Жамият | 15:43 / 31.10.2023
22662
5 дақиқада ўқилади

«Жойи келса бир ойда 14 млн сўм топамиз» — андижонлик сувоқчи аёллар

Андижоннинг Марҳамат туманида сувоқ ишлари билан шуғулланувчи аёллар гуруҳи бир талай. Улар гуруҳ-гуруҳ бўлиб жойларда биноларни сувоқ қилади. Абжир аёллар орасида ҳатто олий маълумотлилари ҳам бор. Мавсумда бир ойда 14 миллион сўмгача топамиз, дейди сувоқчи аёллардан бири.

Ойнагул Рисқулова йиллар давомида сувоқчилик қилиб, кўплаб шогирдлар чиқарди. 46 ёшли сувоқчи пул ишлаб, рўзғор камчиликларини бутлашда турмуш ўртоғига кўмаклашади.

Ойнагул Рисқулова

“Сувоқ ишларни опамдан ўргандим. Аёл киши учун тўғри келмайди, дейишган, ўзимга ҳам оғир туюлган бошида, ташласамми, деган фикр ҳам бўлган. Йўқ, кейин яхши ишлаб кетдик, ўргандик. Сувоқчилик ортидан кўп шаҳарларни, вилоятларни кўрдик.

Қурилиш ташкилотларидан ташқари одамлар ҳам уй таъмирлашга чақиради. Ҳар жойдаги муҳитни, одамларнинг бир-бирига бўлган муносабатини кўриб, нимадир ўрганамиз, хулосалар қиламиз.

Бошлиқларимиз байрамларда табриклаб совғалар беради, тадбирлар ўтказади. Аёлларга мос совғалар қилишганда хурсанд бўламиз, кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламиз.

Коллеж, мактаб, ҳатто президент мактаблари, боғчаларни фойдаланишга топширганмиз. Ишимизни кўриб, раҳмат айтишгандаги ҳолат жуда бир бошқача бўлади.

Гуруҳимизда 14 нафар аёл ишлайди. Икки машинада ишга қатнаймиз. Икки йигит ҳам бор, улар оғир ишларда бизга ёрдамлашади. Орамизда турмушга чиқмаган қизлар ҳам бор, улар бизга ҳавас қилиб қўшилган. Кўпчилигимиз бир бир-биримизга қариндош, таниш-билиш, шунинг учун ҳам уйдагиларимиз ишониб рухсат беради.

6-7 йил олдин ўзимизнинг Марҳамат туманидаги Маданият саройида ишладик. Бир тадбирга чақириб қолишди яқинда. Бордик, кириб борганимизда ўзимизнинг ишимиздан кўзимиз қувонди. Меҳмонга борган бинони биз сувоқ қилган эдик. Ходимлар бинони жуда чиройли сақлабди. Меҳнатимиз қадридан қувондим, бошқа аёлларга мақтандим ҳам.

Тўғри, ишимиз аёл киши учун қийин. Аммо астойдил, ишга меҳр билан ёндашилса, қийинчиликлар ҳам билинмайди. Ўзинг қилган ишларни кўрганингда хурсанд бўласан.

Бошида турмуш ўртоғим қарши бўлган, лекин қайнона-қайнотам ўртага тушиб, рухсат берган. Сизларни таъминлаш менинг гарданимда, ўзим қиламан ҳаммасини, деган кунлари ҳам бўлган. Бундай пайтда ишдан бир муддат узоқлашиб турганман. Топганимиз тўй-ҳашам, болалар харажати, бошқа майда нарсалардан ортмайди.

Икки ўғлим, келинларим, 5 набирам бор. Ёшим 46 да ҳозир. Иш доим бўлади, фақат январ-феврал ойларида совуқ тушганда дам оламиз. Шунда ҳам иссиқ шароит қилиб ишга чақирган фирмалар ҳам топилади.

Аёл киши шу ишларни қилиб юрганидан ҳайрон бўладиганлар кўп. Баъзилар уйимда аёллар борлиги сабаб аёл усталар ишлатаман, деб бизга мурожаат қилади», – дейди Ойнагул Рисқулова.

Зарифа Мадумарова олий маълумотли, 20 йилдан бери сувоқчилик қилади

Зарифа Мадумарова

«2003 йилдан бери қурилиш соҳасида ишлайман. Яратганга шукр, топишимиз яхши. Ҳар 10 кунда иш ҳақимизни оламиз. Мавсум пайти ойига 12-14 млн сўмгача пул топамиз.

Олий маълумотлиман, лекин қурилишни танладим. Турмуш ўртоғим ҳам тушуниб, рухсат берди. Кўп фирмалар билан ишлаймиз. Сифатли, масъулият билан ишлайди, материалларни тежаб ишлатади деб бизни чақиришади. Ишбошимиз 20 аёлни доимий иш билан таъминлаб туради.

Ишбошимизнинг ўзи машинасида уйимизга олиб бориб қўяди. Кучим етса, ишлайвераман, нафақага шу ердан чиқаман деган ният ҳам бор. Турмуш ўртоғим тушунади, чунки бизда бундай аёллар кўп. Эр-хотин ишлайдиганлар ҳам бор, иш берувчилар баъзи қизларимизни ҳавас қилиб келин ҳам қилишган. Тушунган, билган одам ёмон ўйламайди, қурилиш соҳаси яхши.

Ишдан безиб қолган пайтлар ҳам бўлади. Бундай вазиятда бир неча кун чиқмай тураман, лекин бирдан ишни соғиниб қоламан.

20 йил ичида анча шогирд чиқардим. Икки қизим бор, улар ўқиб, ватанга хизмат қилсин, дейман», – дейди у.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид