Жамият | 12:28 / 03.11.2023
75529
8 дақиқада ўқилади

Автомобилдан “ҳимояланган” шаҳар: Пекинда ҳаво тозалигини сақлаш ва тирбандликлар масаласи қандай ечилган?

Пойтахт Тошкентда “аномал” тирбандликлар-у, ҳавонинг юқори даражали ифлосланиши тобора авжига чиқмоқда. Бунинг сабабларини ўрганиш ва муаммоларни бартараф этишда дунёнинг “яшил” шаҳарларидан ўрнак олиш энг тўғри йўл. 22 млн аҳолисининг 88 фоизи яшил майдонли ҳудудлардан атиги 500 метргина радиусда яшаётган Пекин тажрибаси бунда бизга қўл келиши мумкин.

Рақам олиш автомобил олишдан-да қийинроқ

Пекинда автомобилларга давлат рақамларини олиш жараёни мураккаб қилиб қўйилган. Давлат рақамини олиш эса автомобил сотиб олишдан қийинроқ. Яъни рақамни сотиб олиш учун лотереяда иштирок этиш ёки йиллар давомида кутишга тўғри келади. Ёки аукционда қатнашиб, 100 минг юан ва ундан юқори (13,8 минг доллар) тўловни амалга ошириш керак. Аммо бунинг учун ҳам талаблар бор: Пекинда сўнгги беш йил давомида яшаш, солиқ тўлаш, ижтимоий суғуртага эга бўлиш ва ҳоказо. Компаниялар учун талаблар янада юқорироқ.

Ҳаво ифлосланганда автомобиллар учун чекловлар

Ҳаво ифлосланиши ўта юқори бўлган кунларда транспорт ҳаракати учун талаблар кучайтирилиб, шахсий автомобилдан ҳафтада тўрт кунгача фойдаланиш мумкин бўлган қоида жорий этилган. Пекинни қора тутун қоплаганида, шахсий транспортдан фойдаланиш қоидалари янада кучайтирилади: тоқ рақамли кунларда давлат рақами тоқ рақамлар билан бошланадиган транспорт, жуфт рақамли кунларда давлат рақами жуфт рақамлар билан бошланадиган транспорт ҳаракатига рухсат берилади. Давлат автомобилларининг 30 фоизга яқини гаражда қолади. Бунинг натижасида, тахминан 2 миллион аҳоли ҳаво ифлосланган кунларда жамоат транспортидан фойдаланади.

Қурилиш компаниялари учун тозаликни сақлаш бўйича қатъий қоидалар жорий этилган. Хусусан, юк машиналари олдин тозаланмасдан туриб, қурилиш майдонларидан шаҳар кўчаларига чиқиб кетиши қатъиян ман этилади.

Ечимлардан бири – жамоат транспорти

Пекиндаги юқори тирбандлик саёҳат вақтини оширади, меҳнат унумдорлигини пасайтиради ва пул йўқотишларга олиб келади. Ҳисоб-китобларига кўра, Пекин ҳар йили бундан 100 млрд юанга яқин бевосита ва билвосита иқтисодий йўқотишларга дуч келмоқда. Бу кўрсаткичлар Хитой пойтахти ЯҲМнинг (2023 йил бошида – 550 млрд доллардан ортиқ) қарийб 5 фоизини ташкил этади.

Бугунги кунда Хитой пойтахтида 25 мингдан ортиқ автобус турли йўналишларда қатнайди. Хитой Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда жамоат транспортининг йўловчи ташиш умумий ҳажмидаги ҳиссаси атиги 30 фоиз (ривожланган мамлакатларда – 60 фоизга яқин). Шу сабабли Хитой ҳукумати жамоат транспортининг қулай, тез, ишончли, қатнов жадвалига амал қилувчи, хавфсиз ва арзон бўлишига ҳаракат қилмоқда.

Масалан, Пекиндаги 500 дан ортиқ автобус йўналишларида катта ёшли йўловчилар учун 60 фоиз, мактаб ўқувчилари учун 80 фоиз чегирма мавжуд. Автобуслар ва тез ёрдам машиналари куннинг маълум вақтларида ҳаракатланиши учун алоҳида йўлаклар ажратилган (асосан, эрталаб ва кечқурунги пайтларда). Ушбу йўлакларда бошқа автомобилларни ҳайдаш учун катта жарималар бор, такроран содир этилган тақдирда, жарима миқдори икки баравар оширилади.

Бундан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб кун давомида йўлларда режали таъмирлаш ишларини олиб бориш тақиқланади (айрим ҳолатлар бундан мустасно, айниқса, шошилинч ишларни бажариш керак бўлса).

Қулай ва “ақлли” йўл инфратузилмаси

Шаҳар маъмурияти биринчи навбатда, йўл инфратузилмаси, юқори сифатли йўл қопламалари, аниқ ажратувчи чизиқлар, йўл белгилари ва бошқалар сифатини кенг миқёсда яхшилашга алоҳида эътибор қаратмоқда. 6 та Пекин ҳалқа йўлларида максимал тезлик чегараси 60 дан 100 км/соатгача. Қулай бурилиш йўлаклари, йўл ўтказгичлар туфайли (светофорлар йўқлигида) транспорт тизимининг имкониятлари сезиларли даражада ошиб, тирбандлик миқдорини камайтиришга ёрдам бермоқда.

Шунингдек, пойтахтдаги деярли барча йўлларда қоидабузарликларни қайд этувчи видеокамералар ўрнатилган. Видеокузатув тизими 2005 йилда бошланган Skynet давлат дастурининг бир қисмидир. 2023 йил бошида видеокузатув камералари сони 46 мингтани ташкил этди. Хитой пойтахти “Ақлли шаҳар” глобал рейтингида учинчи ўринни эгаллади.

Бундан ташқари, асосий йирик объектларга (аэропортлар, вокзаллар) олиб борувчи пулли, кўп полосали йўл ўтказгичлар (рухсат этилган тезлик - 120 км/соатгача) қурилди. Масалан, Пекин марказидан Шоуду аэропортигача бўлган масофа 30 км, Дасин аэропортигача 60 км.

Тавсия ва имкониятлар эвазига ечимлар

Уларга қуйидагиларни мисол қилиш мумкин:

1.   2013 йилдан бошлаб оғир юк автомобилларининг пойтахтга киришига фақат тунги вақтда — соат 23:00 дан 6:00 гача рухсат этилади.

2.   Давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан иш кунининг бошланиши ва тугашига ўзгартиришлар киритилишини рағбатлантириш, тиғиз пайтларда тирбандликни камайтириш. Ушбу чора-тадбирлар пойтахтдаги шахсий автомобиллар паркининг 20 фоизини ҳар куни шаҳар кўчаларида ҳаракатланишини чеклаш, кунлик газ чиқиндиларини 10 фоизга камайтириш имконини беради.

3.   Таксиларни реал вақт режимида ҳаракат зичлигини кўрсатадиган ва ҳайдовчиларга маршрутни оптималлаштириш учун тавсиялар берувчи махсус навигация тизимлари билан жиҳозлаш.

4.   Йирик халқаро тадбирлар (конференциялар, форумлар, Олимпия ўйинлари ва бошқалар) вақтида давлат органлари автопаркининг 70 фоизидан фойдаланишни тақиқлаш.

5.   Велосипед ва мопедлардан фойдаланишни кенг жорий қилиш. Бунинг учун барча шароитлар яратилган: инфратузилмадан тортиб, онлайн тўловларни жорий этиш орқали хизматлар нархини арзонлаштиришгача.

6.   Авто ва пиёдалар ҳаракатини тезкор тартибга солиш учун асосий чорраҳаларга инспекторларни жойлаштириш.

7.   Нафақат ҳайдовчилар, балки пиёдаларнинг ҳам йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиши устидан полиция назоратини кучайтириш, ҳатто жарима солишгача.

“Яшил” жамият сари

Хитой электр транспорт воситалари учун энг йирик бозор бўлиб, 2023 йил биринчи ярмида электр транспорт воситалари глобал савдосининг 55 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келган – 3,4 миллион дона. Пекин маъмурияти 2023 йилда 100 минг дона давлат рақамини чиқаришга қарор қилган бўлса, шундан 70 мингтаси электромобиллар учун берилади. Бундан ташқари, электр ва гибрид транспорт воситалари учун “яшил” давлат рақамларини бепул олиш мумкин. Шу билан бирга, электробуслар ҳам фаол жорий этилмоқда. Пекин ва Хитойнинг яна 30 та шаҳри 2028 йилга бориб, жамоат транспортида 100 фоиз электробуслардан фойдаланишни режалаштирмоқда.

Пекинда ободонлаштириш жараёни “тажовузкор” олиб бориляпти. Масалан, 2023 йилнинг ўзида:

-        8 минг гектар ер майдони экологик реставрация қилиниб, 1 минг гектар майдонда ўрмонлар барпо этилади;

-        22 та истироҳат боғи ва шаҳар ўрмонлари, шунингдек, 50 та “чўнтак” боғлари ва кичик яшил майдонлар пайдо бўлади;

-        аҳоли зич яшайдиган массивларида 10 та янги боғ ташкил этиш режалаштирилган;

-        шаҳар яшил майдонлари майдони яна 200 гектарга кўпайиши кутилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2023 йилда Пекинда ўрмон қоплами 44,9 фоизга, кўкаламзорлаштириш даражаси эса 49,35 фоизга етади.

Мавзуга оид