Жамият | 23:04 / 22.10.2023
21267
9 дақиқада ўқилади

“Чўл бўриси” – ички “мен”лар мунозараси ҳақида роман

Циркда бўрини кўрганмисиз? Филни кўрганмиз, маймун, тулкини учратганмиз. Борингки, шерга ҳам кўзимиз тушган. Аммо бўрини кўрмаганимиз аниқ.

Эртакларда ҳеч бўрининг айёрлик қилганини, ялтоқланганини эшитганмисиз. Йўқ, албатта. Аксинча ўзининг соддалиги билан доим айёрларга чув тушиб юришидан хабардормиз. Эртаклардаги бундай образ ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Бўрининг ўзига хос характери, феъл-атвори бор. Унинг табиатида айёрлик қилиш, ялтоқланиш, ожизларча бўйсуниш каби хусусиятлар мавжуд эмас. Бу жонзот ўз ҳолича мард, адолатли ва озод. Бу озодлигини бой бергандан кўра ўлимни афзал билади.

Одам-чи? Инсон бўричалик ҳам эмас. Биз одамларда минг бир қиёфа мавжуд. Истаган ниқобимизни вазият тақозоси билан хоҳлаганча алмаштира оламиз. Бизда тулкининг ҳам, қўйнинг ҳам, шер-у маймуннинг ҳам, умуман, ҳамма ҳайвоннинг характери, хусусияти топилади. Ҳерман Ҳессенинг “Чўл бўриси” асарида бош қаҳрамон Ҳарри Ҳаллернинг ботинида бўри ва одам бир-бири билан доимий курашда экани акс этади.

Сюжет:

Асар Ҳаллер ижара уй сўраб бир аёлнинг панционига келишидан бошланади. Ижарага қўювчи аёлнинг жияни ҳам айни шу панционда истиқомат қиларди. Аввалига у ғаройиб табиатли Ҳаллерни унча ёқтирмайди. Унинг хатти-ҳаракатларига энсаси қотади. Аммо бир неча бор суҳбатлашгач фикри ўзгаради. Ҳаллернинг бошқа одамларга ўхшамаслиги, балки буюк шахсларга хос фикрлайдиган билимли инсон эканини фаҳмлайди. Асар айни шу одам тилидан ҳикоя қилинади.

Бир куни Ҳарри Ҳаллер бирдан панционни тарк этади. Ҳикоячи унинг хонасидан эсдаликлар дафтарини топиб олади. Бу эсдаликнинг биринчи сарлавҳасига “Фақат жиннилар учун” деб ёзилган эди...

Эсдаликка кўра, Ҳаллер кўчалар бўйлаб юрганида ёшгина йигитни учратиб қолиб, ундан “Чўл бўриси ҳақида трактат” китобини сотиб олади. Бу трактатда у ўзининг руҳиятига ўхшаш ярим “одам” ва ярим “бўри” киши ҳаётидан хабардор бўлади. Муаммо шундаки, бу иккала қалб мунтазам равишда баҳслашиб яшайди.

Китобдан таъсирланган Ҳаллер ҳаётини ўзгартирмоқчи, ўзини ўзгалар каби рисоладагидек тутмоқчи бўлади. У таниши – профессорникига меҳмонга боради. Профессор уни кечки пайт ўзиникида бўладиган зиёфатга таклиф этади. Ҳаллер ноилож рози бўлади. Аммо зиёфада бўладиган такаллуф, мулозаматлар, соҳталикларни ўйлаб юраги сиқиларди. Ичидаги бўри бундай масхараомуз вазиятларда исён кўтарарди. 

Зиёфат пайтида Гётенинг портретини кўриб қолади. Бу сурат Ҳаллерга ёқмайди. Уй эгасига суратдаги одам Гётега сираям ўхшамаганини айтади. Уни профессорнинг аёли чизган эди. Ўртада ноқулай вазият юзага келади ва Ҳаллер бутун зиёфат давомида тақиб юришга мажбур бўлган “ниқобини” ечиб ташлайди ва ҳамма нарсани рўйи-рост гапира бошлайди. Профессор билан баҳслашиб уни хафа қилади. Шундай машъум баҳслашувдан кейин у ўзини ўлдирмоқчи бўлади. Бироқ айни пайтда бундан қўрқарди ҳам. Ўзича ичидаги иккинчи шахс — “бўри” менинг устимдан куляпти деб ўйлайди. Иккиланиб уйига боргиси келмайди, шаҳар бўйлаб токи “Қора бургут” меҳмонхонасида бир қизни учратгунга қадар тентираб юради. У қиз ҳузурида бироз таскин топади ва ундан ўзига оналар каби ғамхўрлик қилишини сўрайди. Қиз жуда ажойиб эди, Ҳаллерни сўзсиз тушунарди. Унинг фикр-хаёлини ўқиб турарди. Ҳаллер уни ёшлигидаги Ҳермин исмли дўстига ўхшатгани учун Ҳермина дея атай бошлайди. 

Ҳермина унга рақс дунёсини кўрсатади. Ўзига мафтун қилишини, аммо охирида Ҳаллер уни ўлдириши кераклигини айтади. У орқали Ҳаллер қисқа вақт ичида ҳаётидан завқланиб яшай бошлайди ҳамда саксофон чалувчи йигит Пабло билан танишади, ёшгина Марияни севади. Шунга қарамасдан, Ҳаллернинг руҳи яна тушкун бўлади, чунки чўл бўриси азобсиз, андуҳсиз яшай олмайди.

Охирида Пабло унга сеҳрли театрни кўрсатади. У Ҳаллерга ўйин қоидаларини ўргатади: унинг ёлғиз ўзи турли эшикларни очиши кераклигини, уларнинг ортида ўзининг ҳаётидаги аҳамиятли бўлган воқеалар гавдаланишини тушунтиради. Бундан ташқари, Ҳаллер ўзининг руҳиятига назар ташлайди. Аммо у ўйинда ютқазади, чунки охирги эшик ортида Ҳермина билан Паблонинг яланғоч ҳолда ерда ётганини кўради. Пабло унга у ўзининг хомхаёллари билан ҳақиқатни кўрмайдиган бўлиб қолганини тушунтиришга уринади. Ҳаллер ўйиндан ҳеч нарса ўрганмайди, шунинг учун ҳам у Ҳерминани ўлдириб қўяди…

Таҳлил:

“Чўл бўриси” ижтимоий-психологик асар. Ижтимоийлиги шундаки, бош қаҳрамоннинг ўй-хаёллари, хатти-ҳаракатлари атрофида кечаётган ҳодисалар, жамиятнинг воқеликларга қарашлари, айниқса, қаҳрамоннинг жамиятга қарашлари тўла акс этган. Ҳаллернинг ичида чиндан ҳам бўри ва одам доимий мунозарада яшарди. Турли ҳил ортиқча мулозаматлар, лаганбардорлик, иккиюзламачиликларни кўрганда ичидаги бўри ғашланар, исён қилар, ёлғон ва сохталикларга чидолмас эди. “Одам” ва “бўри”лик табиати доим бир-бири билан ўчакишар, бир-бирини инкор қилар, камдан кам ҳолатларда сонияларгагина келишув ҳолатлари кузатиларди. 

Бўри Ҳаллердан мардлик, ростгўйлик, аслликни истаса, одам атроф-муҳитга қараб мослашишни, вазиятга қараб иш тутишни, такаллуфли бўлишни талаб қиларди. Қолаверса, жамият ҳам одам истаган хусусиятлар бўйича иш кўрарди...

Ҳаллер мешчанлик ҳаётини, яъни турмушнинг майда икир-чикирларига ўралашиб яшашни ва шу тарзда бебаҳо умрни беҳуда ўтказиб юборишни қаттиқ қораларди. Бундан ташқари, у урушга мутлақо қарши. Инсоният бошига чексиз кулфат, уқубатлар солувчи, миллионлаб бегуноҳ болалар ва аёлларни ҳам аяб ўтирмайдиган лаънати урушни қоралаб бир қанча мақолалар ҳам эълон қилган, бу мақолалари учун уруш тарафдори бўлган очкўзлардан раддиялар ҳам олиб улгурганди.

Ҳаррининг муқим бир ватани йўқ. Унинг ватани бутун ер юзи эди. Шу сабабдан ҳам инсоният томонидан уюштириладиган хунрезликларга, экологиянинг булғанишига шунчаки қаролмайди. У маънавият, маърифат, маданият, экология, санъат, қўйингки, барча ижобий соҳаларга қайғуриб, жон куйдириб яшайди. Доимий ўзини тафтиш қилади. Жудаям кўп мутолаа қилади. Унинг ўз олами бор, лекин бу оламда дўстлари жудаям кам. У яқин муносабат кўрсатган инсонлари бўрилик “қиёфаси”ни кўриб қолгудек бўлса, уни тарк этишарди. Айнан шу бўрилик қиёфасига қизиқиб яқинлашганлар одамлик “қиёфаси” ҳам борлигини сезгач Ҳарридан ҳафсалалари пир бўларди. 

Ҳарри доим ниманидир кутарди. 47 ёшли эркак 50 ёшида ўз жонига қасд қилишни режалаштирганди ҳам. Абадий ҳаётда ўзи истаган ҳамма нарсани учратаман, ўзим каби инсонларни топаман деб хаёл қиларди. Ўлимни исташ баробарида, айни пайт ўлимдан жуда қўрқарди ҳам. Хуллас, Ҳарри Ҳермина билан учрашгунга қадар ана шундай ёввойиларча яшаб юрганди. 

Ҳермина оддий бир куртизан, яъни юқори табақа вакиллари атрофида айланиб юрадиган суюқоёқ аёл эди. Аммо у Ҳаррининг кечмишларини жуда яхши англаб турарди ва шунга яраша хатти-ҳаракат қиларди. 

У Ҳаллерга мешчанлар ҳаётини бор бўйича кўрсатди, кўрсатдигина эмас, бу ҳаётнинг ичига олиб кирди. Шу ҳаётда яшашга, арзимас нарсалардан ҳам бахтли бўлишга мажбур қилди. Ҳар жиҳатини кўрсатиб Ҳаллерни мафтун қилди. Аслида Ҳермина бу ҳаётнинг кўнгилхушликлари, ўткинчи ҳис-туйғулари, бир сўз билан айтганда, ҳою-ҳаваслар рамзи эди. Ҳарри уни ўлдирди. Бу орқали у ўз ботинидаги ана шундай нарсаларга мойилликларини ўлдиролди. Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Аммо бизнинг қаҳрамонимиз унинг кўксига пичоқни шунчалар қаттиқ ботирадики, пичоқ сопигача кириб кетади...

Агар дунёда Ҳаллер сингари ўз-ўзини тафтиш қилувчи, асл қиёфаси билан яшовчи, уруш-у қонхўрликларга, экологик муаммоларга қарши курашувчи инсонлар кўпайганда эди, ҳозирги кундаги бемаъни урушлар, табиатга етказилаётган зарарлар, жамиятлардаги манфур иллатлар камайган бўларди. Инсонлар ҳаётнинг икир-чикир маиший муаммоларидан бош кўтариб теварак-атрофга қараса, қурсоғидан ортиб бошқалар ҳақида қайғурса, келажак ҳақида ташвишланса эди, дунё гуллаб-яшнарди. Афсуски, Ҳаллер сингари одамлар бугун жамият томонидан туфлаб ташланяпти, жинни дея масхара қилиняпти. Чиқитга чиқариляпти. Чунки биз оддий инсонларга ҳеч нарсани таҳлил қилмасдан, ташвишланмасдан, умумни эмас, хусусни ўйлаб яшаш маъқулроқ...

Асар аслида муаллифнинг таржимайи ҳолидан олиб ёзилган. Ўзининг ўй-фикри ва таҳлилларини ушбу асарида татбиқ қилган. “Чўл бўриси” Ҳерман Ҳессенинг энг яхши асарларидан бири ҳисобланади. Роман Мирзаали Акбаров томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.

Гуласал Қодирова, китобхон
Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид