Жаҳон | 11:38 / 01.11.2023
5589
2 дақиқада ўқилади

Ғазода яна мобил алоқа ва интернет бутунлай ўчирилди

Фаластиннинг Paltel телекоммуникация компанияси маълумотларига кўра, бунга аввалроқ уланган халқаро тармоқнинг қайта ўчирилиши сабаб бўлган.

Фото: Anadolu Agency

Ғазо секторида мобил алоқа ва интернет бутунлай узилди, деб хабар берди Фаластиннинг Paltel телекоммуникация компанияси. 

«Афсус билан маълум қиламизки, Ғазо секторидаги барча алоқа ва интернет хизматлари илгари уланган халқаро тармоқ қайта ўчирилгани сабабли бутунлай узиб қўйилган», — дейилади Paltel’нинг Х ижтимоий тармоғидаги постида. 

Paltel аввалроқ Ғазо секторида 27 октябр куни Исроил ҳужумлари натижасида узилиб қолган алоқа ва интернет босқичма-босқич тикланаётгани ҳақида хабар берган эди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 8,5 мингдан ортиқ фаластинлик ва 1400 нафар исроиллик ҳалок бўлди.

Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

БМТ Бош ассамблеяси зудлик билан ҳуманитар оташкесимга чақирди. Шу билан бирга, Иордания таклиф қилган резолюция учун 120 давлат овоз берди. Бироқ Исроил бу таклифни рад этди.

Мавзуга оид