Ўзбекистон | 09:49 / 26.10.2023
5008
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда саккиз ойда 414 нафар фуқарода заҳарланиш ҳолати қайд этилган 

Ўзбекистонда 2023 йилнинг саккиз ойи давомида 414 нафар фуқарода заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда Санитария-гигиена бошқармаси овқатланиш гигиенаси бош мутахассиси Абдураҳмон Исмаилов маълум қилди.

Фото: Getty Images

Саккиз ой давомида 39 та ҳолатда гуруҳли заҳарланиш қайд этилиб, уларда 414 нафар фуқаро жабрланган, уч нафари вафот этган. Жабрланганларнинг 86 нафари болалардир. Заҳарланиш ҳолатларининг 21 таси (53,8 фоиз) ботулизм, 1 таси МТТ (2,5  фоиз), 13 таси (23 фоиз) овқаттоксикинфекцияси ва 1 таси (2,5 фоиз) кимёвий заҳарланишларга тўғри келади.

21 та ҳолатда уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида юзага келган ботулизм касаллигининг 3 таси — Жиззах, 6 таси — Самарқанд ва яна 6 таси — Фарғона вилоятларига тўғри келади.

Қайд этилган овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг келиб чиқиши сабаблари таҳлил этилганда:

умумий овқатланиш объектлари, нодавлат таълим муассасалари ошхоналари санитария қоида ва меъёрлари талабларига мос келмаган ҳолда фаолият юритаётгани;

ошхоналарнинг жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмаган ва мавжудлари эса маънан эскирган ёки носоз ҳолатда экани;

таом тайёрлаш учун сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлатилиши;

умумий овқатланиш объектлари ошпазларининг кўпчилиги соҳа бўйича ўқимаганлиги, уларнинг таом тайёрлаш технологияларини, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва реализация қилиш қоидаларини билмаслиги аниқланган.

Мавзуга оид