Ўзбекистон | 17:53 / 27.10.2023
57612
5 дақиқада ўқилади

«Мобил қуллик» бекор қилинди. Рақамни сақлаган ҳолда мобил операторни қандай ўзгартириш мумкин?

Дастлабки босқичда жисмоний шахслар ўзи ўтишни хоҳлаган мобил алоқа оператори офисига ташриф буюрган ҳолда мурожаат этади ҳамда мобил рақами кўчирилган янги сим картани олиб кетади.

Фото: Яндекс-харита

27 октябр куни «ICTWEEK UZBEKISTAN — 2023» ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси мобил алоқа тармоқларида абонент рақамини кўчириш хизмати (MNP) ишга туширилди.
 
Тизимнинг қулайлиги шундаки, эндиликда абонентлар мобил алоқа операторларининг хизмат кўрсатиш сифатига қараб исталган компанияни танлаши мумкин. Бу жараёнда мобил алоқа абонентларига улар бошқа операторга кўчганда ўз абонент рақамини сақлаб қолиш имконияти тақдим этилади. Бу рақам йўқотилишининг олдини олиши ҳамда алоқа операторлари томонидан рақам ресурсларидан янада оқилона фойдаланилишига хизмат қилиши кўзда тутилган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Beeline, Mobi.uz, Ucell, UZTELECOM, Humans каби 5 та мобил алоқа оператори фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан мижозларга мобил алоқа хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Агар хизматдан фойдаланиб, мобил алоқа оператори ўзгартирилса, кўчирилган рақамлар ўз шаклини ва кўринишини сақлаб қолади.

Рақамни сақлаган ҳолда компанияни ўзгартириш қуйидаги 4 босқичда амалга оширилади.

1-босқич

Телефон рақамни бошқа уяли алоқа операторига улаш учун янги компания офисига ариза билан мурожаат қилинади. Бунда рақам расмийлаштирилган шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ID-карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳарбий гувоҳнома)ни олиб бориш лозим.

Айни вақтда рақамни онлайн ўзгартириш имконияти мавжуд эмас.

2-босқич

Ариза берилган вақтдан бошлаб, агар барча шартлар бажарилган бўлса, рақамни кўчириш жараёни 10 дақиқагача давом этади. Тасдиқ жавобидан сўнг хизмат учун тўлов амалга оширилади.

Бир марталик тўлов абонент ўтаётган операторга тўланади, тўлов миқдори ҳар бир мобил алоқа оператори томонидан мустақил белгиланади. Ҳозирда аксар компанияларда мазкур хизмат учун ўртача 60 минг сўм миқдорида тўлов белгиланган.

3-босқич

Оператор абонент аризасини қабул қилади, у билан янги келишув тузади ва абонентга вақтинчалик рақамга эга янги SIM-карта топширади. Вақтинчалик рақам назарда тутилган операторга бириктирилган рақамлар тўпламидан танлаб берилади, янги SIM-карта эса абонент томонидан аризада кўрсатилган тариф режасига уланган бўлади.

Келишув тузилган вақтда вақтинчалик рақамга эга SIM-карта фаол бўлади ва абонент унинг рақами фактга кўра янги операторга ўтказилгунига қадар ҳам янги алоқа оператори (resipient-operator) хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Рақамни янги операторга ўтказиш аризаси рад қилинганда, абонент ўзига берилган SIM-карта орқали resipient-operator хизматларидан фойдаланишда давом этиши мумкин.

Рақам янги операторга муваффақиятли ўтказилганда, resipient-operator SIM-картадаги вақтинчалик рақамни абонент аризасида ўтказилиши лозим деб кўрсатилган рақамга ўзгартиради. Рақамни бошқа мобил операторига кўчириш 8 иш соатидан ортиқ бўлмаган вақт талаб қилади.

4-босқич

Янги оператор (resipient-operator) абонентни унинг рақамини бошқа операторга кўчириш жараёни муваффақиятли якунлангани ҳақида оператори ўзгартирилган рақам SIM-картасига SMS юбориш орқали хабардор қилади. Оператор чекланмаган сонда алмаштирилиши мумкин, аммо дастлабки кўчириш вақтидан камида 30 кун ўтган бўлиши лозим.

Рақамни кўчириш борасидаги ариза бир қанча сабабларга кўра рад этилиши мумкин:

1-сабаб: агар аризада кўрсатилган маълумотлар олдинги оператордаги маълумотларга (рақам, ФИШ, паспорт маълумотлари) мос келмаса, ариза рад этилади (Ечим: олдинги операторнинг сотувлар ва хизматлар бўлимига мурожаат қилиб, ундаги маълумотларни тўғрилаш, сўнг рақамни кўчириш аризаси қайта топширилади).

2-сабаб: олдинги оператор олдида қарздорлик мавжуд (Ечим: қарздорликни исталган усулда сўндириш, сўнг бошқа операторга ўтиш аризасини унинг офисларидан бирида такроран топшириш лозим).

3-сабаб: рақам охирги марта кўчирилганидан кейин 30 кундан кам муддат ўтган бўлиши. (Ечим: 30 кунлик муддат тугашини кутиш ва рақамни кўчириш бўйича аризани такроран топшириш).

4-сабаб: SIM-карта йўқолгани, суд қарорига кўра ёки олдинги мобил алоқа оператори хизматлари учун ҳақ тўланмагани сабабли рақам блокланган бўлса ариза рад этилади (Ечим: оператор офисга мурожаат қилиб, рақамни блокдан очиш ва кўчириш ҳақида такроран ариза бериши лозим).

Мавзуга оид