7 мингга яқин хорижий фуқаро Ғазо секторини тарк этиш учун навбатда турибди
Қоҳира хорижий фуқароларга Ғазо секторини ҳудуднинг Миср билан чегарасида жойлашган Рафаҳ чегара пункти орқали тарк этиш муддатини ҳали эълон қилмаган.
Исроил ва ҲАМАС ташкилоти ўртасида давом этаётган ҳарбий тўқнашувлар фонида Ғазо секторини чет эл фуқаролигига эга 7 мингга яқин киши тарк этиш учун навбатда турибди. Бу ҳақда 2 ноябр, пайшанба куни Миср Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, улар орасида дунёнинг 60 мамлакати фуқаролари, жумладан, икки фуқароликка эга фаластинликлар ҳам бор. Фуқаролари Ғазо секторидан чиқиб кетишни кутаётган барча давлатларнинг дипломатик вакиллари Миср ҳукумати томонидан логистика ва зарур ҳужжатлар бўйича маслаҳатлашиш учун Қоҳирага таклиф қилинди.
Айни пайтда, Миср Ташқи ишлар вазирлиги хорижлик фуқароларнинг Ғазо секторини ушбу ҳудуднинг Миср билан чегарасида жойлашган Рафаҳ чегара пункти орқали тарк этиши мумкинлиги тўғрисида келишув мавжудми ёки йўқми, ҳозирча хабар бермади. Жўнаб кетиш қайси вақт оралиғида бўлиши ҳам аниқлаштирилмаган.
Ғазо секторидан чет элликларнинг кетиши ҳақида Фаластин маълумотлари
Фаластин томонига кўра, 2 ноябр куни 600 нафар хорижлик ва икки фуқароликка эга фаластинлик Ғазо секторидан Мисрга чиқиб кетиши режалаштирилган. Аниқлик киритилишича, Рафаҳ чегара пунктида АҚШ паспортига эга 400 нафар фуқаро, шунингдек, Швейцария, Италия, Греция, Нидерландия, Белгия, Венгрия, Хорватия, Мексика, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар фуқаролари чиқишни кутмоқда. Фаластин томонининг рўйхатида 2 ноябр куни ҳудудни тарк этадиган Германия фуқаролари йўқ.
Dpa агентлиги маълумотларига кўра, 1 ноябр куни Ғазо секторини тарк этиш имконияти Қатар, Исроил, АҚШ, Миср ва Ғазо секторида ҳокимият тепасида турган ҲАМАС ташкилоти ўртасида ҳам келишиб олинган. «Бу алоҳида келишув бўлиб, ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларга алоқаси йўқ», — дея ўз манбасидан иқтибос келтиради агентлик.
Хорижий фуқароларнинг Ғазо секторидан чиқиб кетиши
1 ноябр куни Рафаҳ ўтиш жойи 7 октябр кунги воқеалардан кейин илк бор хорижлик фуқаролар учун очилди. Миср Қизил Ярим Ой жамияти бўлимига кўра, шу куни Ғазо секторини тарк этган гуруҳ 285 кишидан иборат бўлди. Ўз навбатида, AFP агентлиги Миср ҳукумати вакилига таяниб, Ғазо секторидан жами 76 нафар яраланган фуқаро, шунингдек, 335 нафар хорижлик ва икки фуқароликка эга фаластинлик келганига аниқлик киритди.
Dpa агентлиги Германия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб ёзишича, 1 ноябр куни Ғазо секторини тарк этган хорижликлар орасида халқаро гуманитар ташкилотлар ходимлари бўлган Германия фуқаролари ҳам бор.
Ғазо секторида бўлган ва кетишни истамаган хорижликлар сони ҳақида маълумот йўқ.
Европа Иттифоқи гуманитар коридорлар яратишга чақиряпти
Европа Иттифоқи Ғазо секторидан Мисрга олиб борадиган Рафаҳ чегара пункти орқали бир қатор Европа Иттифоқи ва бошқа чет эл фуқаролари ҳамда яраланганларнинг эвакуация қилинишини олқишлади. «Мен Миср ҳукуматига чет эл фуқаролари, халқаро ташкилотлар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, жумладан, Европа фуқаролари ўз мамлакатларига хавфсиз киришига ёрдам бериш бўйича кўрсатаётган саъй-ҳаракатлари учун самимий миннатдорчилик билдирмоқчиман», деди Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляейн 1 ноябр куни.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ҳам Мисрга «ярадорлар ва бошқаларнинг Ғазо секторини тартибли равишда тарк этишига қаратилган инсонпарварлик саъй-ҳаракатлари ҳамда АҚШ ва Қатарга ушбу гуманитар келишувга воситачилик қилгани учун» миннатдорчилик билдирди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари гуманитар коридорларни яратишга ва «тезкор эҳтиёжларни қондириш учун танаффуслар»га чақирди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 8,7 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
15:34 / 18.11.2024
Миср Ўзбекистонда қурилаётган кимё кластери лойиҳасида иштирок этмоқчи
09:46 / 12.11.2024
АДЛ ва ИҲТ Исроилни Ғазодан чиқиб кетишга чақирди
19:17 / 11.11.2024
Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги можарога тез фурсатда ечим топилиши муҳимлигини таъкидлади
14:13 / 08.11.2024