Жаҳон | 12:42 / 24.10.2023
11293
2 дақиқада ўқилади

Исроил Грета Тунберг номини ўқув дастурларидан олиб ташлайди

Исроил таълим муассасалари дастурларидан швециялик экологик фаол Грета Тунберг номининг олиб ташланишига унинг фаластинликларни қўллаб-қувватловчи баёнотлари сабаб бўлди.

Фото: X / GretaThunberg

Исроил Таълим вазирлиги иқлим фаоли Грета Тунберг ҳақидаги ҳар қандай эслатмани мамлакат ўқув дастуридан олиб ташламоқчи. Исроилнинг The Jerusalem Post газетаси 22 октябр куни тушунтиришича, бунга қизнинг 20 октябр куни X ижтимоий тармоғида фаластинликлар ва Ғазо секторини қўллаб-қувватлаш мақсадида чоп этган пости сабаб бўлган. 

«Бундай позиция уни таълим ва ахлоқий жиҳатдан намуна бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилади ҳамда у энди исроиллик талабаларни илҳомлантира олмайди ва уларнинг таълимига хизмат қила олмайди», — дея Таълим вазирлиги баёнотида келтирилган.

Тунберг постига ҳамроҳ бўлган суратда у ва унинг уч нафар тарафдори: «Биз Ғазони қўллаб-қувватлаймиз», «Бу яҳудий аёл Фаластинни қўллаб-қувватламоқда» ва бошқа сўзлар ёзилган плакатларни ушлаб турган. «Дунё ўз овозини баланд кўтариб, зудлик билан ўт очишни тўхтатишга, фаластинликлар ва жабрланган барча тинч аҳоли учун адолат ва эркинликка чақириши керак», дейилади экофаол баёнотида.

Тунбергнинг Фаластинни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги постига муносабат турлича кўриниш олди. Аммо, ушбу пост интернетда кучли реакцияга сабаб бўлди. 23 октябрга келиб унинг остида 218 мингга яқин «лайк» тўпланган. 

The Jerusalem Post хабарига кўра, юзга яқин исроиллик атроф-муҳит фаоллари Тунбергга очиқ хат ёзиб, унинг сўзларини қоралаган ва «ҲАМАСга яна бир бор назар ташлашга» чақирган.

21 октябр куни Тунбергнинг ўзи X ижтимоий тармоғидаги постида унинг аввалги хабарини, «ҲАМАС ҳужумларини қоралашини» англаган ҳолда тўғри тушуниш кераклигини таъкидлади. 

Мавзуга оид