Ўзбекистон | 20:29 / 26.10.2023
18110
4 дақиқада ўқилади

«Мураккаб чорраҳа» — Тошкент кўчалари Чилонзор-Оқтепа чорраҳаси мисолида

Пойтахтдаги тирбандликлар масаласи кун тартибидан тушгани йўқ. Исталган шаҳарда ҳайдовчи ҳам, пиёда ҳам юришни истамайдиган тирбанд, шовқин ва ноқулай кўчалар, чорраҳалар бўлади. Kun.uz мухбири Тошкентдаги мана шундай чорраҳалардан бири мисолида ҳолатни ўрганишга ҳаракат қилди.

Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги собиқ Оқтепа айланма йўли ҳозирда ўта ноқулай чорраҳалардан бирига айланган. Йўл қаторларининг кўплиги ортидан чорраҳа оқимни бошқариши кундан кунга қийинлашиб, узундан узун тирбандликлар вужудга келмоқда. 

Шаҳарсоз Искандар Солиев Kun.uz билан суҳбатда Оқтепа чорраҳасининг муаммолар билан тўлганини қайд этди: Бор муаммони айтишдан кўра йўғини айтиш осонроқ, чунки бу чорраҳа муаммога тўла. Бу ерлаги тирбандлик айланма чорраҳа қилиш орқали олди олингандир, лекин яна кейинги чорраҳаларда тирбандлик пайдо бўлаверади. Пиёдалар учун кўприклар қилинган, аммо деярли одам йўқ, жонсиз муҳит. Бундан ташқари, болалар араваси билан юрганлар, қариялар чиқиши қийин. Лифтлари эса ишламайди. Одамлар тепага чиқиб тушишдан эриниб, пастдан йўлни кесиб ўтишга ҳаракат қилади. Қисқа қилиб айтганда, автомобилларга қулай бўлиши учун қилинган шароитда пиёдалар қийналяпти. Ҳудуд пиёдалар учун жонли эмас, ўлдирилган», — дейди у. 

9 та кўча бирлашадиган чорраҳада тирбандликларни камайтириш, вазиятни яхшилаш учун урбанист йўл қаторларини камайтириш керак деб ҳисоблайди: «Бизнинг кўп кўчаларда, дейлик, 5 қаторли йўл бўлса, бироз юргач, камайиб, 2-3 қаторли йўл бўлади ва тирбандликни ҳосил қилади. Нима қилиш керак? Бу чорраҳада йўл қаторларини камайтириш керак. Жамоат транспортлари учун алоҳида йўлак ташкил этиш лозим. Бундан ташқари, пиёдалар учун светофор билан тартибга солинган ўтиш жойлари ташкил этиш керак. Бизда биринчи навбатда хавфсизлик масаласи бўлиши шарт, тирбандлик эмас. Пиёдалар ва жамоат транспортлари учун шароит қилиш биринчи ўринлаги масала бу ерда», — деди Солиев. 

Шунингдек, шаҳарсоз энди доимий равишда машиналар кўпайиб бораётганини, тирбандликлардан эса буткул қочиб бўлмаслигини айтди: «Одамлар учун енгил автомобиллар қулай бўлиб қолган бизда. Шунинг учун ҳам биринчи ўринда хавфсизлик туриши керак. Тирбандлик камайиши учун одамларимиз жамоат транспортлари ва микромобилларга ўтиши керак», — дея таъкидлади у.

Бундан ташқари, Солиев машиналар учун қайрилиш жойларини ҳам чорраҳаларнинг ўзида ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, йўлнинг ўртасида қайрилиш жойлари бўлиши тирбандлик келтириб чиқаришда давом этади.

Шаҳарсоз Оқтепа чорраҳаси тўлиқ айлана чорраҳа эмаслигини, агарда тўлиқ айлана қилинганида, тўхтовсиз ҳаракат орқали нисбатан тирбандлик камайиши мумкинлигини қайд этди.

Солиев Оқтепа чорраҳасида асосий устунлик енгил автомобилларга берилганини айтиб, бу аслида хато эканлигини таъкидлади: «Ҳозирги ҳолатда кўчанинг, шароитларнинг 3/4 қисми автомобиллар учун. Бошқа ҳаракатланувчилар ҳам бор, улар ҳам ҳаракатланиши керак. Яъни автомобилларга ҳам, пиёдаларга ҳам, яшил ҳудудларга ҳам тенг имконият яратилиши керак. Бу ҳудудда автомобилларга шароит яратиш ортидан жонли муҳит ўлдирилган. Пиёда кўчанинг нариги томонига ўтиши учун катта масофа босиши керак. Максимал даражада пиёдалар ҳаракати қийинлаштирилган».

Шунингдек, урбанист Тошкент иссиқ минтақада жойлашгани сабаб, ҳудудга тор кўчалар тўғри келишини, бу эса соя ва яшилликнинг кўпроқ бўлишига ёрдам беришини айтди.

Мавзуга оид