноят эса ўша болаларнинг васийси — маънавий отаси томонидан содир этиляпти. Адлия вазирлиги ходими жиноятни содир қилган бўлса, прокуратура ёлғон маълумот бериб, уларни процессуал тартибда қамоққа олинди, деяпти. Аммо қамоққа олинмаганини яхши биламиз. Олий судга иш бўйича процесс берилган, деди прокуратура, Олий суд эса бизга берилмаган, деяпти. Бир ота алдаса, бири зўрласа, жамоатчилик яна қандай қилиши керак?

Август ойида жамоатчилик босими билан суд жиноят ишида 118-модда (номусга тегиш бўйича) аломатлари бор, деб, Хоразм прокуратурасига қайта терговга юборган. Суднинг иши ҳам қизиқ-да, олдин ҳам Хоразмда тергов қилинган, энди эса яна қайта Хоразмга юборди. Прокуратура бошлиғи ўша айбланувчи амалдорлар билан ошга борган, бир даврада бўлган, йўли кесишган. Оқибат нима бўлди? Иш судга яна 128-модда билан қайтиб келди. 128-модданинг ҳам кейинги киритилган ўзгартиришларида оғир жазолар бор.

Жамоатчилик бу масалаларда савол беришга ҳақли. Кимдир кўчада ё бошқа жойда уятсиз ҳаракат қилиб қўйса, фалон йил қамаб юбориб, 10 ой айш-у ишрат қилиб, хизмат уйларини шунақа жойга айлантириб олиб, вояга етмаган болалар билан бузуқ ишларни қилиб юрган адлия амалдорларига шунақа енгил жазо берилаётган бўлса, жамоатчилик норозилигига тўла асос бор.

Болалар омбудсманининг аввалги раҳбари Алия Турғуновна бу иш бўйича жуда кўп жон куйдирди. Аммо кучи етмади. Ўша амалдорларнинг орқасида «одамлари» бор эканлиги ҳақида хабарлар ҳам юрибди. Агар эртага суд ҳукми ўзгаришсиз қолиб, яна ўша енгил жазо бўлса, бундай гапларга ишонишга тўғри келади. Умуман, ижтимоий нотенглик борлигини кўрсатади. Кейин эса жамоатчиликни норозиликдан тийиб бўлмайди, одамлар шуни кўрдими — гапиради барибир. Ҳукумат ўзининг репутациясини, легитимлигини ўйлайдиган бўлса, шунақа ҳуқуқий масалаларда эҳтиёт бўлиш керак. Бу нарсалар давлатнинг легитимлигини тушириб юборади.

Камола Алиева:

— Ўша амалдорларнинг адвокати судда жиноят таркиби йўқ, деяпти. Нимага бунақа деётганини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бизда жинсий зўрлаш деганда зўрлик ишлатиб, куч билан жинсий зўрлаш тушунилади. Дунёда эса куч ишлатадими, йўқми, розилик бермаган бўлса бўлди, ўша ҳолат жинсий зўрлаш ҳисобланади деган меъёр киритиляпти.

Розилик масаласига тўхталсак. Ҳали 16 ёшга етмаган қизлар розилик билдиргани билан унинг аҳамияти йўқ, чунки улар вояга етмаган, бундай қарор қабул қилолмайди. Моддий манфаат масаласи, қўрқитиш, алдаш масалалари бор. Яна бир ёмон томони шуки, бу жиноят иши кўрилган пайтида янги қонун қабул қилинмаган эди, олдин кўрилган ишларни янги қонун бўйича қайта кўролмаймиз. 

  • Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид