Иқтисодиёт | 19:05 / 31.10.2023
18472
2 дақиқада ўқилади

Электр энергияси улгуржи истеъмолчиларининг 28 фоизи АСКУЭга уланмагани маълум бўлди

Ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилган 170 мингдан ортиқ абонентнинг автоматлашган тизим билан алоқаси йўқ. Президент барча улгуржи истеъмолчиларни АСКУЭ тизимига улашни топширди.

Шавкат Мирзиёев “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказида. 2021 йил / Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда электр улгуржи истеъмолчиларининг 28 фоизи автоматлашган тизимга (АСКУЭ) уланмаган. Ёки ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилгани билан, 170 мингдан зиёд абонентларнинг автоматлашган тизим билан алоқаси йўқ.

Бу ҳақда энергетика соҳаси бўйича президент ҳузурида ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Давлат раҳбари соҳа мутасаддиларига барча улгуржи истеъмолчиларни АСКУЭ тизимига улашни топширди.

Ўғирликлар энг юқори бўлган ҳудудларда ноқонуний истеъмолга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда қозонхоналарни капитал ва жорий таъмирлаш, иссиқлик тармоқларини таъмирлаш ҳолати ҳам кўриб чиқилди. 

Республика бўйича режа 98 фоизга бажарилган бўлса-да, Андижон, Наманган ва Сурхондарёда орқада қолаётгани кўрсатиб ўтилди.

Икки ҳафта муддатда барча куч ва воситаларни сафарбар қилиб, қозонхоналар ва иситиш тармоқларини таъмирлаш ишларини якунлашга топшириқ берилди. 

Ижтимоий соҳа муассасаларида ҳам эски ва энергия сарфи юқори бўлган қозонларни янгилашни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Бу йилги куз-қиш мавсумига аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасалари эҳтиёжи учун етарли ҳажмда кўмир етказиб бериш муҳимлиги таъкидланиб, 10 ноябрга қадар ижтимоий соҳа объектларига қўшимча 60 минг тонна кўмир етказиб бериш топширилди.

Айрим ҳудудларда аҳолига кўмир тарқатиш тизими тўғри йўлга қўйилмагани, оқибатда етказиб берилган кўмирни юқори нархларда ноқонуний сотиб юбориш ва талон-торож қилиш ҳолатларига йўл қўйилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Бош прокуратурага тарқатилаётган кўмирнинг аҳолига етиб боришини назорат қилиш бўйича тизим яратиш топширилди.

Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди.

Мавзуга оид