Жаҳон | 16:03 / 27.10.2023
12376
5 дақиқада ўқилади

Исроил нима учун Ғазо ҳудудига ёнилғи киритмаяпти?

Ғазо секторида бошланган қамал оқибатида ҳудудга 2 та манбадан келаётган электр энергияси батамом тўхтатилди. Энергия йўқлиги туфайли ўнлаб касалхоналар ишламай қолган. Исроил етказиб бериш тизимини тўлиқ назорат қила олса-да, дизел ёқилғиси ҳарбий мақсадларда қўлланишини айтиб, уни ўтказмаяпти.

Фото: Paddy Dowling/Al Jazeera

Икки ҳафтадан кўпроқ вақт давомида Ғазо секторига ҳеч нарса киритилмади: на озиқ-овқат, на сув ва на ёнилғи. Сўнгги кунларда Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти очилиб, ҳудудга 4 марта кам сонли ёрдам кирди.

Аммо инсонпарварлик ёрдамлари таркибида ёнилғи йўқ, ҳозиргача Ғазо аҳолиси эҳтиёжлари учун ёнилғи сўрови Исроил томонидан рад этиб келинмоқда.

Исроил тарафи асосий аргументи – дизел ҳарбий ва фуқаролик мақсадларида ишлатилиши мумкин бўлган «икки мақсадли» маҳсулот сифатида таснифланмоқда. Шунинг учун ёнилғи қаттиқ назорат остида.

Ғазодан ҳалок бўлганлардан ташқари, ўн минглаб ярадорлар ҳам бор. Шифохоналар, у ердаги тиббий асбоб-ускуналар ишлаб туриши учун эса электр энергияси зарур.

Исроил томонидан 7 октябр куни бошланган қамал ҳудудга электр энергиясини киритишни ҳам чеклайди. Натижада, Ғазода юқорида айтилган тиббий ускуналар мажбуран дизел ёқадиган генераторлар ёрдамида ишлатилмоқда. Дизел ва бошқа турдаги ёнилғилар миқдори эса чекланган. Айрим шифохоналарда шифокорлар энергияни тежаш учун, баъзида иложсизликдан беморларни телефон ёруғида операция қилишга мажбур бўлмоқда.

«Агар қамалдаги анклавга ёнилғи киришига рухсат берилмаса, бутун ёрдам операцияси тўхтайди. Касалхона генераторлари, сувни тузсизлантириш заводлари ва озиқ-овқат ва тиббий буюмларни қайта тақсимлаш учун юк машиналари — барчаси тўхтайди», деган БМТ вакили Томас Уайт.

Маълумотларга кўра, Ғазодаги 35 касалхонадан камида 10 таси Исроилнинг авиазарбалари оқибатида катта зарар кўрган ёки электр энергиясини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ёнилғи етишмаслиги туфайли ишламай қолган. Тўлиқ блокада Ғазонинг 2 миллиондан ортиқ аҳолисини тубсиз жарга олиб бормоқда.

Al-Jazeera'нинг ёзишича, бугунга қадар Ғазога электр қуввати икки манбадан келган. Улардан бири 120 МВт станция Исроил ҳудудида, у 9 октябр куни Исроил армияси томонидан ўчирилган. 11 октябрда ёнилғиси тугаб, фаолиятини мажбуран тўхтатган Ғазо электр станцияси эса қўшимча 70 МВт энергия ишлаб чиқарган. Бу фаластинликлар бу иккисидан ҳам маҳрум ва ёнилғида ишлайдиган генераторларга таяниб қолган.

«Ҳолбуки инсонпарварлик ёрдами Исроил ҳукумати ва БМТ вакилларининг тўлиқ кузатуви остида олиб борилади, бирорта юк машинаси манзилга етгунича тўхтатиши ёки маршрутини ўзгартириши мумкин эмас. Ёнилғи тўлиқ назорат остида етказиш имкони, механизмлари бўлса-да, Исроил унга рухсат бермаётгани бунга хоҳиш йўқлигини билдиради», дейилади нашр хабарида.

Буни Исроилнинг захирадаги ҳарбийси, генерал-майор Гиора Эйланд қуйидагича изоҳлаган: «оғир гуманитар инқирозни яратишдаги ҳаракатлар мақсадга эришиш учун зарур воситадир». Яъни онгли равишда Ғазо инсон яшолмайдиган жойга айланишини хоҳлашмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ёнилғи тақчиллиги Ғазодаги ҳали ҳам ишлаётган шифохоналарнинг энг муҳим функцияларига, шу жумладан ярадорларни ташиш учун тез ёрдам машиналари ва 1000 дан ортиқ беморга боғлиқ бўлган диализ аппаратларига ҳам таъсир қилмоқда.

Ғазога қилинган ҳозирги ҳужумдан олдин ҳам ҳудуд Исроил томонидан блокада ичида бўлган. Натижада, Ғазо иқтисодиёти вайрон бўлган, ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражаси дунёдаги энг юқори – қарийб 70 фоизга кўтарилган. Аҳолининг асосий қисми – 81 фоиздан ортиқ киши қашшоқликда яшамоқда.

«Яна бир муҳим масала [ҳозирги қамал остида] кунига ўртача 20 юк машинаси гуманитар ёрдам етказадиган ҳозирги механизм Ғазо аҳолисини ушлаб туриш учун биз талаб қиладиган даражада эмас. Можародан олдин оддий бир кунда 455 та юк машинаси аҳолини қўллаб-қувватлаш учун Ғазога кираётган эди», деган БМТ вакили Уайт.

Нашр агар ёнилғи Ғазо дарҳол секторига киритилмаса, бу кўпроқ одамлар ҳалок бўлишига олиб келиши ҳақида хулоса қилган.

7 октябр куни ҲАМАС Исроил ҳудудига ракеталар билан ҳужум уюштирди, шунингдек, қуролланган бўлинмалар чегара ҳудудларга бостириб кирди, бу ҳужум оқибатида 1300 дан ортиқ исроиллик ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ киши гаровга олинган.

Бунга жавобан Исроил Ғазо секторини қамал қилиб, 2 ҳафтадан ортиқ вақтдан буён ҳудудни тинимсиз бомбаламоқда. Турли маълумотларга кўра, авиазарбалар натижасида 7 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, ўн мингдан ортиқ киши яраланган. Жаҳоннинг турли мамлакатларида Исроилдан террорни тўхтатишни талаб қилиб намойишлар ўтказилмоқда, сиёсатчилар ўт очишни тўхтатиш ва ҳудудга инсонпарварлик ёрдамлари етказишга чақирмоқда.

Мавзуга оид