«Дендропарк»да қимматбаҳо дарахтлар кесилгани ва ноқонуний қурилишлар қилингани юзасидан жиноий иш очилди
Суратларда «Дендропарк»да кесиб ташланган дарахтлар ўрнида турар жойлар ва ишлаб чиқариш корхоналари пайдо бўлганини кўриш мумкин.
Тошкент вилояти Тошкент туманида жойлашган «Дархон» илмий-тажриба станцияси («Дендропарк») ҳудудида дарахтларни нобуд қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш қоидалари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан жиноий иш очилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Бош прокуратура томонидан Экология, атроф - муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва бошқа мутасадди давлат идоралари билан ҳамкорликда Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳудудида ўсимликлар дунёси муҳофазаси ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш аҳволи ўрганилди.
Ўрганишда Тошкент вилояти Тошкент туманида жойлашган «Дархон» илмий-тажриба станцияси («Дендропарк») ер майдонлари мутахассислар иштирокида кўздан кечирилиб, дарахтларни нобуд қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг 198 (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва 205-(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дейилади хабарда.
Октябр ойи бошида бош прокуратура матбуот хизмати Тошкент туманидаги мазкур манзарали боғдорчилик ва ўрмон илмий-тажриба хўжалиги ҳудудида экилган қимматбаҳо навли ноёб ёнғоқ дарахтлар нобуд қилинаётгани ҳақида хабар берганди. Хусусан, 85 туп қимматбаҳо навли ноёб ёнғоқ дарахтлари кесиб ташланган, дарахтларнинг 103 тупи эса масъулиятсизлик сабаб қуриб қолишига олиб келинган.
Мавзуга оид
16:47 / 22.11.2024
Дарахтларга кимёвий воситалар билан шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
16:18 / 15.11.2024
Янгийўлда 5 туп дарахтни кесиб ташлаган шахс табиатга 533 млн сўм зарар етказди
17:40 / 08.11.2024
“Дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида” – IUCN
20:35 / 07.11.2024