Иқтисодиёт | 11:51 / 28.10.2023
21805
4 дақиқада ўқилади

Уй-жой бозоридаги нарх пуфаги кенгайишда давом этмоқда. Марказий банк раиси муносабат билдирди

Кўчмас мулк бозорида уй-жойларнинг бозор нархи фундаментал нархидан ўртача 36 фоизга юқори баҳоланган. МБ раиси Мамаризо Нурмуродов “нарх пуфаги” пайдо бўлганини инкор этиб, айни пайтда хавф даражаси юқори эмаслигини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Марказий банкнинг 2023 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича тайёрлаган “Молиявий барқарорлик шарҳи”да кўчмас мулк бозорида “нарх пуфаги” ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган

“Кўчмас мулк бозоридаги талаб ва таклиф ўртасидаги юзага келган номутаносиблик оқибатида 2023 йил I ярим йиллигида уй-жойларнинг бозор нархи фундаментал нархидан ўртача 36 фоизга ортиқча баҳоланиши кузатилди”, дейилади МБ шарҳида.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда уй-жой бозор нархларининг ўсиб бориши, амалдаги имтиёзли ипотека кредитлари ва субсидиялар бўйича қўшимча давлат дастурлари орқали аҳолининг уй-жойга бўлган талабининг янада рағбатлантирилиши кўчмас мулк секторида талаб ҳажмининг бевосита ортишига туртки бўлган.

“Уй-жойга бўлган доимий талабнинг сақланиб қолиши, таклиф ҳажмининг эса юқори потенциалда шакллана олмаслиги натижасида келгусида кўчмас мулк бозорида талаб ва таклиф номутаносиблиги ортиши эҳтимолий нарх пуфаги янада катталашиши мумкинлигига ишора беради. Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносиблик натижасида шаклланаётган, уй-жойларнинг бозор ва фундаментал нархлари ўртасидаги нисбатан юқори тафовут, кўчмас мулк бозорида тизимли хатарлар юзага келиш эҳтимолини оширади. Мамлакатда иқтисодий фаолликнинг пасайиши, аҳоли умумий реал даромадининг камайиши, шунингдек реал фоиз ставкаларнинг ортиши ва ипотека кредитлари ажратиш талабларининг қатъийлаштирилиши каби омиллар кўчмас мулк бозоридаги талаб ҳажмининг камайишига сабаб бўлади. Бунинг натижасида, кўчмас мулк бозорида уй-жой нархларининг кескин пасайиши ҳолати кузатилиши мумкин”, дейилган МБ ҳисоботида.

“Хавф даражаси юқорилашсагина кредитларни чеклаш каби қарорлар билан таъсир ўтказишимиз мумкин”

26 октябр куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири “Кўчмас мулк бозоридаги нарх пуфагини камайтиришда МБ ўзида мавжуд бўлган инструментлардан фойдаланадими?” деган савол билан расмийларга юзланди. МБ раиси Мамаризо Нурмуродов айни пайтда хавф даражаси юқори эканини инкор этди.

"Биз нарх пуфаги пайдо бўлди демоқчи эмасмиз. Бу ердаги асосий жиҳат бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозоридаги фарқдан келиб чиқилган. Яъни Марказий банк ипотека кредитларининг фоизларини камайтириш, ошириш ёки чеклаш борасида ҳеч бир чора қўлламоқчи эмас. Бу фикрга урғу берганимиздан асосий мақсад ипотека кредитларининг тез суръатда ошиши ва енгилликлар бозордаги нархлар ўзгаришига таъсир қилади. Хавф даражаси юқорилашса, кредитларни чеклаш каби қарорлар билан таъсир ўтказишимиз мумкин. Қонунчилик ҳужжатларида ҳам ипотека инқирозининг олдини олиш мақсадида ажратиладиган маблағнинг максимал миқдори чекланган. Бу ҳам ўз навбатида пуфак ёрилишининг олдини олишга ёрдам беради”, деди Мамаризо Нурмуродов.

Уй-жой нархи қимматлашишда давом этадими?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан қилинган ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилнинг август ойи ҳолатига Тошкент шаҳри кесимида уй-жой ўртача нархининг йиллик энг юқори ўсиши Юнусобод (37,1 фоиз) ва Мирзо Улуғбек (35,7 фоиз) туманларида қайд этилган бўлса, нисбатан пастроқ ўсиш Сергели (27,8 фоиз) ва Олмазор (24,4 фоиз) туманларида кузатилган. Бундан ташқари, кўчмас мулк эгаларининг уйларини ижарага беришидан (уй қийматига нисбатан) олинадиган энг юқори даромад Мирзо Улуғбек (12 фоиз) ва Чилонзор (10,6 фоиз) туманларида олинаётган бўлса, нисбатан пастроқ даромад Сергели (8,5 фоиз) ва Учтепа (8,2 фоиз) туманларида қайд этилган.

“Уй-жой нархлари ошиб бораётган шароитда ижарадан келаётган даромаднинг жозибадорлиги аҳоли жамғармаларининг кўчмас мулкка йўналтирилишини янада рағбатлантиради. Бу эса уй-жойга бўлган талабни ошириб, уларнинг нархи янада қимматлашишига олиб келиши мумкин”, дейилган МҲТИ таҳлилларида.

Мавзуга оид