Жаҳон | 11:36 / 24.10.2023
4073
2 дақиқада ўқилади

Hyundai Саудия Арабистонида йилига 50 мингтача автомобил ишлаб чиқарувчи завод қуради

Режа бўйича дастлабки автомобиллар 2026 йилда конвейердан чиқади.

Фото: Hyundai

Hyundai компанияси навбатдаги автомобил ишлаб чиқариш заводини Саудия Арабистонида қуради. Компания бу борада Саудиянинг суверен жамғармаси (Public Investment Fund, PIF) билан меморандум имзолади

Жамғарма Hyundai билан Яқин Шарқдаги илк заводи қурилишига 500 млн доллардан кўпроқ маблағ сарфлайди. Қирол Абдуллоҳ иқтисод шаҳридаги завод қурилиши 2024 йилда бошланади. 2026 йилдан илк автомобиллар конвейердан чиқиши режа қилинган. 

Қайд этилишича, завод бир йилда электромобилларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 50 минг донагача автомобил ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқариш Hyundai’нинг бошқа заводларида бўлгани каби юқори даражада автоматлаштирилган бўлади. 

Жанубий Корея компанияси қўшма корхонанинг 30 фоизи, PIF эса 70 фоизига эгалик қилади. 

Бундан ташқари, Hyundai Саудияда водород мобиллигини ошириш бўйича ғояларини ҳам олға сурмоқчи. Жумладан, автогигант водородда ҳаракатланадиган тижорат автомобилларини тақдим этиш, қўшма тадқиқотларда иштирок этиш, технологик хизматлар соҳасида кўмак кўрсатишни режа қилган. 

Бу мамлакатнинг 2016 йилда тақдим этилган Saudi Vision 2030 стратегиясига тўла мос келади. Стратегия Саудиянинг нефт экспортига қарамлигини йўқотиб, иқтисодиётни диверсификация қилишга қаратилган. 2021 йилдан мамлакат 2060 йилгача углерод нейтраллигига эриш бўйича ҳаракатни маъқулловчи «яшил ташаббус»ни эълон қилганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид