Ўзбекистон | 20:48 / 02.11.2023
8824
2 дақиқада ўқилади

Жиззах аккумулятор заводининг қримлик тадбиркорга товон тўлаш мажбурияти қайта кўриб чиқилади

Жиззах аккумулятор заводи Россияда интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузганликда айбдор деб топилиб, 257 миллион рубл (33,7 миллиард сўм) жаримага тортилганди. Кассация инстанция суди заводдан қримлик тадбиркор фойдасига компенсация ундириш ҳақидаги суд қарорини бекор қилди.

Фото: Жиззах аккумулятор заводи

2023 йилнинг 3 апрел куни Қрим арбитраж суди Жиззах аккумулятор заводини Россияда интеллектуал мулк ҳуқуқини бузганликда айблаб, даъвогар фойдасига 257,3 млн рубл (33,7 миллиард сўм) товон пули ундириш ҳақида қарор қабул қилганди.

Завод бир неча йилдан бери Россияга “KUCH” бренди остидаги аккумуляторларни экспорт қилиб келади. Қримлик тадбиркор Артем Палийчук судга мурожаат қилиб, “Жиззах аккумулятор заводи” АЖ ва Ростовда фаолият юритувчи “ARS Motors”” МЧЖ унга тегишли “KUCH” савдо белгисидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келаётганини иддаоси билан судга ариза билан чиқади. Қрим арбитраж суди даъво аризасини қаноатлантиради.

Жиззах аккумулятор заводи қарордан норози бўлиб, юқори инстанция судига апелляция шикояти киритади. Компания Ўзбекистонда рўйхатдан ўтгани ва Россия қонунчилигидан келиб чиқиб жаримага тортилишини ноқонуний ҳаракат сифатида баҳолайди. Апелляция суди ҳам қарорни ўзгартирмайди. Шундан сўнг, завод юқори инстанция судига мурожаат қилади.

Кассация инстанция суди Жиззах аккумулятор заводи фойдасига қарор чиқариб, интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилгани юзасидан белгиланган товон пулини бекор қилди. Суд даъвогар томонидан сунъий равишда юрисдикция яратилган деган позицияни қўллаб-қувватлаган.

Кассация инстанцияси суди қуйи судлар даъвогар томонидан келтирилган интеллектуал мулк ҳуқуқини суиистеъмол қилиш ҳақидаги далилларни етарлича текширмаганини қайд этган.

Kun.uz аввалроқ ёзганидек, завод 2022 йилда 8,1 млрд сўм соф фойда кўрган. Бу Россия арбитраж суди томонидан белгиланган жарима миқдоридан 4 баробарга камроқ.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид