Жаҳон | 21:30 / 23.10.2023
24105
5 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқдаги уруш: Ғазодаги шифохоналар ярадорлар ва қурбонлар оқимига дош беролмаяпти

Ғазодаги Ал-Ақсо шаҳидлари касалхонасида жасадларни ўраш учун қоплар етишмаяпти. Марҳумларнинг жасадлари касалхона ҳовлисида тўпланади, улар устида жаноза ўқилади, атрофда яқинлари йиғлаб туради.

Фото: Getty Images

Касалхонанинг ўзида шифокорлар юра оладиган беморларнинг яраларини шошилинч боғлайди ва кейин бутун кучни оғир ярадорларга ташлайди. Аммо дори-дармон ва бошқа тиббий жиҳозларнинг захиралари тезлик билан тугаб бормоқда.

BBC Араб хизмати корреспонденти беморлар билан тўлиб-тошган мазкур шифохонада бўлиб, шифокорлар ярадорларга ёрдам кўрсатиш учун қандай елиб-югураётганига гувоҳ бўлди.

«Биз бу ерда тонг отгандан буённ ишлаяпмиз ва шифохонанинг бутун ҳовлиси жасадлар билан тўлган, рефрижераторлар тўлган ва ўликхоналар ҳам, бизга ҳатто жасадларни солиш учун қоплар етишмаяпти, улар жуда кўп. Жасадлар парчаланиб кетган ҳолда олиб келинади ва биз уларнинг идентификация қила олмаймиз, чунки улар таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган бўлади», — дейди шифохона ходимларидан бири, унинг сўзларига кўра, вазият шунчаки чидаб бўлмайдиган даражага етган.

«Биз бунгача кўрганларимизнинг барчасига қарамай, бунақасига ҳали ҳеч қачон гувоҳи бўлмагандик», — дея тан олади у.

Ҳайдовчи санитарларни ёрдамга чақирмоқда: у навбатдаги ярадорни келтирган

Бунга ўхшаш манзаралар бутун Ғазо ҳудуди бўйлаб шифохоналарда кузатилмоқда.

Ғазо шаҳридаги Ал-Қудс шифохонасида ишловчи шифокорлардан бири BBC’га йўллаган хабарда айтилишича, шифокорлар ва ҳамширалар 500 дан ортиқ беморга ёрдам кўрсатаётган шифохона ёнидаги бинога бомбалар келиб тушган.

Хавфсизлик нуқтайи назаридан шахси ошкор этилмаслигини сўраган ушбу шифокор овозли хабарида айтишича, беморлар ва шифохонада яширинган тинч аҳоли вакиллари «қаттиқ қўрқув ҳолати»га тушган.

У тиббиёт ходимлари кимга биринчи бўлиб ёрдам кўрсатишни танлаши керак бўладиган вазиятни «ҳалокатли» деб атаган, шу туфайли кўплаб ярадорлар жарроҳлик амалиётини бир неча кун кутиб қолмоқда.

Тиббиёт ходимлари ҳам етишмайди. Кимдир ҳалок бўлган, кимдир шифохонагача етиб кела олмайди. Қолган шифокорлар ва ҳамширалар бошпанани Ғазо аҳолиси билан бўлишмоқда: авиазарбалардан қочган 1200 га яқин киши шифохонада жон сақламоқда.

«Бу ерда 120 нафарга яқин турли оғирликда яраланганлар, сунъий нафас олдириш аппаратларига уланган 10 бемор ва яна 40 нафар атрофида сурункали касалликка эга беморлар бор, — дейди ўша шифокор. — Қолаверса, бу ерда 1200 нафар вақтинча кўчирилган шахслар ҳам бор, бундай кўп миқдордаги одамни бошқа жойга кўчириш қийин, шу туфайли биз уларни эвакуация қилмасликка қарор қилдик».

Исроиллик ҳарбийлар бир неча марта Ғазо шимолида бўлганларни хавфсизлик нуқтайи назаридан жанубга кетишга чақирган.

Юз минглаб кишилар бу тавсияга амал қилди, аммо бошқа минглаб кишилар шимолдаги уйларида қолишни афзал кўрган.

Ғазо соғлиқни сақлаш органлари (улар ҲАМАС назоратида) якшанбадан душанбага ўтар кечаси авиазарбалар оқибатида яна ўнлаб кишилар ҳалок бўлганини хабар қилди.

ЦАҲАЛ сўнгги бир кун давомида 320 га яқин нишонлар, жумладан, ҲАМАС ва унинг иттифоқчилари, «Фаластин ислом жиҳоди»нинг туннеллари ва постларига зарба йўллагани ҳақида маълумот берган.

Зарбалар давом этаётгани эса Ғазодаги шифохоналар вазиятини янада оғирлаштиради: ҳозирча Ғазога инсонпарварлик ёрдамлари ортилган фақат учта кичик колонна кириб келган, урушга қадар эса Ғазога ҳар куни 500 га яқин юк машинасида юклар кирарди.

Автоколонналар бироз озиқ-овқат ва дори-дармонлар келтирган бўлса-да, можаро бошланганидан буён Ғазога ҳали ёнилғи етиб келмади, бу эса шифохоналардаги генераторлар ишлаши учун ўта зарурдир.

MEDICAL AID FOR PALESTINIANS

ЮНИСЕФ якшанба куни огоҳлантирдики, инкубаторлардаги 120 нафар чақалоқ, жумладан, муддатидан олдин туғилган 70 нафар чақалоқнинг яшаши сунъий нафас олиш (ИВЛ) аппаратларига боғлиқ, улар эса Исроил Ғазога электр энергияси етказиб беришни тўхтатганидан сўнг дизел электр генераторларига уланган.

Ўз навбатида, Исроил армияси раҳбарият ҲАМАС ёнилғини ўзи учун тежаб, уни тинч аҳоли билан бўлишмаётганини даъво қилмоқда.

Шу билан бирга, кўплаб шифохоналарда ёнилғи тугамоқда ва Фаластинликларга тиббий ёрдам хайрия ташкилоти директори Фикр Шалтутнинг айтишича, агар генераторлар ишлашдан тўхтсаса, сунъий нафас олиш аппаратларига уланган болалар нобуд бўлишидан огоҳлантирмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид