Жаҳон | 09:20 / 02.11.2023
6348
2 дақиқада ўқилади

Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 8 минг 796 кишига етди

Уларнинг 3648 нафари болалар, 2290 нафари аёллардир.

Фото: AP

26 кундан бери Исроилнинг шиддатли бомбардимон қилиши остида бўлган Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 271 нафарга ортиб, 8796 нафарга етди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ашраф ал-Қудра Шифо касалхонаси олдида уюштирилган матбуот анжуманида давом этаётган Исроил ҳужумлари ҳақида гапирди.

Қудра Исроилнинг Ғазода 7 октябрдан бери уюштирган ҳужумларида қурбон бўлганлар сонининг 8796 нафарга етганини айтди. Уларнинг 3648 нафари болалар, 2290 нафари аёллардир. Унинг сўзларига кўра, ярадорлар сони - 22 минг 219 киши, Ғазо секторини интенсив бомбардимон қилиш давом этмоқда, ҳужумлар бошланганидан бери 2 минг 30 киши вайроналар остида қолиб кетган. 

Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳужумларида 132 тиббиёт ходими ҳалок бўлган ва ҳужумда нишонга олинган 25 тез ёрдам машинаси яроқсиз ҳолга келган. 

Исроилнинг 58 тиббиёт муассасасини атайлаб нишонга олганига диққат қаратган Қудра, 16 касалхона ва 32 бирламчи соғлиқни сақлаш марказининг ҳужумлар ва ёнилғи тугаши туфайли ишламай қолгани ҳақидаги маълумот билан ўртоқлашди. 

Расмий Ғазодаги Шифо ва Индонезия касалхоналари ёнилғи етишмаслиги сабабли яқин соатларда фаолиятини тўхтатиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. 

Қудра дўст давлатлар ва халқаро ташкилотларни вазиятга шошилинч равишда аралашиб, Ғазо касалхоналарини ёнилғи билан таъминлашга чақирди. Акс ҳолда, Шифо ва Индонезия шифохоналарининг асосий генераторлари ишламай қолади. 

Қудра Мисрнинг кўп сонли ярадорларни давлатдаги касалхоналарга ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади. 

Вазирлик вакилининг қўшимча қилишича, аҳволи оғир бўлган ярадорлар ҳам олиб кетилиши керак. 

Мавзуга оид