Ўзбекистон | 19:31 / 02.11.2023
13587
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда Француз алянси очилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэл Макрон Француз алянсининг Самарқанд шаҳридаги филиалига ташриф буюрди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Француз тили ва маданиятини тарғиб қилишга кўмаклашувчи ушбу ноҳукумат нотижорат ташкилот 1883 йилда Париж шаҳрида Жюл Верн ва Луи Пастер каби ўз даврининг атоқли шахслари ташаббуси билан тузилган. Бугунги кунда Француз алянсининг 800 дан зиёд филиали дунёнинг 137 та мамлакатида фаолият юритмоқда.

Алянснинг мамлакатимиздаги биринчи филиали 2015 йилда Тошкентда очилган эди. Маданият ва тил соҳасидаги икки томонлама алмашинувларни янада кенгайтириш мақсадида яқинда Самарқанд шаҳрида яна бир филиал ташкил этилди.

Ташриф чоғида давлат раҳбарлари тасмани тантанали равишда кесдилар ва марказни очиб беришди.

Президентлар замонавий жиҳозланган марказнинг имкониятлари билан танишди. Бу ерда француз тили ва адабиёти бўйича ўқув курслари ташкил этилади. Марказ 200 нафаргача француз маданиятига қизиқувчиларни қабул қила олади.

Алянснинг Самарқанддаги фаолияти халқларимизни янада яқинлаштириш, ўзаро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

 

Мавзуга оид