Ўзбекистон | 19:26 / 02.11.2023
14088
6 дақиқада ўқилади

Бир давлат банкининг биносини бошқа бир давлат банки сотиб олди

Микрокредитбанк Тошкент марказидаги Алоқабанк ва Рақамлаштириш вазирлиги биноларини сотиб олди. Битимларнинг умумий нархи – 387 млрд сўм. Эксперт рентабеллиги ўта паст бўлган банкнинг бир неча юз миллиардга бино сотиб олаётганини танқид қилди.

Фото: e-auksion.uz

Тошкент шаҳри Миробод тумани Амир Темур шоҳкўчаси 4-уй манзилида (Амир Темур хиёбони олдида) жойлашган Рақамли технологиялар вазирлиги ва Алоқабанк бинолари сотилган. Тегишли олди-сотди шартномалари давлат харидлари порталига жойлаштирилган. Ҳар иккала кўчмас мулк объектининг харидори – Микрокредитбанк.

Алоқабанк бош офиси биноси 317,15 млрд сўмга сотилган. Келишилган пул миқдорининг 35 фоизи – 111 млрд сўм 30 календар кунида тўланиши керак. Қолган 206,15 млрд сўмни эса 2024 йилнинг октябр-ноябр ойларигача бўлиб-бўлиб тўлаш кўзда тутилган.

Рақамли технологиялар вазирлиги биноси 69,85 млрд сўмга харид қилинган. Шартнома баҳосининг 35 фоизи – 24,45 млрд сўм битим кучга кирган кундан кейин 1 ой муддатда, қолган 45,41 млрд сўмни эса 2024 йилнинг ноябр ойигача тўлаш керак.

Ҳар иккала олди-сотди шартномаси ҳам 2023 йил 11 октябр куни тузилган.

“Қандоқ қилиб бунга рухсат берилган?”

Иқтисодчи Отабек Бакиров Микрокредитбанкнинг рентабеллиги паст эканига урғу бериб, бир неча юз миллиардга бино сотиб олаётганини танқид қилди.

“Микрокредитбанк 0,7 фоизлик капитал рентабеллигига эга, яъни бу банкка давлатнинг тиккан 1 млрд пули 7 млн сўм бўлиб қайтади.

1 октябр ҳолатига юқори ликвидли активларнинг жами активлардаги улуши 7,1 фоизни ташкил этган (минимум 10 фоиз). Ликвидликни қоплаш меъёри доимий равишда бузиб келинади. Яъни агар Микрокредитбанк давлат банки бўлмаганида аллақачон лицензияси олиниб, ёпиб ташланиши керак бўларди.

Мен билмайман, қандоқ қилиб, ўзи ҳатто тўловларни молиялаштиришга пули йўқ банкка бир неча юз миллиардга бино олишга рухсат берилган. Ким молиялаштиради бу битимни? Қайси манбалар ҳисобидан (бинони сотаётган банк қарз бериб турадими? Кенгаш аъзолари қаёққа қараган? Хабари борми? Марказий банк рухсат берганми шу битимга? Қайси асосларда? Бу битим омонатчи ва кредиторлар манфаатларига реал хавф туғдиради-ку”, дея ёзди Отабек Бакиров.

Салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат банкларини хусусийлаштириш ва трансформация қилишга масъул ташкилот ҳисобланади. Kun.uz мухбири 1 ноябр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазирлик расмийларига “Бюджет интизомини кучайтириш, харажатларни муофиқлаштириш бўйича давлат раҳбари томонидан алоҳида топшириқ берилган пайтда, нима учун бир давлат банки бошқа бир давлат банкининг мулкини сатиб олмоқда?” деган савол билан юзланди.

“Агар банкнинг ликвидлиги, молиявий ҳолатининг ёмонлашишига олиб келадиган ишлар бўлса, ҳар битта банк кесимида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Экспертлар, халқаро консултантлар ва Марказий банк билан ҳамкорликда бу ишларни амалга оширамиз, маълумот алмашиб, чора-тадбирларимизни мувофиқлаштириб борамиз.

Сиз юқорида айтиб ўтганга ўхшаш операциялар молиявий ҳолат ва актив операцияларни амалга ошириш имкониятига салбий таъсир қилади, бу масала чуқур ўрганиб борилади. Бундай транзакциялар амалга оширилганидан кейин даврий равишда уларнинг сабаби ва юзага келаётган салбий оқибатларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Аниқроқ жавоб берадиган бўлсам, кейинги йилдан хорижий консалтинг фирмаларини жалб қилган ҳолда биноларни яхши инвесторларга сотиш ва шу орқали банкларнинг молиявий ҳолатини, айниқса ликвидлигини яхшилаш бўйича ўзимизнинг режамизни тузиб олганмиз”, – деди иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев бюджет интизомини кучайтириш кераклигига алоҳида урғу берганди. Давлат раҳбари бюджет маблағлари ҳисобидан тўғридан тўғри шартномалар тузишга йўл қўймаслик, очиқ-ошкора танлов ва тендерлар ўтказиш амалиётини кенгайтириш кераклигини айтганди.

Биноларнинг шубҳали хусусийлаштирилиш тарихи

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Рақамли технологиялар вазирлиги ва Алоқабанк бинолари кимошди савдосига ўтган йили қўйилганди. Жорий йилнинг 4 апрел куни E-auksion савдо платформасида бўлиб ўтган савдоларда Алоқабанк бош офиси биноси 10 дақиқа 44 сонияда 317,14 млрд сўмга сотилган, бу – лотнинг бошланғич баҳосидан (302 млрд сўм) 5 фоизга кўп. Ғолиб бўлган таклиф “Black Gold Industry News” томонидан билдирилганди.

Орадан 9 сония ўтиб, ушбу компания Рақамлаштириш вазирлиги биносини сотиб олиш учун ўтказилган иккинчи кимошди савдосида ҳам ғолиб чиқади. Бу кўрсаткич ҳам дастлабкисидан 5 фоизга ошиб, 69,85 млрд сўмни ташкил этган. Мазкур лот 66,5 млрд сўмлик бошланғич нарх билан аукционга чиқарилганди.

Эътиборлиси, 3 апрел куни – кимошди савдосидан бир кун аввал Алоқабанк ушбу компанияга 15 йил муддатга, 14 фоиз ставкада 390 млрд сўм кредит ажратган. 390 млрд сўм – банк активларининг 20,4 фоизини ташкил этади.

390 млрд сўм кредит олган компанияга иккита бино хариди 387 млрд сўмга тушган. Компанияга ажратилган кредит ставкаси – 14 фоиз бозор нархидан анча арзон.

Жамоатчилик эътирозларидан сўнг, май ойи бошида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов мазкур битим бекор этилганини маълум қилганди.

Мавзуга оид