Жаҳон | 20:55 / 31.10.2023
20874
19 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Украина Авдийивка бўйича бир қарорга келиши керак

Украина қуролли кучлари Авдийивка мудофааси учун бошқа йўналишлардан қўшимча кучлар юбориши талаб этилади. Бу эса жанубда шусиз ҳам сусайган юришларни тўхтатишга рози бўлишни англатади. Бу вақтда Ғарб муваффақият намойиш этмаётган армияни молиялаштиришда давом этиш борасида ўйланиб қолган.

Россия ҳарбийларида сўнгги бир йил ичида Бахмут ва Соледардан сўнг нисбатан йирик учинчи аҳоли яшаш манзили Авдийивкани эгаллаш имконияти пайдо бўлган. Украина ҚК ҳозирча Днипронинг сўл қирғоғида муваффақиятини ривожлантира олмаяпти. Бу воқеалар фонида Ғарбда Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиш борасида кескин мунозаралар пайдо бўлган.

Украиналик ҳарбий хизматчилар фронтда. Фото: Володимир Зеленскийнинг Телеграм канали

Германиянинг Бремен университети қошидаги Шарқий Европани ўрганиш маркази илмий ходими Николай Митрохин Украина фронтида сўнгги ҳафта ичида содир бўлган воқеаларни таҳлил қилди.

Авдийивка биринчи планга чиқди

Фронтдаги вазият етарли тарзда статик кўриниш олди. Томонларда сезиларли силжиш ёки янги муҳим жанглар кузатилмаяпти. Бироқ ҳафта ичида агар принципиал бўлмаса ҳам, Авдийивка атрофидаги вазият сезиларли даражада ўзгарди. Унинг йўқотилиши тобора ойдинлашмоқда ва Украина ҚКнинг 2023 йилги ёзги қарши ҳужум кампаниясининг барча натижаларини йўққа чиқариш билан таҳдид қилмоқда, бу эса Украинани 2024 йилда молиялаштиришга тўғридан тўғри таъсир ўтказиши мумкин.

Аввал халқаро кузатувчилар, сўнгра Украина нашрлари РФ қуролли кучлари (турли баҳолашларга кўра) икки минг аскари ва (фотолар бўйича санаб чиқилган) юздан ортиқ техникасидан айрилиб, Авдийивкани жиддий ярим қамал ҳолатига қамай олишгани ва Украина таъминот коридорини етти километр кенгликкача торайтиришгани (аввал 9 км эди)ни таъкидлашди. Авдийивка шимолий-шарқий четидаги кокскимё комбинатининг «террикони» 20 октябр куни РФ ҚК томонидан эгаллангани шаҳарни мудофаа қилиш имкониятларига жиддий таъсир ўтказмоқда.

Энди инсон қўли билан яратилган, диаметри 300 метр бўлган ясси тепалик устидан туриб нафақат шаҳарнинг шимолий қисмини кузатиш ва ўққа тутиш, балки комбинатнинг саноат зонасига ҳужум ҳам уюштириш имконли бўлиб қолди. Бахмут ва Соледар (аввалроқ Северодонецк ва Лисичанск, ундан аввалроқ Изюм) тажрибасидан маълумки, Россия штурмчи гуруҳлари шаҳарга киргач, гарчи қарама-қаршилик ойлаб давом этса ҳам украиналик мудофаачиларда шаҳарни ушлаб қолиш имконияти қолмайди.

Украиналик мухбирларнинг сўнгги кунларда эълон қилган фотосуратларига қараганда Авдийивканинг ҳозирги ҳолати бир ярим йилдан буён ўққа тутилаётган ва бомбаланаётган шаҳар учун яхши сақланиб қолган. Украина ҚК у ерда ҳали узоқ жанг қилиши мумкин эди.

Бироқ, Россия қўшинларининг ҳам шимол, ҳам жанубдан бир неча йўналишларда илгарилаши Бахмутдаги сингари ягона таъминот яна битта ёрдамчи йўлни қолдирмоқда. Агар Россия қўшинлари яна ҳар икки томондан 1 километрга олдинласа, Украинанинг барча коммуникациялари тўғридан тўғри кўриниш масофасига келади ва айниқса кундуз кунлари ўт очиш билан кафолатли йўқ қилинади. Шундай вазият Бахмутнинг йўқотилишига олиб келган эди.

Украина ҚК ўтган ҳафта давомида бу ҳудудда русларнинг олдинга силжишига қарши туришга уриниб кўрди, айниқса РФ ҚКнинг шимолий «қисқичи»ни шимолдан, ўз мудофааси қаъридан ҳужум қилиб кесиб ташлашга ҳаракат қилди. Бироқ бу уринишлар муваффақиятсиз якунланган.

Украиналик жангчи. Фото: Володимир Зеленскийнинг Телеграм канали

Россия томони (ҳали тасдиқланмаган) маълумотларига кўра, 28 октябр куни Украина ҚК ўзининг оператив штабларини Авдийивкадан олиб чиққан. Бу чиндан юз берган бермаганини айтиш қийин, бироқ Украина нашрлари томонидан қуролли кучларнинг шаҳардаги ночор аҳволи тан олиниши – жамоатчилик фикрини муҳим ва йирик шаҳар топширилишига тайёрлаётгандек. Америка ҳарбийлари шу ҳафта ичида Россия қўшинлари оператив муваффақиятларга эришиши мумкинлигини қайд этишди.

Россиянинг Авдийивка атрофидаги амалиёти тақдири кучлар нисбатига боғлиқ: Россия қўшини Украина қуролли кучлари таъминоти олиб ўтиладиган Ласточкино қишлоғи томон яна бир неча километр яқинлашиши талаб этилади, аммо ҳар бир метр учун катта қурбонликлар берилмоқда, шу туфайли захира кучларни жангга олиб келиш талаб этилади — бунақаси сўнгги йил давомида икки томоннинг амалиётларида кўп бор кузатилди — бу эса ҳужум қилиш салоҳиятини туширади.

Бошқа томондан, Украина қуролли кучлари учун ҳам вазият ўта хавфли, шунинг учун, қўмондонлик Авдийивкани сақлаб қолишни истаса, қанотларни нисбатан каттароқ кучлар билан мустаҳкамлаши керак бўлади. Бу эса, катта эҳтимол билан, Орихив ёки Бахмут атрофидаги гуруҳларни кучсизлаштириш эвазига бўлади. Бу мазкур йўналишларда юришларни давом эттиришдан воз кечишни англатади.

Авдийивканинг йўқотилиши Украина ҚК 1991 йилга чегараларга чиқиш ёки камида мамлакат жануби ва Қримни озод қилишдек ўз олдига қўйган мақсадларига етиша олмаслиги хусусида биртомонлама баҳолашга сабаб бўлиши мумкин. Ғарбдан улкан миқдорда техника етказилганига қарамасдан ёзги қарши ҳужум кампанияси барбод бўлган. Техника ва тайёргарлик ўтган бригадалар ҳамон кураш давом этаётган Запорижжя фронтидаги беш ойлик қарши ҳужум асносида куйдириб юборилган.

Россия маълумотларига кўра, 26 октябрнинг ўзида Украина ҚК Работине (Орихивдан жанубда) ҳудудида Копани қишлоғига қанотдан ҳужум қилиш чоғида бир нечта «Леопард» танклари ва «Бредли» зирҳли транспортёрларидан айрилган.

Назарий жиҳатдан бу ҳужумлар муваффақиятга олиб келиши мумкин эди, чунки Россиянинг тайёргарлик кўрган мудофаасининг рўпарасидан эмас, қанотларидан зарба берилган. Бироқ у ҳам муваффақиятсиз тугаган ва Украина ҚКнинг Работинеда олиб бораётган ҳужуми асносида РФ ҚК қанот мудофаасини ташкиллаштириш учун етарли вақтга эга бўлган, Копанига жиддий ҳужум эса нисбатан яқинда бошланди.

Агар Копанида Украина ҚКга омад кулиб боққанида ҳам бу украиналик ҳарбийларнинг бош вазифаси — РФ ҚКнинг мудофаа чизиқларини ёриб ўтиш ва келгусида душман орти томон чуқурлашишга ёрдам бера олмас эди. Работине — Копани «Суровикин чизиғи»нинг биринчи ва асосий бўлмган мудофаа истеҳкомларининг кичик бир участкаси ҳисобланади. Хариталарга кўра иккинчи ва қудратлироқ чизиқ бир неча километр жанубда жойлашган. Унинг ортидан учинчи ва тўртинчиси ҳам турибди, шунингдек, муҳим аҳоли пунктлари атрофида мудофаа тугунлари ва Россия мудофаасининг бошқа яширин сирлари ҳам бор.

Хуллас, 2023 йил якунларига кўра Украина ҚКнинг Запорижжя фронтидаги муваффақиятсизлиги фонида Украинанинг бир пайтлар муҳим иқтисодий аҳамиятга эга ва етарли тарзда йирик шаҳарлари Авдийивка, Бахмут ва Соледар вайроналарининг эгалланиши Россиянинг «эришган муваффақияти» бўлади.

Бундан Украина ҚКнинг ғарб томонидан фаол молиялаштирилиши ва қурол-яроғ етказиб берилиши оккупация остидаги ҳудудларни озод қилиш учун режалаштирилган кенг кўламли қарши ҳужум учун етарли бўлмагани келиб чиқади. Бунга сабаб Украинанинг Запорижжя фронтидаги қарши ҳужуми муваффақиятсизликка учрагани ва Россия қарши ҳужумининг хавфлилигини ўз вақтида пайқай олиш қобилиятига эга бўлмагани, Бахмут, Соледар ва Авдийивка каби критик муҳим участкаларда мудофаа учун қўшинларни тўплай олмагани бўлган. Бу ҳолатда Купянск ҳам қил устида турибди, у ерда ҳам исталган вақтда Россия армияси фронт чизиғини ёриб ўтиши мумкин.

Ғарб сиёсатчиларида муваффақият намойиш эта олмаётган Украина армиясини аввалги ҳажмларда қуроллантиравериш керакми ёки ишни сулҳ тузиш томон етаклаш лозимми, деган савол пайдо бўлмоқда. Боз устига, дунёда уруш камаймаяпти, энди ғарбдан ёрдам фақат Украинага эмас, Исроилга ҳам керак. Ғарб қонун чиқарувчилари келгуси йил учун бюджет тақсимлашда мана шулар ҳақида ўйламоқда. Хусусан, АҚШда Украина мудофаасини молиялаштириш бюджет процедурасидан ажратиб олинган ва алоҳида ўтказилади.

Бироқ Авдийивканинг эгалланишини катта муваффақият деб атамаётганлар ҳам бор. Россия томонидан фронтдаги вазият билан таниш бўлганлар Авдийивка катта ҳарбий аҳамиятга эга эмаслиги, уни штурм қилиш моҳиятан Путиннинг сайловолди кампанияси учун сиёсий акция, деган фикрда.

Украина ҚК ҳозирча Днипронинг сўл қирғоғида муваффақиятини ривожлантира олмаяпти

Салбий эффектни Украина ҚКнинг Днипро дарёсининг сўл қирғоғидаги муваффақиятли илгарилаши йўқ қилиши мумкин эди. Бунинг учун имкониятлар ҳам бордек кўринганди. Украина десантлари октябр ойида Херсондан бошлаб соҳил бўйлаб 20 километрча масофани эгаллаган. Динамикага кўра, улар дарё ўзанидаги оролларнинг қарийб барчаси ва Нова Каховкадан пастроқда сўл қирғоқдаги қайирларнинг катта қисмини назорат қилишмоқда. Икки ҳафтача аввал сўл қирғоқда кенг кўламли десант операциясини рад этган Украина нашрлари ҳам ҳафта охирига келиб ғарб манбаларига таянганча уни тан ола бошлашди.

ISW’нинг Днипро дарёси сўл қирғоғида Украина ҚК плацдарми ҳосил бўлганини кўрсатувчи харитаси (оч ҳаворанг зона). Фото: Урушни ўрганиш институти

Бироқ бир вақтнинг ўзида маълум бўлдики, 17 октябр куни бир қатор жойларда ва қайирларда муваффақиятли тушган ва соҳилга яқин қишлоқларда позицияларни эгаллаган десант Алушка ва Нова Каховкани боғловчи асосий йўл бўйлаб ўтган Россия мудофаа чизиқларини ёриб ўтолмаган ва муваффақиятини ривожлантира олмаган.

Бир жойда (қирғоқ чизиғидан 4 км ичкарида) улар бу йўлни кесиб ўтишга муваффақ ҳам бўлишган, бироқ йўл ва қирғоқ чизиғи ўртасидаги кўплаб қишлоқ ва посёлкалар ҳамон РФ ҚК назоратида қолмоқда. Шунингдек, бир қатор жойларда Украина ҚК чекинишга мажбур бўлган. Ёки йўқотишларга учраганча сезиларли муваффақиятларсиз қишлоқларни артиллерия ёмғири остида штурм қилмоқда.

Қайирнинг ўнг қирғоқдан туриб ўққа тутиш мумкин бўлган қисмида (афтидан, кўпсонли) десант туширишни таъминлаб, Украина ҚК у ерга енгил зирҳланган техника ва дала артиллериясини олиб ўтишга ҳам қодир бўлмаган. Бинобарин, десантнинг аҳволи ҳозирча у туширилган жуда кўп жойларда барқарор кўриниш олмаган. Сўл қирғоқдаги йирик аҳоли пунктларини 10 кун ичида эгаллашга муваффақ бўлинмаган. Шу сабабли ҳозир қарама-қаршилик чизиғи ўтган Олешкида Украина Запорижжя фронти ва Донбассдаги имижли йўқотишларни қисман компенсация қилишидан умид қилиб турилибди.

Қора денгизда Украина ҚКнинг янги ғалабаси

Денгизда Украина ҚК навбатдаги ғалабани қўлга киритди. 27 октябр куни Севастополга рейд уюштиришда бонли тўсиқлар ташқарисида сувости дрони билан Россиянинг энг янги миналарга қарши 33 метр узунликдаги «Владимир Козицкий» кемасига талафот етказилган. Машина бўлмасига зарар етказилгач, кема бандаргоҳга буксир ёрдамида тортиб кетилган.

Олег Царёвга суиқасд

27 октябрга ўтар кечаси Украина Олий Радасининг собиқ депутати, россияпараст айирмачиларнинг энг машҳур етакчиларидан бири Олег Царёвга Қримда ҳужум уюштирилди. Мавжуд маълумотларга кўра, унга икки бор ўқ узилган ва у кўп қон йўқотиб, касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Олег Царёв. Фото: РИА Новости

Украина нашрлари «УХХдаги манбалари»га асосланиб, эртаси куни бу 2022 йилда Киев оккупация қилинса муҳим ролни ўйнаши керак бўлган олий мартабали хоинга қарши анчадан буён ов қилаётган Украина махсус хизматлари ўтказган операция эканини ёзиб чиқишди.

РФ ФХХ эса ўз навбатида Запорижжя областида украинапараст телеграм-каналларнинг яширин администраторлар тармоғи йўқ қилинган ҳақида ҳисобот берди. Гўёки, уларнинг ортида Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси ходими турган. Яна бир ҳолатда таъкидланишича, гумонланувчини ушлаш отишма билан тугаган ва гумондор ўлдирилган.

Ҳаво жанги: ATACMS’нинг янги муваффақиятли ҳужумлари

Россия дронлари ва ракеталари ҳужуми ноқулай об-ҳаво шароитида ва қиш остонасида Украина энергия тизимига ёпирилма зарбага тайёргарлик кўрилаётгани эҳтимоли боис паст даражада қолмоқда. РФ бир ойдан буён Украинага «ҳаво-ер» типидаги ракеталар билан зарба бермаяпти. Зарбдор дронларнинг ҳужумлари сентябрдаги 25-30 дрондан иборат гуруҳ ўрнига 5-6 талик гуруҳга алмашган. Лекин шунга қарамасдан, 25 октябр куни РФ ҚК мураккаб йўналишлар бўйлаб Украинанинг марказий ҳудудларига куриб бориб, Хмелницкий областининг АЭС жойлашган Славута шаҳрида Украина ҚКнинг йирик арсеналига зарба беришга муваффақ бўлган. Россия телеграм-каналларида бу ҳудудда рўй берган йирик портлаш тасвири тарқатилган, тасвирлардан кўринишича такрорий детонация ҳам рўй берган.

Бунга жавобан 26 октябр куни Украина ҚК учта дрон ёрдамида Курск АЭСига ҳужум уюштирган. Улардан иккитаси радиоэлектрон кураш тизимлари ишга туширилиб қулатилган, учинчиси эса ядровий чиқиндилар омборига бориб урилиб, унинг фасадини зарарлаган.

Шу куннинг ўзида кечқурун Украина ҚК 36 та дрон ёрдамида Қримдаги Евпатория шаҳрида соҳилга ҳужум уюштирган. Россия томони уларнинг барчаси уриб туширилганини маълум қилган. Бу яриморолга бу каби йирик ҳужумлардан бири. 29 октябрга ўтар кечаси Украина пилотсиз учун қурилмасининг ҳужуми натижасида Краснодар ўлкасидаги Афипск нефтни қайта ишлаш заводида йирик ёнғин келиб чиққан. Бу ўлка пойтахтидан 16 км узоқда, Украина дронларининг аввал нишонига айланган денгиз соҳилидан ҳам олисда жойлашган.

Бундан ташқари, 26 октябр куни Американинг узоқ масофадаги мўлжални ура олувчи ATACMS ракеталаридан яна фойдаланилган. Россия телеграм-каналлари хабарига кўра, иккита ракета ёрдамида Луҳанск областида Россиянинг учта С-400 зенит ракета комплекслари ишдан чиқарилган.

Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) 21 октябрдан бошлаб жанг майдонларида Россиянинг «Ланцет» камикадзе-дронининг нишонни идентификация қила олувчи янги версияси пайдо бўлганига эътибор қаратди. Пилотсиз парвоз қурилмаси нишоннинг турларини ажарата олади ва бу муваффақиятли зарба имкониятларини оширади. Ижевскда ишлаб чиқарилаётган «Ланцет»лар Россия томонидан оммавий ишлаб чиқарилаётган зарбдор дронларнинг энг муваффақиятлиси бўлиб, қуввати камлигига қарамасдан Украина ҚКга катта муаммолар ярата олмоқда.

Россия фронтга мигрантларни жўнатмоқда

Украина ҚК ва РФ ҚК ўртасида бутун ёз мобайнида рўй берган қарама-қаршилик йўқотишлар ошишига олиб келди ва сафарбарликларнинг ҳозирги кўриниши уларнинг ўрнини қоплай олмайди. Биринчи сафдаги Россия сиёсатчилари ойига 200 минг рубл эвазига урушда қатнашиш истагида бўлганларнинг оқими тугамаётгани хусусидаги ўктам ҳисоботларига қарамасдан, аслида РФ ҚКга Днипро дарёсининг сўл қирғоғини ушлаб туриш учун ҳам одам етишмаяпти. Кенг кўламли эҳтимолли қарши босқинларни қўя туринг. Авдийивка ҳудудидаги нисбатан локал қарши ҳужум ҳам одам йўқотишлари борасида жуда қимматга тушмоқда, гарчи ҳозирча Бахмут штурмидан беш карра «арзон» бўлаётган бўлса ҳам.

Россия ҳукуматидагиларда вазиятни ўнглаш учун асосий ғоя яқинда мамлакат фуқаросига айланган мигрантларни урушга жўнатиш бўлмоқда. Бу қонун чиқарувчилар томонидан бот-бот эслатилмоқда ва амалиётга жорий қилиняпти ҳам.

Россия Тергов қўмитаси ҳам ғайрат билан ишга киришган. Хусусан, Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Бош ҳарбий тергов бошқармаси раҳбари Константин Корпусовга ҳудудий бошқармалар бошлиқларига ҳарбий комиссариатлар билан Россия фуқаролигини қабул қилган ва ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлган шахсларни аниқлашда ёрдам бериш вазифасини юклаган.

Афтидан, ишлар тезроқ кетиши учун у ҳар бир ҳудудий тергов органида миграция соҳасида жиноятларни суриштирувчи махсус бўлинма ҳам ташкил қилганга ўхшаяпти. Тергов қўмитаси дарҳол Москвада ҳарбий чақирувдан қочган 22 мигрантга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини эълон қилди. «Улар Россия фуқаролигини олгани ҳамоно ҳарбий хизматга чақирилиши керак бўлган», — деб хабар берган идора. Россиянинг 80 дан ортиқ янги фуқаролари Тергов қўмитаси томонидан армияга жўнтилган. Бундан ташқари, Москва тергов қўмитаси ходимлари ҳарбий комиссариатлар билан бирга яқинда Россия фуқаролигини олган, бироқ комиссияга келмаган чақирилувчиларни топиш учун уларнинг шахсий делосини ўрганиб чиқишмоқда. Шунингдек, ҳарбий хизматдан қочганларнинг Россия Федерацияси фуқаролигига эга бўлиши қонунийлиги ҳам текширилмоқда.

Москва ҳудудида масжидга жума намозига борган инсонлар ҳам армияга ушлаб кетилмоқда. Бундай сарфарбарлик амалиёти янги фуқароларга нисбатан ксенофобик муносабатда бўлган Россиянинг асосий аҳолисида норозилик потенциалини камайтиришга қаратилган.

Эслаб ўтиш жойизки, урушни қўлловчи аудитория ўртасида машҳур «Рибар» телеграм-канали руслар фронтда жон бераётган бир пайтда мигрантлар фронт ортида турли жиноий бемазагарчиликлар билан шуғулланаётгани тўғрисидаги нарративни илгари суриб келади.

Украинада ҳам янги сафарбарлик борасидаги кампания тезлашмоқда. Агар аввал Украина нашрлари ҳарбийларнинг «биз фронт ортида инсонлар тинч яшаши учун жанг қилмоқдамиз» каби либерал фикрларини кўп трансляция қилган бўлса, уч ой ичида позиция «нега бировлар жанг қиляпти, бошқалар эса йўқ»қа ўзгарган.

Раданинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси аъзоси Сергий Рахманин янги бригадаларни комплектлаш режаси ҳақида гапирди. Запорижжя фронти ва Днипро соҳилига десант туширишдаги йўқотишлар, бошқа барча фронтлардаги тўхтамаётган қурбонлар доимий тўлдириб боришни тақозо этади, ўз ихтиёри билан оммавий чақириққа бориш ҳақида энди гап бормаяпти.

Боз устига, Украинадаги фронт ортида армия учун яроқли ва ишсиз бўлган эркаклар ҳалигача кўпга ўхшаяпти. Украиналик қонун ижодкорлари уларни ҳудудий комплектлаш марказлари (ҳарбий комиссариатлар)га жўнатишнинг турли усулларини ўйлаб топишмоқда ва саралашда коррупцияга йўл қўймасликка ҳаракат қилишмоқда. Украина соғлиқни сақлаш вазирлиги Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг қарорини амалиётга жорий этиб, чақирувда мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш муддатини тўрт кунгача қисқартирди. Бу ҳарбий комиссариатларда ва тиббий комиссияларда коррупция борасида янги фактлар юзага чиққани ортидан рўй берди: потенциал чақирилувчиларга армияга чақирувдан озод қилиш ва чет элга чиқиб кетишга изн берувчи тиббий маълумотномалар берилган.

Мавзуга оид