Ўзбекистон | 19:40 / 24.10.2023
23524
5 дақиқада ўқилади

Қодирий боғи ҳануз абгор аҳволда. Охирги ваъдалар ҳам бажарилмаган

Тошкент шаҳри марказидаги Абдулла Қодирий боғи мана бир неча йилдирки, қаровсиз ва абгор ҳолатда. Масъулларнинг “аттракционсиз, экобоғ бўлади” деган гаплари гаплигича қолмоқда. Боғнинг бир қисми хусусий қўлларга бериб юборилган, улар томонидан бино қуриш учун ноқонуний кўчириб ўтказилган бир қатор дарахтлар қуриб қолган. 

Сўнгги йилларда мамлакат экологиясини яхшилаш, шаҳар ва туманларни яшиллаштириш, мавжуд яшил маконларни сақлаб қолиш, дарахтлар экиш орқали яшилликни кўпайтириш ҳақида кўп гапириляпти. Бу гапларга монанд “Яшил макон” лойиҳаси доирасида миллионлаб кўчатлар ўқазиляпти. Бироқ бу борадаги ишларда улкан камчиликлар ва ёлғонлар ҳам йўқ эмас, бу юқори минбарлардан ҳам очиқ айтилиб, танқид қилинмоқда. Ўтқазилмаган ёки қуриб қолган кўчатлар, ўзани қуриётган ва саёзлашаётган дарёлар, саноат корхоналари туфайли зарар кўраётган ер-у сув, бетийиқ ва бетартиб қурилишлар сабаб чанг-у заҳарга ботаётган шаҳарлар...

Дарахтлар экиш, яшил камар яратиш, янги хиёбонлар қуриш режалари яхши, бироқ бунгача борини асраб қолиш керакми? Керак! Ё аввал борининг ўрнига бинолар қуриб, кейин чеккароқ, узоқроқ жойдан хиёбон қуришми режада? Афтидан шунга қараб кетяпти, ахир мавжуд хиёбон ва парклар бир неча ўнйиллар аввал шаҳарнинг энг марказ, сўлим ва гавжум жойларида барпо қилинган-да. Бундай жойларнинг ҳар бир қаричи тиллога тенг. Охирги йилларда кўплаб яшил ҳудудлар хусусий қўлларга ўтиб кетганига гувоҳ бўлдик.

2 йил аввал пойтахтнинг эски шаҳар қисмидаги, марказий ҳудудлардан бирида жойлашган Абдулла Қодирий номидаги боғ ҳақида лавҳа тайёрлаган эдик. Боғ ташландиқ ҳолга келтирилгани ва бу ерда экологик инқироз юзага келгани ҳақида кетма-кет кўрсатувлар чиқди. Боғнинг инвесторларга тортиқ қилинган қисмларида баланд бинолар қад ростлаган. Яқин атрофдаги аҳоли тоза ҳаводан нафас олиб, маданий ҳордиқ чиқариши учун эса жой йўқ.

Айнан шу боғни реконструкция қилиб, халқ ихтиёрига қайтаришни ваъда беришганига ҳам 1 йилдан ошди. Биз куни кеча яна шу манзилга бордик. Лекин афсуски, бу сафар аввалгидан ҳам ёмонроқ аҳволга дуч келдик. Афтидан, мутасаддилар “бу журналистлар бир айюҳаннос солиб, кейин жим бўлиб кетишади”, қабилида фикрлашган, шекилли.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Олмазор бизнес сити” дирекцияси раҳбари Умид Умаров 2022 йил 5 март куни бизга реконсрукция ишлари бошланганини маълум қилганди. Орадан салкам 19 ой ўтгач, боғнинг реконструкцияси амалга оширилмаётгани, сабаб сифатида эса халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарори билан ажратилиши белгиланган маблағ дирекция ҳисобига келиб тушмаётганини маълум қилишди.

Дирекциянинг қурилиш-муҳандислик ишлари бўйича масъул ходими Карим Тожибоев боғда 5 миллиард сўмдан ошиқ қийматдаги ишлар қилингани ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, боғ ҳудудида коммуникация ишлари бажариб бўлинган, аммо кейинги ишлар пул йўқлиги сабабли давом эттирилмаган. Пул қачон тушиши ҳақидаги саволга эса “биз ҳам кутяпмиз”, деган жавоб олдик.

Энг ёмони, мана шу кутиш асносида боғ яна бир қанча ҳудудидан айрилибди. Аввал суратга олиш вақтида биз кўрмаган яна янги ҳудудлар баланд тунука девор билан ўраб олинган ва қурилиш бошлангани ҳақида объект паспорти ҳам осиб қўйилган...

Ўша вақтда боғ ҳудудининг бир қисмини меҳмонхона қуриш учун ёпиқ шартлар асосида қўлга киритган ва ўша ердаги дарахтларни (64 туп) бошқа жойга кўчириб ўтқазиб, 2 йил давомида шу дарахтларни парваришлашга ваъда берган “инвестор” бугун ўз биносини деярли битирб бўлган, аммо 64 туп дарахтнинг бир тупи ҳам қолмаган. Бу ҳолатни назорат қилиши лозим бўлган Экологоия вазирлигининг эса воқеадан хабари борлигига ҳам ишонгиси келмайди кишининг.

Биз боғга масъул бўлган идораларнинг ҳаммасига, албатта, энг биринчи навбатда Тошкент шаҳар ҳокимлигига савол билан мурожаат қилмоқчимиз: боғни қачон халққа бус-бутун ҳолича қайтариб берасизлар?

Умид қиламиз, бу боғнинг қолган қисмлари ҳам бошқа яшил ҳудудлар каби, аввал харобага айлантирилиб, қуритилиб, кейин “қаровсиз қолди” деган важ билан бирор “инвестор”га сотиб юборилмайди. Ҳудудга яқин ерда яшовчи Олмазор ва Шайҳонтохур тумани аҳолиси шаҳар ҳокимлигидан боғнинг қайтарилишини кутяпти.

Бобур Акмалов,
Kun.uz мухбири

Бобур Акмалов
Муаллиф Бобур Акмалов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид