Жаҳон | 08:02 / 23.10.2023
10148
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Европа Исроилни халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирди

Америка Қўшма Штатлари, Канада, Франция, Германия, Италия ва Британия раҳбарлари қўшма баёнотда Исроилни қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади, бироқ бу давлатни халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирди.

Фото: Leigh Vogel/newscom/picture alliance

АҚШ президенти Жо Байден, Канада бош вазири Жастин Трюдо, Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шолц, Италия бош вазири Жоржа Мелони ва Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Исроил ва ҲАМАС ўртасида давом этаётган можаро юзасидан баёнот берди. Оқ уйнинг 22 октябр, якшанба куни маълум қилишича, жаҳон етакчилари Исроилни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади ва Исроил ҳукуматини халқаро ҳуманитар қонунларга риоя этишга, жумладан, тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақирди.

Ҳукумат расмийлари, шунингдек, ҲАМАС гаровга олинганларнинг икки нафарини озод этганини олқишлади ва бошқа барча ўғирлаб кетилганларни зудлик билан озод қилишга чақирди. Сиёсатчилар минтақадаги ўз фуқароларини, хусусан, Ғазо секторини тарк этмоқчи бўлганларни қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштиришга ваъда берди. 

Биринчи шахслар можарони ҳал қилиш учун минтақада ишлаш ниятида 

АҚШ, Канада ва Европанинг тўртта давлати етакчилари Ғазо секторидаги муҳтожларга ёрдам етказувчи биринчи ҳуманитар карвон ҳақидаги хабарларни олқишлади. Қўшма баёнотда озиқ-овқат, сув, соғлиқни сақлаш ва одамларнинг асосий ҳуманитар эҳтиёжларини қондиришда зарур бўлган бошқа ёрдамлардан узлуксиз ва хавфсиз фойдаланишни таъминлаш учун минтақадаги ҳамкорлар билан мувофиқлаштиришни давом эттириш ваъда қилинган. Шунингдек, улар можаро тарқалишининг олдини олиш, Яқин Шарқда барқарорликни сақлаш ҳамда сиёсий ечим ва тинчлик йўлида ишлаш учун минтақадаги асосий ҳамкорлар билан яқин дипломатик алоқаларни давом эттиришга ваъда берди, дея қўшимча қилди Вашингтон. 

ҲАМАС ҳаракатининг мамлакатга уюштирган ҳужумидан сўнг Исроил Ғазо секторини қисман қамал қилганини эълон қилди. Ҳужум 7 октябр куни бўлиб ўтган ва шундан бери Исроил ўққа тутилишига жавобан ҳудудга ҳаво зарбалари бериб келмоқда ҳамда маҳаллий аҳолини сектор жанубига эвакуация қилишга бир неча бор чақирди.

Мавзуга оид