Иқтисодиёт | 14:23 / 26.10.2023
15607
5 дақиқада ўқилади

МБ асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Расмий релизга кўра, иқтисодиётдаги инфляцион жараёнлар ва кутилмалар бироз тезлашган. Амалдаги ставкани ўзгартирмаслик қарори йил охиригача инфляциянинг прогноз кўрсаткичлари (8,5–9,5 фоиз) доирасида шаклланишига хизмат қилиши кўзда тутилган.

Фото: Kun.uz

Марказий банк бошқарувининг 2023 йил 26 октябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилинди.

“Иқтисодиётдаги инфляцион жараёнлар ва кутилмалар йилнинг биринчи ярим йиллигидаги пасайишдан сўнг, маҳсулотлар таклифидаги ўзгаришлар ва инфляцион талаб омиллари фонида бироз тезлашиши кузатилди.

Асосий ставканинг жорий даражаси йил охирига қадар инфляциянинг прогноз кўрсаткичлари доирасида шаклланиши учун зарурий пул-кредит шароитларини таъминлашга хизмат қилади”, дейилади Марказий банк расмий релизида.

Таъкидланишича, умумий инфляция йил бошидан пасаювчи динамикада шаклланиб охирги чоракда 9,2 фоизгача тезлашган. Инфляция ўсишининг таркибий омиллари қаторида озиқ-овқат нархларининг 11 фоизгача тезлашиши, мева-сабзавотлар ва тартибга солинадиган нархлар ўзгаришининг умумий инфляциядаги ҳиссаси ортиши билан изоҳланади.

Базавий инфляция йил бошидан пасайиб сентябрда 10,3 фоизни ташкил қилган. Мазкур пасайиш тенденциясига қарамай, умумий инфляция билан сезиларли тафовути сақланиб қолмоқда. Бу инфляциянинг барқарор компонентлари нархларида юқори ўсиш кузатилаётганини кўрсатиб, иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини таъминлашни тақозо қилмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмалари август ойидаги ўсишдан сўнг мос равишда 13,5 ва 14,2 фоизгача пасайган. Иқтисодиётдаги кутилмалар қисқа муддатли шокларга юқори таъсирчан бўлиб қолмоқда.

Марказий банкка кўра, глобал инфляцион жараёнларнинг давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Асосий савдо ҳамкорлардаги инфляция даражаси ва алмашув курсларининг жорий динамикасидаги вазият сўмнинг реал самарали алмашув курсини мустаҳкамланишига босимларни кучайтирмоқда.

Иқтисодиётнинг реал секторида ижобий тенденциялар кузатилиб, жорий йилнинг 9 ой якунига кўра, ЯИМ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсган.

Иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари фискал рағбатлантириш таъсирида истеъмол харажатларининг ўсиши ҳамда марказлашмаган инвестициялар ҳажмининг сезиларли ошиши ҳисобига таъминланган.

Иқтисодиётда ялпи талабнинг ижобий ўсиш динамикаси давом этмоқда, бу кўрсатилаётган бозор хизматлари ҳажмининг ўтган йилга нисбатан 12,1 фоизга, савдо ва пуллик хизматлардан пул тушумлари ҳажмининг 28 фоизга ўсишида намоён бўлган.

Шу билан бирга, трансчегаравий пул ўтказмалари юқори база эффекти ҳисобига ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33,7 фоизга қисқарган бўлса-да, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ўсган.

Банклараро пул бозоридаги фаолликда ҳам ўсиш кузатилиб, ўртача тортилган банклараро депозит ва репо ставкалари тўлиқ фоиз коридорида шаклланган.

Нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари иқтисодиётга ажратилаётган кредитларни мақбул ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, сўнгги ойларда кузатилган чакана кредитлардаги юқори ўсиш суръатлари макропруденциал чораларни қўллаш орқали мувозанатлаштирилмоқда ва келгусида зарурият пайдо бўлган ҳолда қўшимча чоралар қўлланилиши мумкин.

Ижобий реал фоиз ставкалари депозит бозорининг чакана сегментида юқори фаолликни таъминламоқда. Сентябр ойида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 21,1 фоизни ташкил этиб, 1 октябр ҳолатига муддатли депозитлар қолдиғининг йиллик ўсиши 47,1 фоизни, жумладан, жисмоний шахсларнинг муддатли омонатлари ўсиши 52,3 фоизни ташкил этган.

Инфляцияни оширувчи ва пасайтирувчи омиллар балансидан келиб чиқиб янгиланган прогнозларга кўра, жорий йил якунида инфляция прогноз коридори доирасида шаклланиши кутилмоқда.

Мавсумий озиқ-овқат нархларининг ўсиши ва тартибга солинадиган нархларга киритилаётган ўзгаришларнинг умумий инфляцияга бирламчи ва иккиламчи таъсирлари каби инфляцияни оширувчи омиллар сақланиб қолмоқда.

Марказий банк пул-кредит шароитларининг ялпи талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирларини баҳолаб, барча пул-кредит инструментларини инфляцияни жорий йилги прогноз доирасида шаклланишини ва ўрта муддатда таргет кўрсаткичларига эришишни таъминлашга қаратади, дейилади расмий ахборотда.

МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 14 декабрга белгиланган.

Мавзуга оид