Жаҳон | 10:05 / 25.10.2023
32802
5 дақиқада ўқилади

ҲАМАС томонидан Ғазо секторида қазилган туннеллар ҳақида нималар маълум?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҲАМАС томонидан қазилган туннеллар тармоғи Исроилнинг Ғазо секторига қуруқликдан кириши пайтида шаҳар шароитида жанговар ҳаракатлар олиб бориш имконини деярли йўққа чиқаради.

Фото: Jack Guez/AP/picture alliance

Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи томонидан қазилган туннеллар Исроил армияси расмийлари Ғазо секторига қуруқликдан киришга қарор қилса, улар учун энг катта муаммолардан бирига айланади. Таҳлилчилар огоҳлантиришича, ҲАМАС дунёдаги энг йирик ерости алоқа тармоқларидан бирига эга. 

Ғазодаги туннеллар тармоғи кўлами жуда катта

«Ғазода еростидан кесиб ўтувчи юзлаб километр туннеллар кўлами жуда катта», дейди Жон Спенсер, АҚШнинг Вест-Пойнтидаги Ҳарбий академия қошидаги Замонавий урушлар институтининг шаҳар шароитида уруш олиб бориш бўйича тадқиқотлар директори. «Ушбу улкан ерости мажмуаси жиддий муаммо туғдиради, бунинг учун Исроил қуруқлик қўшинларида идеал ечим топилмайди», — деб ёзди у 11 октябр куни институт сайтида эълон қилинган мақоласида. 

1300 га яқин туннеллар тармоғининг умумий узунлиги тахминан 500 километрни ташкил этади, уларнинг баъзилари 70 метр еростида жойлашган. Кўпгина туннелларнинг баландлиги ва кенглиги икки метрдан ошмайди. Мутахассисларнинг фикрича, бу ерда 7 октябр кунги ҳужум вақтида ҲАМАС томонидан қўлга олинган 200 га яқин киши сақланиши мумкин. 

Туннелларда қурол ва бошқа жиҳозлар, озиқ-овқат, сув, энергия генераторлари ва ёнилғи учун омборлар ҳам мавжуд. Тадқиқотчиларнинг фикрича, ҲАМАС етакчилари ҳам еростида бўлиши мумкин.

Исроилни зарарсизлантирадиган омил

Спенсер таъкидлашича, Ғазо туннеллари «(ҲАМАС) жангчиларига жанговар позициялар ўртасида хавфсиз ва эркин ҳаракатланишига имкон бериш» орқали жанговар сценарийни мураккаблаштиради ва шу тариқа «Исроилни қурол, тактика, технология ва ташкилотчилик борасида зарарсизлантирадиган омилга айланади».

Лондон Қироллик коллежининг уруш психологияси бўйича мутахассиси Майкл Мартин шаҳар шароитида жанговар ҳаракатлардаги яна бир жиҳатга ишора қилди. Мутахассиснинг фикрига кўра, у «ҳарбий ва фуқаролик нишонларини ажрата олмаслик билан боғлиқ хавфлар билан бир қаторда, уч ўлчовдаги жанговар ҳаракатлар сифатида тавсифланиши мумкин». 

Аслида шаҳар - «армия дуч келиши мумкин бўлган энг қийин ер», деб таъкидлайди британиялик мутахассис. 

Туннелларни топиш осон эмас 

Қайд этилган ерости туннеллари дастлаб Ғазо сектори ва Миср ўртасида, кейинроқ Ғазо сектори билан Исроил ўртасида товарлар олиб ўтиш учун ишлатилган. Вақт ўтиши билан Исроилнинг Ғазо секторини дронлар ва бошқа электрон жосуслик ускуналари орқали кузатуви кучайгани сабабли, ҲАМАС туннеллар тармоғини кенгайтириш учун ишчи кучи ва пулдан фойдалана бошлади. 

Фақат 2014 йилда Ғазо секторидаги ҳарбий операция вақтида Исроил армияси ҲАМАС томонидан қазилган туннелларнинг ҳақиқий ҳажмини аниқлади. Шундан сўнг Исроил ҳукумати Ғазо сектори билан чегарада еростигача чўзилган тўсиқлар ўрнатишни бошлади. 

Туннелларни топиш осон эмас, улар турли бинолар остида жойлашган бўлиши мумкин. Буни амалга оширишнинг турли усуллари мавжуд, жумладан - термал, акустик ва магнит майдони хусусиятларини ўлчайдиган радар ва бошқа аниқлаш воситалари.

Кўпинча туннеллар смартфон сигнали тўсатдан ғойиб бўлган ҲАМАС жангчисини кузатиш пайтида ёки патрул пайтида аскарлар томонидан топилади, деб хабар берган Американинг RАND таҳлил маркази 2017 йилда.

Ғазо дунёда одамлар энг зич жойлашган ҳудудлардан бири

Ўтмишда туннелларни тозалаш учун кўздан ёш оқизувчи газ ёки кимёвий моддалар ишлатилган, деб тушунтиради бу соҳадаги дунёдаги етакчи мутахассислардан бири Дафне Ричмонд-Барак ўзининг «Ерости уруши» китобида. Аммо бугунги кунда бу ноқонуний ҳисобланади, деб тушунтирди у. 

Туннеллар бомбардимон қилиниши мумкин, Исроил еростида қўлланиши мумкин бўлган бункер бомбаларига эга. Бироқ, узунлиги 40 км, эни 6-14 км бўлган, 2,2 миллион аҳолига эга Ғазо сектори дунёда одамлар энг зич жойлашган ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Шу тариқа, агар Исроил ҳарбийлари туннеллар қаерда эканлигини аниқ билса ҳам, ердаги вазият бундай портлашларни жуда қийин, ҳатто имконсиз қилади, дейди RАND тадқиқотчилари. 

Бундан ташқари, туннелларда жанг қилиш жуда қийин: еростида қоронғи ва анча совуқ, отишма товушлари кучаяди, қуролдан фойдаланиш эса чанг кўтаради. Туннелларни осонгина миналаб қўйиш мумкин. 

Мавзуга оид