Жаҳон | 13:23 / 01.11.2023
9793
2 дақиқада ўқилади

Шотландия бош вазири: дунё Жабалия лагеридаги бегуноҳ одамларни ҳимоя қила олмаганидан афсусдаман

Ҳамза Юсуф болалар ўлимининг олдини олишга чақириб, тезда ўт очишни тўхтатиш зарурлигини таъкидлади.

Фото: Anadolu Agency

Ғазо секторида инсон ҳаётига очиқдан-очиқ эътиборсизликни сўзсиз қоралаш керак. Бу ҳақда Шотландия бош вазири Ҳамза Юсуф маълум қилди.

«Жабалия қочқинлар лагерида бегуноҳ эркаклар, аёллар ва болалар; Дунё сизни ҳимоя қила олмаганидан афсусдаман», — деб ёзди Ҳамза Юсуф Х ижтимоий тармоғида.

У болалар ўлимининг олдини олишга чақирди ва тезроқ ўт очишни тўхтатиш зарурлигини таъкидлади. 

Аввалроқ Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳарбий самолётлари Ғазо сектори шимолидаги Жабалия қочқинлар лагерига ҳужум қилганини маълум қилганди. 

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 8,5 мингдан ортиқ фаластинлик ва 1400 нафар исроиллик ҳалок бўлди.

Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид