Жаҳон | 14:08 / 22.10.2023
22336
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Давлат департаменти мулозими Исроилга ҳарбий ёрдам туфайли истеъфога чиқди

Фото: Lisi Niesner / Reuters

Давлат департаменти мулозими Жош Пол АҚШнинг ҲАМАС ҳаракати ҳужумидан кейин Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатиш қароридан норози бўлгани учун истеъфо берди. Бу ҳақда The Washington Post хабар бермоқда.

Жош Пол 11 йилдан буён департаментнинг қурол етказиб бериш билан шуғулланувчи сиёсий-ҳарбий ишлар бюросида АҚШ конгресси ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича директор лавозимида ишлаб келаётганди.

У президент Жо Байден маъмуриятининг Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича қарорини «импулсив реакция» деб атаган ҳамда фаластинлик тинч аҳолининг ўлимига ҳисса қўшаётган ишни давом эттира олмаслигини билдирган.

«Мен Исроил ҳукумати [ҲАМАС] ҳужумига жавоб қайтариш ва ҳимояланиш ҳуқуқига эгалигини тан оламан. Аммо масала шундаки, бу жараёнда қанчалаб фаластинлик болалар ҳалок бўлиши мумкин», — деган Пол. Унинг сўзларига кўра, истеъфосини эълон қилгани ва бунинг сабабларини изоҳлаганида, Давлат департаментидаги кўплаб ҳамкасблари томонидан қўллаб-қувватланган.

АҚШ Давлат департаменти изоҳ беришдан бош тортган. WSJ нашри қайд этишича, Полнинг истеъфоси — Байден маъмуриятидаги Исроилни қўллаб-қувватлашига қарши камдан кам норозилик намунасидир.

Исроил ҲАМАС ҳужумининг эртасига, 8 октябр куни АҚШдан қўшимча ҳарбий ёрдам сўраганди. Шу куни Пентагон Исроил армиясига қўшимча техника ва ресурслар, жумладан, ўқ-дори етказиб беришини маълум қилди. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Ўрта Ер денгизи шарқига авиаташувчи кема жўнатган ҳамда минтақада F-35, F-15, F-16 қирувчи самолётлари ва А-10 штурмовикларидан иборат эскадрилясини кучайтирди.

Кейинроқ Ўрта Ер денгизига Американинг яна бир авиаташувчиси йўл олди, минтақага денгиз пиёдаларининг қўшимча контингенти юборилди. Байден 18 октябр куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашувда АҚШ Исроилнинг тинчлик ва эркинликка бўлган интилишини «бугун ҳам, эртага ҳам, доимо» қўллаб-қувватлашини билдирди.

Мавзуга оид