Ўзбекистон | 13:17 / 28.10.2023
10351
5 дақиқада ўқилади

“Ойлик кам, техник имкониятлар паст, тартибсизлик кўпайди” – Миллий кутубхона узлуксиз ишлашни нега тўхтатди?

Миллий кутубхонанинг 24/7 тартиби 1 йиллик синов муддатидан кейин вақтинча тўхтатилди. Масъуллар бу тизимни қайтариш учун шаҳар ҳокимлиги техник имкониятларни ва Вазирлар Маҳкамаси ходимлар ойлигини кўтариш масаласини қайтадан кўриб чиқиши кераклигини айтяпти.

Фото: Kun.uz

2022 йилнинг 1 ноябридан Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонанинг Б биноси 24/7 ишлашни бошлаганди. Кутубхона расмийларининг Kun.uz’га берган изоҳига кўра, синов тариқасидаги тизим ўзини қисман оқламаган.

Бунинг сабабларини кутубхона директори ўринбосари Насиба Холдорова санаб ўтди. Унинг маълумот беришича, биринчи сабаб тунги вақтда фаолият юритадиган ходимлар учун таклиф қилинган маошга кўпчилик рози бўлмаган ва яна тунги сменада ишлашга аёл ходимларнинг оила аъзолари қаршилик қилган.

Кейинги сабаб, Миллий кутубхона фойдаланаётган “Маърифат маркази” ихтисослаштирилган дирекциясида фаррош ходимлар ойлик маошларининг (980 000 минг сўм) камлиги туфайли 22 штат бирлигидан 14 таси вакант қоляпти. Натижада хизмат кўрсатиш заллари ва бинонинг умумий фойдаланиш жойларини тозалаш санитар гигиеник талабларга жавоб беришида муаммолар юзага келган.

Учинчи сабаб куз-қиш мавсуми яқинлашгани туфайли гардероб хизмати зарур, тунги вақтда гардеробда хизмат кўрсатишга штат бирлиги ажратилмаган.

Бинони қўриқлаш ва хавфсизликни таъминлашга жалб этилган Миллий гвардия ходимларининг бир смена таркиби қисқартирилгани ҳам бинони тўлиқ назорат қилиш (фойдаланувчиларнинг кириб-чиқиши) имкониятини чеклаган.

Холдорова Миллий кутубхонанинг тунги вақтда фаолият юритиши жараёнида фойдаланувчилар тартибсизлиги ҳам кўпайганини айтади.

Фойдаланувчилар бир-бирлари билан келишмовчиликка боришлари, ўқув залларида (стулларни бирлаштириб) ухлаб ётишлари, тунги вақтда (борар жойи бўлмаган) ухлаш масканига айлантириб олиши, спиртли ичимлик ичиб келиш ҳолатлари, ўғриликлар кузатилиб, бинони қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлаш хизмати, ички ишлар органи ходимлари томонидан баённомалар, Миллий кутубхона ходимлари томонидан тушунтириш хатлари олинган ва огоҳлантиришлар расмийлаштирилган”, – дейди у.

Шунингдек, Kun.uz’га кутубхона фойдаланувчилари кечки тартибда қандай машғулотлар билан шуғуллангани ҳақидаги статистика ҳам тақдим этилди. Унга кўра, тунги вақтда фойдаланувчиларнинг 66 фоизи интернет тармоғидан,  32,5 фоизи YouTube’дан, 1,5 фоизи китоблардан фойдаланган.

Насиба Холдорова айтаётган тунги сменада ишлайдиган ходимлар етишмаслиги ва ойликлар масаласини аниқлаштириш учун Kun.uz “Маърифат маркази” ихтисослаштирилган дирекцияси директори ўринбосари Ботир Қурбонов билан гаплашди. Унинг тушунтиришича, штат ва ойликлар масаласида Вазирлар Маҳкамаси янги қарор чиқариши керак.

Биз таклифларни ўтган йили киритганмиз, жавобини кутяпмиз”, – деди Ботир Қурбонов

Бундан ташқари, Ботир Қурбонов кутубхонанинг тунги тартибида иситиш ёки совитиш тизими доимий ёниқ туриши кондиционерларга ортиқча юклама туғдиргани ва бу ҳам муаммоларга сабаб бўлаётганини маълум қилди.

“Бу бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилганмиз. Ҳокимлик балансидаги ташкилот бўлганимиз учун коммунал ва техник масалаларга ҳам улар маблағ ажратади”, – дейди директор ўринбосари.

Kun.uz ўтказган кичик сўровномада кутубхонанинг аксар фойдаланувчилари талабалар экани, улар яшаш жойида етарли шароит йўқлиги сабаб кутубхонага келиб дарс қилишни афзал кўришларини ва шунинг учун ҳам тунги “смена” қайтишини хоҳлашларини айтди.

Жамоатчилик фаоллари ҳам кутубхона тунги тартибда ишлашини вақтинча тўхтатганини ижобий қабул қилмади. Мавзуга биринчилардан бўлиб ўз муносабатини Ҳарвард университети катта илмий ходими Ботир Қобилов ёзди.

Ушбу кутубхонанинг обуначиси сифатида айтишим мумкин – яхши иш бўлмабди… Тошкентда баъзида уйдан ташқари жойда компютеримда ишлаш учун жой қидириб қоламан. Баъзилар “кофе-шоплар талайгина-ку, боринг” ёки “бизнинг офисдан жой қилиб берамиз” дейишади. Ёки пулли коворкинг марказларни тавсия этишади. Лекин кофе-шопга бориб шовқинда ишлай олмасам-чи, офисдан стол бериб турадиган танишим бўлмаса-чи? Коворкинг марказлари тўлови менга қимматлик қилса-чи? Қаерга бораман? Жавоб жамоат кутубхонаси бўлиши керак”, – деб ёзган у.

Қобилов, хорижда конференцияларда юргани сабабли фаолияти 24/7 соат давом этишини ва шу вақтда унга кутубхоналар энг яхши жой эканини айтади.

“Кутубхоналар бу стереотипдаги фақат талабалар китоб ўқийдиган жой эмаслигини, улар имкониятларни тенглаштирадиган, инсонларни ўзаро бир-бирига яқинлаштирадиган ва фуқаролик жамиятини қуришда муҳим макон эканини эслатишни жоиз деб топдим”, – деб ёзади у.

Ҳолатга иқтисодчи Отабек Бакиров, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳам муносабат билдириб, Ўзбекистонга қанча кўп жамоат кутубхонаси бўлса, шунча яхшилигини ёзган.

Демак, масала Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Вазирлар Маҳкамаси бўйнида қолмоқда. Бюджет маблағлари жамоатчилик томонидан танқид қилинадиган фестивалларга ажратилганидан кўра, кутубхона тунги тартиби камчиликларини тузатишга сарфланса, бундан талабалар, ёшлар, мустақил изланувчилар, илм одамлари кўпроқ фойда кўради.

Зуҳра Абдуҳалимова, Kun.uz

Мавзуга оид