Жаҳон | 10:41 / 01.11.2023
6595
3 дақиқада ўқилади

АҚШ республикачилари Исроилга 14,3 миллиард доллар ажратмоқчи

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида республикачилар инфляцияни пасайтириш тўғрисидаги қонун доирасида Исроилга қисқартиришлар орқали ёрдам бериш бўйича қонун лойиҳасини тақдим этди, деб ёзади The Hill.

Фото: AP / J. Scott Applewhite

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида республикачилар Исроилга Фаластиннинг ҲАМАС ташкилотига қарши курашида 14,3 миллиард доллар ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаб, тақдим этди. Бошқа нарсалар қаторида, 30 октябр, душанба куни эълон қилинган ҳужжатда Исроилнинг Iron Dome ва David's Sling мудофаа тизимлари учун 4 миллиард доллар, шунингдек, Iron Beam мудофаа тизимини ривожлантириш учун 1,2 миллиард доллар ажратиш кўзда тутилган, деб ёзади The Hill. 

Ушбу ташаббус ўтган ҳафта Вакиллар палатаси спикери этиб сайланган Майк Жонсон томонидан эълон қилинган биринчи қонун ҳужжатларидандир. Қонун лойиҳаси 1 ноябр куни бўлиб ўтадиган йиғилишда кўриб чиқилади, дейилади қўшимча равишда. 

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши даргумон

Шу билан бирга, ушбу ёрдам пакетининг тақдим этилиши демократлар қабул қилишни талаб этган ва солиқларни, соғлиқни сақлаш ва иқлимни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олган 2022 йилга қадар инфляцияни камайтириш қонуни бир қисми сифатида молиялаштиришни қисқартиришни ўз ичига олади, дейди The Hill. Бундан ташқари, республикачилар томонидан тақдим этилган Исроилни қўллаб-қувватлаш пакети Оқ уйнинг Украина ва Исроилга ёрдамни бир қонун билан боғлашни мақсад қилган стратегиясига зид келади. Бу иккала факт ҳам қонун лойиҳасини қабул қилишни қийинлаштириши мумкин, деб ёзади газета. Аввалроқ Майк Жонсон Украина ва Исроилга ёрдамни молиялаштириш бир қонун лойиҳаси доирасида эмас, балки алоҳида амалга оширилиши кераклигини айтган эди. 

Айни пайтда, АҚШ Конгрессининг ҳар икки партияси ва ҳар икки палатаси аъзолари Исроилни ҲАМАС гуруҳига қарши курашда қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидламоқда. Бир неча кун олдин, Жонсон спикер этиб сайланганидан сўнг, АҚШ Вакиллар палатаси кўпчилик овоз билан Исроилни қўллаб-қувватловчи резолюцияни маъқуллади. 

Қўшма Штатлар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можарода таклиф қилинган ўт очишни тўхтатишга қарши, деди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби. «Биз ҳозир ўт очишни тўхтатиш тўғри ечим эканлигига ишонмаймиз. Ҳозирда ўт очишни тўхтатиш фақат ҲАМАСга фойда келтиради», дейди Кирби. Бунинг ўрнига Ғазо секторидаги тинч аҳолига ёрдам кўрсатиш ва инсонпарварлик ёрдамини етказиб бериш учун «танаффуслар»га эътибор қаратиш лозим, дея қўшимча қилди Оқ уй вакили. 

Мавзуга оид