Юзлаб фуқароларни чув туширган фирибгарлик: cценарий ўзгармаган, ижрочилар эса «Авто 60 ой» ишидагилар
Kun.uz таҳририятига «осон шартларда» автомобил ва уй-жой олиб беришни ваъда қилиб, фуқароларни катта маблағга чув тушираётганлар ҳақида мурожаат келиб тушди. Бу сафарги алдов Instagram саҳифасида Xumo vines номи билан танилган вайнер шахсидан фойдаланиб амалга оширилган. Учарлар жамоаси таркибида «Авто 60 ой» ишида 8 йилга қамалиб, 2 йил-у 10 ой «ўтириб» чиққан Жамшид Баҳодиров ҳам бор.
Осон шартларда машина ва квартира олиб бериш ваъдаси билан «Media plus 24» ҳамда «Х-vines» МЧЖлари фуқаролар билан шартнома имзолаган. Юзлаб фуқаролардан бошланғич тўловлар қабул қилиб олинган. Kun.uz мухбири мазкур фирмалар жойлашган ҳудудга ҳолатни ўрганиш учун борди. У ерда 50 дан ортиқ алданган фуқаролар тўпланган эди.
Жабрланувчиларнинг кўпчилиги Xumo vines номи билан танилган вайнер Ҳумоюн Маҳамаджоновнинг Instagram саҳифаларидаги уй-жой ва автомобил олиб бериш ҳақидаги рекламаларини кўриб офисга келганини, шартнома тузиб бошланғич тўловларни тўлаганини билдирди.
«25 млндан 50 млн сўмгача тўлов қилсангиз, арзон икки-уч хонали уй-жой олиб берамиз дейишганди. Шунга ишониб тўрт киши келиб, умумий ҳисобда 105 млн сўм тўлов қилгандик. 17 октябргача уй олиб берамиз деб пулимизни олишди. Фирманинг кассаларига тўлов қилгандик. Ҳозир суриштирув кетяпти дейишяпти. Офислари эса ёпилиб кетган. Пулимизни ололмай сарсон-саргардон бўлиб юрибмиз», дейди жабрланувчилардан бири.
15 сентябр куни Spark автомобилига 5,5 млн сўм тўлов қилган Баҳром Эргашевнинг таъкидлашича, бошланғич тўловдан сўнг фирма томонидан унга 2 минг АҚШ доллари миқдорида пул ажратиб берилиши ваъда қилинган.
«Ўттиз кун ичида, яъни 15 октябргача Сергели автоиккиламчи бозоридан автомобил олиб беришни ваъда қилишди. Ўзингизнинг хоҳишингизга қараб банк орқали ёки «арендатор» қилиб олиб берамиз дейишди. Кейин сентябрнинг охирида ўзларининг Instagram саҳифасига Олмазордаги филиалимиз ёпилди ва 20 октябрда сизларга алоқага чиқамиз тарзида «история» қўйишди. Телефон қилиб сўраганимда пулингиз 20 октябрда қайтарилади деб айтишди. Айтилган санада келганимизда офис ичи бўм-бўш, ёпилиб кетган. Кейин жабрларганлар «участкавой»га бориб ариза ёзиб бердик», дейди у.
Яна бир жабрланувчи фирма билан шартнома тузиб, автомобил олган. Шунга ишониб уйга ҳам тўлов қилиб алданиб қолган.
«Автомобилга 10 млн сўм тўлов қилганман. Биринчи тўловни қилганимдан сўнг 3 минг АҚШ долларини сизга берамиз. Банк ёки «арендатор» орқали оласиз. Фирмага 3 минг АҚШ долларини 3 йилда бўлиб қайтариб беришимни айтишди. Кейин Cobalt автомобилини олдим. Шунга ишониб, уйга ҳам тўлов қилгандим. Кейин бундай муаммолар пайдо бўлди», дейди жабрланувчи Жамолиддин Исмоилов.
Қизиғи шундаки, «фирибгар» экани даъво қилинаётган бу икки фирманинг менежерлик лавозимида Жамшид Баҳодиров исмли шахс ишлаб келган. Жамшид Баҳодиров ва унинг жиноий шериклари «Авто 60 ой» иши бўйича ўтган суднинг 2021 йил 29 март кунги ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган жабрланганлардан бирига кўра, айни пайтда Баҳодиров озодликда. У одамларга «арзон ва қулай шартларда автомобил ҳамда квартиралар олиб бериш хизмат»ларини кўрсатиб келаётгани ҳам айтилмоқда.
«Тўлов қилганимда менга Жамшид Баҳодиров келиб, ўзини раҳбарман деб таништирган. Кейин суриштириб кўрсак, у «Авто 60 ой» МЧЖ раҳбари бўлган экан. Бу ерда ҳужжатларда 2-3 одамни раҳбар қилиб, ўзи келган мижозларга раҳбарман деб таништириб, пулларни йиғиб юрган шахс экан. Буни биз фирма ёпилганидан кейин билганмиз», — дейди жабрланганлардан бири.
Кun.uz суҳбатлашган жабрланувчилардан бирининг айтишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, бир нафар шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Жиноий гуруҳнинг қолган аъзолари терговдан яширинган. Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича терговни ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти олиб бормоқда.
Маълумот учун, мазкур ишда асосий «фигурант»лардан бири экани айтилаётган Жамшид Баҳодиров «Авто 60 ой» ишида 8 йилга қамалганди. Аммо 2 йил-у 10 ой «ўтирган» фирибгар «ўзини яхши тутгани ва тузалиш йўлига ўтгани учун ижобий тавсифнома олгани» сабабли ўталмай қолган 5 йилдан кўпроқ қамоқ муддати ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Олий суд ахборотига таянадиган бўлсак, у фуқароларга етказилган зарарни қопламаган.
Мавзуга оид
21:48 / 23.11.2024
Одамлар ўлимига кўпроқ сабаб бўлаётган энг хавфли автомобиллар саналди
19:44 / 19.11.2024
Йўл қурилиши бўйича буюртма олиб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
13:07 / 18.11.2024
Пискент полигонидаги навбат электрон шаклга ўтказилди
12:06 / 16.11.2024